“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 207 марта кўрилган.

Қаерда бўлсанг ҳам бир кун бораман!

Улвий БУНЁДЗОДА,

озар шоири

(1969–1990)

Улвий Юсуф ўғли Бунёдзода – 1969 йил 28 сентябда Озарбойжоннинг Гўйча туманидаги Кесемен қишлоғида туғилган. Ўрта таҳсилни Дашкесен шаҳрида олган. 12-13 ёшларидан бошлаб шеърлар, бадиий-публицистик мақолалар ёза бошлаган.

1987 йили Озарбойжон хорижий тиллар университетининг инглиз филологияси факультетига қабул қилинади. Шоир араб, форс, лотин ва ўзбек тилларидаги китобларни бемалол ўқиб тушуна олар, рус ва инглиз тилларини мукаммал биларди.

Улвий Бунёдзода 1990 йил 19 январь куни Бокуга кирган собиқ иттифоқ аскарлари билан жанг қилиш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлади.

 

Ватан учун ўлолсайдик!

 

Биз ўз умр йўлимизда

Такбирни билолсайдик.

Лайлининг юрагини

Мажнун каби севолсайдик.

Бэҳистунга биз ҳам байроқ,

Жонли-жонсиз диллар қуроқ.

Созимизда йиғлаб кўпроқ,

Биз ҳаётда кулолсайдик.

Урушларда тирнар ичин,

Эртагача етмас кучим.

Туғилгандик Ҳаёт учун,

Ватан учун ўлолсайдик.

 

 

* * *

Сени ҳафа қилдим, бу тилим қурсин,

Кечиргин, кечиргин, кечиргин мени.

Кечира олмасанг, агар севгилим,

Қарғагин ва эслаб қолгин эсингда.

Ўзим ҳам билмайман, менга не бўлди,

Ўзим ҳам билмайман баъзан ўзимни.

 

Балки бўйсунмайди асаб ўзимга,

Илтимос, эътибор қилма сўзимга.

Инсон ёзиғида севинч оз эмас,

Ҳаёт ҳам шодликдан иборат эмас.

Кўздан ёш тўкилса, артасан осон,

Юракдаги ёшни артиб ҳам бўлмас.

 

Ишқим денгиз бўлди, ўзим кўпикман,

Синдирдим тўлқинда қанотларимни.

Ўзинг айт, яшириб мен кимга бердим,

Кўнглимни қолдирган ҳаётларимни.

 

Баъзан бир севинчдан учаман кўкка,

Биласан сен ўзинг, қанотим сенсан.

Баъзан ўйламасдан сендан қочаман,

Қочиб бўлармикан, ҳаётим сенсан.

 

Менинг орзуларим сиғмас қолипга,

Сенинг қарашларинг жонимда қолди.

Бир масал тилимда тизилар ипга –

Ишқи кўр бўлганнинг кўзи ҳам кўрдир.

 

Сени ҳафа қилдим, бу тилим қурсин,

Кечиргин, кечиргин, кечиргин мени.

Кечира олмасанг, агар севгилим,

Қарғагин ва эслаб қолгин эсингда.

 

 

Нафосат

 

Бир қиз кўрдим гул дудоқли,

Ўрта бўйли, узун сочли.

Менга қараб кулди, қочди –

Бундай кулиш кўрмагандим.

 

Тоғ тошиндан бир гул, деди,

Қайда бўлсам бирга эди.

Қарасам ҳам титрайверди –

Бундай ўпич кўрмагандим.

 

Айланмишдим тамом кулга,

Сўнг йўл олдик бизнинг уйга.

Мени сўйди...кула-кула,

Бундай ўлиш кўрмагандим.

 

 

Лирик шеър

 

Кетдинг... Хаёлларинг тошга айланди

Ёп-ёруғ уфққа тушгандай оқшом

Қўзларим устига қўйиб қўлимни,

Неча бор йўлингга чиқиб қайтаман.

Бехабар қоламан баъзида ёниб,

Бори хаёлларим кетади сенга.

Соғинчим кўзимда ёшга айланиб,

Бир-бир оқиб тушди ёноқларимга.

Майли, кетавергин, йўқдир гумоним,

Бирда севинаман, бирда ёнаман.

Сен қандай қушсанки, тутолмаганим,

Қаерда бўлсанг ҳам бир кун бораман!

 

 

Севги мактубига жавоб

 

Ай паризод, умр узун, кун узун,

Сен боқасан йўлларга маҳзун-маҳзун.

Сендан Лайли, мендан чиқмайди Мажнун,

Соғинма, соғинма, мени соғинма.

 

Унутгин, қўй менинг севги хатимни,

Менинг йўлим наҳот... сенга боғлиқми?

Рус қизлари ўғирлади ақлимни,

Соғинма, соғинма, мени соғинма.

 

Етмас менга қўлларингни узатсанг,

Чақирсанг ҳам сасинг етмас, узоқсан.

Барибир сен пешонамда ёзиқсан,

Соғинма, соғинма, мени соғинма.

 

 

* * *

Юзимга боқасан хаёлинг қайда?

Ай, чечак ўрнига майса терган қиз,

Бунақа яшашдан кимга, не фойда,

Унинг ҳасратидан қайтмаган ёлғиз.

Шунча гўзалликлар кимларга қолди,

Сен кўнглим берганнинг бошқадир дарди,

Ҳар гўзал чечакка ўхшайди олдин,

Кейин хазонлардай сочилар қадри.

 

 

* * *

Худойим, минг шукр кароматингга,

Мақсадимга етдим. Қолмади камим.

Сен менга жон бердинг, юрдим ёдингда,

Сендан кўра хурсандман – йўқдир аламим.

Қалбимда қолмади бошқа бир дардим,

Чечаклар ичидан бир чечак тердим.

 

Озар тилидан Хосият РУСТАМ таржимаси