“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 34 марта кўрилган.

Жаҳонгир ИСМОИЛОВ. КЎНГЛИМДА БОРИНИ ШЕЪРДА БИТГАНМАН

БУ ТАКРОРДА ИЛОҲИЙЛИК БОР

Абдулла ОРИПОВ хотирасига

 

Ҳар доим ҳам англаб бўлмас, мураккаб ҳаёт,

Билолмайсан баъзан олдда кутмоқда нима.

Такрорланиб қолар баъзан қай бир ҳодисот,

Баъзан такрор юз беради қай бир кечинма.

 

Илгари ҳам азобини тортгансан, лекин –

Қайта бошга тушар нохос қай бир кўргулик.

Ёки кетган омад яна қайтиши мумкин,

Насиб этар гоҳ оёққа қайта тургулик.

 

Фикру талқин такрор эрур гоҳи тарғибда,

Манба турли, бироқ мазмун ўхшаш нақадар.

Бир кашфиёт қилингандир гоҳи мағрибда,

Машриқда ҳам кашф этилган ундан бехабар.

 

Англагайсан, теран фикр юритган вақти,

Қиёсласанг ҳаёт бошқа, бошқадир замон;

Бир аждоднинг қай бир феъли, ноёб хислати,

Қай бир авлод сийратида бўлар намоён.

 

Ҳайрат ортар Навоийни англаган сари,

Айтинг, устоз Абдуллага ким бермаган тан?!

Бу оламга бири келган беш юз йил нари,

Бири эса беш юз йилдан берида келган.

 

Сўз қудрати намоёндир иккисида ҳам,

Шоир зако, истеъдоди неларга қодир.

Назаримда, бу такрорда ҳикмат мужассам,

Ва ўртада Ҳақдан насиб боғликлик бордир.

 

Бу оламда кимга недир қолади мерос,

Гарчи турфа ёндашувлар, турфа қисматлар.

Авлодларга ўтсин закий аждодларга хос,

Истеъдод, пок ният, фақат яхши хислатлар.

 

ТАСКИН

 

Рақиб зарбасидан қолмасдим омон,

Кетмоқ мушкул эди ўзимни ўнглаб.

Куч, таскин тополдим бундан-да ёмон,

Бўлиши ҳам мумкин эканин ўйлаб.

 

Юрмадим ёқамни йиртиб, чекиб оҳ,

Борни қадр этмай, йўқнинг ғамин еб.

Рақиблар яйраган қоқилсам ногоҳ,

Мен шукр қилганман йиқилмадим, деб.

 

Гарчи, мағлуб эдим.

Қаддим этмай хам,

Шу ҳолда ҳам ўзни англадим ғолиб.

Боиси, ғаддорлар қоним ичса ҳам,

Ва лекин жонимни билмади олиб.

 

Таскин даво бўлган доим дардимга,

Кўнглимда борини шеърда битганман.

Зулмат оғушида қолган пайтимда,

Сабр, ишонч билан тонгни кутганман.

 

Ҳаётда учрайди турфа хил савдо,

Рост, олам кенгга – кенг, торга – торлиги.

Менга таскин берган бошимда само,

Оёғим остида ернинг борлиги.

 

Изтироб, зарбалар – юракда оғриқ,

Хаёлдан кечади ортга қарасам.

Букун бўлмасам-да мен кўпдан ортиқ,

Шукр, қилган эмас Оллоҳ кўпдан кам.

 

* * *

Оқибат, садоқат билан баъзида,

Хиёнат ораси билсанг, бир қадам.

Бир томонда турса поклик қасрида,

Бир ёнда жарликка юз тутар одам.

 

Кимда устун эрур ақлу ҳуш, сабот,

Ким ўйлар ҳозири, айш-ишратини.

Бири охиратин айлайди обод,

Бири куйдиради охиратини.

 

* * *

Бозорга кирса ким тўлиб чиқади,

Ёки олмаса ҳам кўриб чиқади.

Сирти харидоргир меванинг баъзан,

Мағзи пўк ё тамсиз бўлиб чиқади.

 

Яшаймиз, кимнингдир тегар ёрдами,

Қоламиз кимнингдир кунига яраб.

Ҳаётда ҳам доим кўрган одамни,

Билиб бўлмас экан сиртига қараб.

 

* * *

Ақлинг етмас турмуш аталмиш сирга,

Саволларинг бисёр, йўқдир жавоби.

Сени жуда қийнар жисмонан бирга,

Лекин руҳан бошқа яшаш азоби.

 

Бахтли яшаш учун билмоғи даркор,

Ҳар ким ўрни қайда, кимга нима фарз.

Йўқса, чора йўқдир, ўтган сари вақт,

Катталашиб борар ўртадаги дарз.