“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 44 марта кўрилган.

Ибройим ЮСУПОВ Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ шоири

Бунда ёдга тушар ёшлик йилларим...

ВИДОЛАШУВ

 

Тилевберган оға хотирасига

 

Кимдир деҳқон бўлиб, кимдир қўй боқиб,

Кимдир бошқа юмуш қилиб ўтади.

Махтумқули айтган карвон саройга

Ҳар ким навбат билан қўниб ўтади.

 

Шоирга хос ёниб яшадинг толмай,

Кимлар бу дунёда ўзинг айтгандай:

Мансаб-мартабани кўтара олмай

Кўнгли кибру ҳавога тўлиб ўтади.

 

Шунқордай парвозинг баланд олдириб,

Ҳар битта сўзига қулоқ солдириб,

Шоир шеърларини элга қолдириб,

Умри бир кун гулдай сўлиб кетади.

 

Замонга ярашмас энди ёлғонлар,

Элига номардлик қилганин англар,

Халқининг дилига йўл топа олганлар

Сиздай машҳур шоир бўлиб кетади.

 

 

ТОШҚИН БЎЛИБ ОҚИБ ЎТ

 

Замонинг бор, яйраб даврон сурмоққа,

Дарё бўлсанг, тошиб-тошиб оқиб ўт.

Елман десанг, шамолдай уч тўрт ёққа,

Булут бўлсанг, кўнгилларга ёғиб ўт.

 

Гулман десанг, хумор боқтир кўзларни,

Тилман десанг, маржондай тиз сўзларни,

Қон-қардошдан ўгирма ҳеч юзларни,

Гоҳ-гоҳида эшигини қоқиб ўт.

 

Ботир бўлсанг, арғумоқдай кўпик соч,

Шунқор бўлсанг, ёзгин самода қулоч,

Кенг феъл бўлиб эл-юртингга қучоқ оч,

Ҳаволанмай, сен мулойим боқиб ўт.

 

Вақт ғанимат, билгин олмосдан қиммат,

Унутма, бу гаплар эмас беҳикмат,

Эр йигитда бўлсин саховат, ҳиммат,

Тоғлар оша чақмоқ бўлиб чақиб ўт.

 

Ёшлик фасли ёзилмаган бир достон,

Доғ тушмасин унга, авайла, инсон,

Яшаш Яратгандан бизгадир эҳсон,

Тириклик бир марта берилар фақат.

 

 

САДИҚ ШОИРГА

 

Юрган – дарё дерлар, ўтирган – бўйра,

Юрган оёқларни йўллар ҳам суйган.

Кексалар чўмади хаёлу ўйга,

Зиндонга айланар чиқмасанг уйдан.

 

Ётганга не берар тўшак ва ёстиқ,

Мақсадсиз қаримоқ – умрга қасдлик,

Бахтиёр кексалик асли бу – ёшлик,

Ҳаётнинг шомида отган тонг дейман.

 

Булбул полапонин олиб ёнига,

Ўргатар сайрашни болажонига...

Доғ тушмасин дейсан шоир шаънига,

Қалбдаги садони гўё бонг дейман.

 

Ҳайронман баъзи бир қаламкашларга,

Чарчадим деб чиқмас, йўлни бошларга,

Сарбон бўлиб ўзинг кекса, ёшларга,

Жасорат нелигин кўрсатсанг дейман.

 

Кўзойнакни суймас ўткирдир кўзинг,

Қалбларни титратар қиличдай сўзинг,

Пахтада – Шомурод, қўшиқда ўзинг,

Зафарлар қучишни ўргатсанг дейман.

 

Олтмиш ёшдан ошиб кўнгил чертилса,

Қабатингда шогирдларинг етилса,

Аммо сендан парвоз талаб этилса,

Коинотни шонга буркасанг дейман.

 

Элга қайишганнинг қадди тоғ, дейди,

Ҳақ суйган банданинг кўнгли чоғ, дейди,

Чоллар мудом Сиздек юрсак соғ, дейди,

Мен ҳам Сизга ўхшаб қарисам, дейман.

 

 

БЕРДАҚНИНГ ДУТОРИ

 

Аслинг сенинг оғочдандир,

Сўйла дутор, сўйла дутор.

Фиғонлари ҳам армондир,

Дардинг баён айла дутор.

 

Улуғ шоир бўлган эганг,

Тинглаган эл-улус ноланг,

Булбул қўнган ҳар шому тонг,

Номинг достон элга дутор.

 

Қадим ўтмишга гувоҳсан,

Сайраганда нола-оҳсан,

Бердақ бобомга ҳамроҳсан,

Дардинг баён айла, дутор.

 

Аъло созим куйга бойсан,

Кўҳна дардларим қўзғайсан,

Инграниб мунча бўзлайсан,

Тилинг бўлса, сўйла дутор.

 

ТОШКЕНТНИ СОҒИНАМАН...

 

Тошкентни мен соғинаман кўрмасам,

Булбул куйин тинглаб боққа кирмасам,

Чинорларнинг соясида чой ичиб,

Дўстлар билан дилдан суҳбат қурмасам,

Мен Тошкентни соғинаман кўрмасам.

 

Бундан ўтар менинг барча йўлларим,

Баҳору ёз, майли, қиш ё куз вақти,

Бунда ёдга тушар ёшлик йилларим,

Менинг йигит вақтим, унинг қиз вақти...

 

Барча маҳаллада меҳмон бўлганман,

Шайхонтоҳур, Қўйлиқ, Эски Жўвасин...

Сабоқларин қўноғимга олганман,

Ғафур, Ойбек, Миртемирлар дуосин.

 

Зулфиянинг жўшқин сасли парисин,

Дилдан тинглаб мўъжизасин сезганмиз.

Абдулла Орифлар, Эркин Воҳидлар,

Қўлтиқлашиб доим бирга кезганмиз.

 

Баъзан ялинганмиз чойхоналарда:

«Ҳой, чой ташиб юрган иним, қароғим.

Чойингни беравер отахонларга,

Қуйгин бизга бир қултум ишқ шаробин»...

 

Мен Тошкентни соғинаман кўрмасам,

Ёзда Анҳор бўйларида юрмасам,

Андалибдек ўзбек шоирларидан,

Ғазал тинглаб, шеърлар ўқиб бермасам.

 

Йиғлаганман мен ҳам кентга куйиниб,

Кўриб зилзиладан бўлганин вайрон.

Қақнус янлиғ кулда қайта туғилиб,

Тикландинг, боқарман ҳуснингга ҳайрон.

 

Бош шаҳарнинг одамлари ўзгача,

Сўзидан ёғилар заковат – зиё.

Шоиридан то ўқувчи қизгача,

Шеър ўқишда мисли булбулигўё.

 

Туркий тиллар аро сара – ўзаги,

Илму ҳикматга бой, бебаҳо бу тил.

Ўзбекнинг ўзлиги, қалби – безаги,

Ўзбегимнинг ўзидай даҳо бу тил.

 

Навоий забони, Бобур соғинчи,

Оташнафас Машраб фарёди бу тил.

Бу тил Қодирийнинг армон, ўкинчи,

Сенга мушт ўқталди о, қанча қотил.

 

Ўтди камситишлар, хўрлик, аламлар,

Замон тузатди ўз хатоларини.

Қўйдик ёруғ келажакка қадамлар,

Ҳур давр яратди ўз даҳоларини.

 

Ҳар ким истак, майлига хос иш кўрар,

Мен омад тилайман ишларингизга.

Бир қиз турмуш қурса, қирқ қиз туш кўрар,

Эзгуликлар кирсин тушларингизга.

 

Нукусдан мен сизни қўмсаб келмасам,

Келиб, Ҳақнинг саломини бермасам,

Дўстлар билан ёруғ тонгни қаршилаб,

Мустақиллик майдонида юрмасам,

Мен Тошкентни соғинаман кўрмасам.

 

 

Қорақалпоқ тилидан Очил ТОҲИР таржимаси