“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 215 марта кўрилган.

Осмон бизга шунчалар яқин! (2018 йил 24 сон)

Осмон бизга шунчалар яқин!
 
* * *
Билсангиз, бўғзимгача ҳаяжон –
Мен йиғлаб айтмоқчи эдим бу Сўзни:
Бу мен, қайтиб келган сафардан,
Ўжар тийнати ранжитган Сизни…
Гуноҳкор эмасман фонийлигимдан.
Мен бошимни эгдим, очилармисан:
Ассалому алайкум, Яшил дарвоза!
Болалик эсингдами, болалик – Ватан…
Болаларин севади она Табиат.
Бул сирни англадим, ахир, англадим.
Ҳурлик улашган-ку руҳимизга,
Мен ҳам ҳурликда яшадим!
…Тонготар. Уйғонади одамлар
Бу – мен, қайтиб келган сафардан,
Ассалому алайкум, Яшил дарвоза!
Ассалому алайкум… Ватан!
 
* * *
О, қандай умиддир билсанг, азизам,
Кўнглимни тебратиб ёмғирлар ёғар.
Шамлар оқиб борар кўзим сатҳида
Бошдан аёғим – зар,
бошдан аёғим…
Руҳимдан гул ҳиди келади,
Хаёлимда гуллагандайман,
Бошдан аёғим гул, бошдан аёғим,
Хаёлимда ўлмагандайман.
Гуллар сенга ўхшар жуда ҳам,
Кипригингда каби баргларида нам.
Бу – менинг энг ёруғ умидим,
Бу – жаннат ҳавоси – ёмғирли олам.
Ёшлигимга ўхшар, ўн беш ёшимга,
Ёмғирли оламда боғу равоғим.
Руҳимдан гул ҳиди келади,
Бошдан аёғим гул, бошдан аёғим,
Бошдан аёғим гул, бошдан аёғим…
 
* * *
Дарёлар оқа бошлаган жойларига
яна қайтиб оққани қайтиб келадилар.
Екклезиаст.
Мени толиқтирди бу қўшиқ –
Чиғаноқлар марсияси…
Кўнглим сувларига ғарқ бўлди осмон.
Чўкиб кетди
Чўкиб кетди
Юлдузларнинг сирли жимлиги,
Қояларга севилмаган турналар армони,
Мангу ибодат синиқлари…
Қайтади дарёлар, дарёлиги шу!
Қайтади дунёлар, дунёлиги шу!
Одамлар эса қайтмагай!
Йўл тугаса ҳам кетаверар одамлар
Гувиллаб – гув-гув…,
О, ингроқлар қўшиғи!
Ёлғизлик қўшиғи!..
Мени толиқтирди бу қўшиқ –
Юракнинг йиғиси…
 
* * *
Ҳазрат ҲАЙЁМ,
Шаробга тўлибди кўзларимиз,
Майлими тўлдирсак пиёламизни?..
Ҳазрат ҲАЙЁМ,
Маст бўлдик, айтинг-чи, бу нима олам?
Маст бўлдик, айтинг-чи, биз қандай одам?
Ҳазрат ҲАЙЁМ,
Руҳимиз бемеҳр, совуқ очунда,
Шаробдек чайқалур вужуд ичинда,
Ҳазрат ҲАИЁМ,
Ҳамон ҳайронамиз бегоналикдан,
Қачон бегонамиз ҳайроналикдан?
Ҳазрат ҲАЙЁМ,
Тупроққа тўлибди кўзаларимиз,
Майлими синдирсак пиёламизни?..
 
* * *
Ёмғир ёғар,
Гўзалдир бари.
Тун қўйнида иккита шарпа…
Биз яна учрашдик, руҳни эзувчи
Айрилиқ тумани тарқаб,
Туннинг болалари иккимиз,
Муҳаббатнинг гуноҳкорлари.
Кўзлариигнинг тортиғи – жунун,
Жонинг сузар, кўзимга қара!
Ёмғир ёғар,
Тарқалиб кадар,
Тилларимиз савдойи оқин.
Телбадирмиз бу тун шу қадар,
Осмон бизга шунчалар яқин!
 
ТАХАЙЙУЛ
1.
Шу ҳур қизг кўзларини
Гўшанга қил, худойим!
Киприклари бўлсин раққоса,
Унда кўнглим эркаласин кўнглини…
Шу ҳур қизнинг кўзларини
Аланга қил, худойим!
Киприклари бўлсин раққоса
Олов теграсида кўрай ўзимни,
Лоақал бир бора билай ўзимни…
 
2.
Сени сўроқладим
Атиргулнинг тушларидан.
Пайпаслаб кўрдим
Ўн беш кунлик ойнинг ёғдуларини.
Тингладим баҳорнинг нафасларини.
Воҳ!
Бунча тозасан!..
 
ҲАЖР ИЧИДА ХАЁЛ
Сен менинг бетакрор густоҳлигимсан,
Ҳақиқат деб топган гумроҳлигимсан.
Гоҳида бемисл шаккок тасаввур,
Бирда ҳаётсан-у, бирда ўлимсан.
Рўзи маҳшаримсан, қиёматимсан,
Ўзимнинг ўзимга маломатимсан.
Хунимга ташнасан, меҳри қаттиғим,
Ҳарчанд гиря этсам, ҳарчанд ўтинсам.
Руҳимни синдирган муҳтарам гуноҳ,
Нима фитна бўлдинг кўзимдан оққан.
Қандай гулханийсан, қандайин гулоҳ,
Ичимга муз қалаб совуқ ўт ёққан?!
 
ЁШЛИКНИНГ АДОҒИГА ЧИЗГИЛАР
Юрак айланиб кетган қанотга
Бир етим мусиқа оқар маст
Севги нафрат бўлиб қотган…
Чақирмас ортингдан кимингдир
Чақирса ҳам эшитилмас
Ютиб кетар айрилиқнинг сўнгсиз титроғи.
Кўнглингни бузади кимнингдир
“Бахтлимисиз?” деган сўроғи…
Ялангоёқ сўроқлар!
Аёвсиз топтайди туйғуларингни…
Кўклам боғларининг шовқини
Олислашиб борар, ортидан
эргашар нотавон илтижоларинг.
Умидсизлик зулмати ичра
Ўзлигинг рўёга айланар
Мазмунсизлик қилар тантана.
Қанчалик, қанчалик бешафқат жазо
Ёшликнинг адоғи…
 
* * *
Сочларинг ҳидини келтирган шамол
Дарахтларга суянди ҳолсиз
қучоқлади маҳкам
хўрсинди
тинди
бу тун ҳатто шамол ҳам
уй ҳам, дераза ҳам
дераза ёнида ўсган арча ҳам
нақадар
нақадар аччиқ истеҳзо
сенга, муҳаббатга, барчага!..
 
Фарҳод АРЗИЕВ