“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 38 марта кўрилган.

Сен кетдинг… бу боғлар хазонга ботди

Сен кетдинг… бу боғлар хазонга ботди
Дунёнинг
йўқ биздан
ҳамон парвоси,
Арзирми
дардимиз тўксак
қорларга…
Чорлаб турганида
осмон парвози –
Осилмак истасак
юксак дорларга.
Арзирми
баҳорда қайтган қушларга
Кўзлардан
ёшларни
лайсондай қуйсак.
Юсуф
таъбирини айтган
тушларга
Ишонсак,
бошларни
остонга қўйсак.
Моғор гўшаларга,
арзирми,
ҳабиб,
Ҳур шамол
сингари
ҳур-ҳурлаб борсак.
Адирин
таниган
турналар каби
Заминга тушмай
қур-қурлаб юборсак.
Қора булутларни
яшиндай ёриб
Чаманга тикилмоқ
фарз эмасми, айт.
Умидни
хунбор
кўз ёшинда қориб,
Ватанга
йиқилмоқ
арзимасми,
айт…
 
* * *
Жулдур булутлардан музтар бир тунда
Пичирлаб баддуо қилади коҳин.
Бузиб юбормоқни истар гардунда
У Ер билан Ойнинг никоҳин.
Булут чоклаб қўшиқ айтар Ой,
Қўлларида тилла жуволдиз:
«Ойқизга уволдир,
Тун ёмон чувалди.
Кўк кўксин яраси
Қон билан сувалди…»
Ер чуқур хўрсиниб қўйди-да, мовий
Бошидан қоп-қора рўёни қувди.
Унинг кўксидаги гулга самовий
Шабнамлар кўз ёшдек тўкилди дув-
дув…
 
* * *
Бу йўлда ўнг ҳам тор,
Сўл ҳам тор,
Ноўнғай кенгликка тузмоқ қасида.
Бу кеча шу қадар қуюқ,
кўламдор,
Тошиниб чиқади кўз соққасидан.
Мен – кўрман,
кўр тундан қораётирман,
Ёлғиз Тангрим билар мендан кечганин.
Дунёни пайпаслаб бораётирман –
Фарқлаб олмоқ учун Кундан Кечани…
 
* * *
Томошо шавқи бор эди ройимда
Ўн саккиз минг оламларингнинг.
Нечун ўрмалатиб қўйдинг пойимда
Чумолидан майда одамларингни.
Бу ўша – 
йўлидан ҳамиша озғон,
Деб мени осийга йўйдинг-ку доим.
Эрк десам…
бошимга бу шиша қозон –
Осмонни тўнтариб қўйдинг, Худойим…
 
* * *
Сайёҳ!
Энди мендан ранжима,
Гоҳ мағлуб,
гоҳ ғолиб келдим мен.
Сўрамайман
сендан ганжина,
Шу жойгача
олиб келдим мен.
Қолганига
омадинг берсин,
Бу сарҳаддан
ўтмасман зинҳор…
Ўзинг кетавергин,
жин урсин,
Ёлғоннинг ҳам…
чегараси бор…
 
* * *
Ҳисобсиз эмасдир
суви уммоннинг,
Юлдузлар
ҳисобсиз эмасдир,
болам.
Ҳисобда
ҳар қийлу қоли
замоннинг,
Ҳисобда ҳар шодлик,
ўкинч,
ғам-алам.
Борар манзилиму
ўтар кўпригим
Чизилган –
харита каби –
китобда.
Қай лаҳза узилар
қай бир кипригим –
Ҳисобда турибди,
ҳисобда…
 
* * *
Замин тўзон сочар.
Осмон – аланга…
Қизариб боқади
офтоб ҳам уфқдан.
Қудуқлар кўмилган…
Карвон таланган…
Шом тушар…
Бошланар афтода хуфтон…
Ёлғиз ўзи қолди.
Паноҳ – Худодан.
Омон қолганини
саодат билар.
Саҳрода
қибласин
йўқотган
одам
Дуч келган
томонга
ибодат қилар…
 
* * *
Кўзёшда буюк бир ҳикмат бор экан,
Тасалли бор экан дардда, йиғида,
Яна мен бу дарддан ёш тўкдим, бекам,
Куйдим кўзларингнинг қорачиғида.
Сен кетдинг… узилиб тушди томчи ёш,
Ҳаракат тўхтади. Ҳаёт тўхтади.
Ҳаттоки фалакда жовидон қуёш,
Энди қотиб қолган қора нуқтадир.
Денгизда ногаҳон тинди пўртана,
Боғларда шамоллар босилиб қолди.
Бандидан узилган япроқлар, ана,
Ҳавода муаллақ осилиб қолди.
Сен кетдинг… бу боғлар хазонга ботди,
Кезмакдан тўхтади – ой тортди хира.
Фалакда юлдузлар нуқтадай қотди,
Муздек қотиб қолди хотира…
Дунё тўхтаб қолди… Дунё – қизиқмас,
Барчасин тўхтатди битта ишорат.
Сен кетдинг… Бу умрим энди чизиқмас,
Қотган нуқталардан иборат…
 
* * *
Уммоннинг остида
ўсаётир тоғ,
Олисга чўзилган
силсилалари.
Ҳали вулқонлари уйқуда,
бироқ
Титраниб қўяди
зилзилалари.
Эшилиб рақсга тушар
сувўтлар,
Тоғ тинглар
гунг дунё
оҳангларини.
Чиғаноқ келтирар
садаф совутлар,
Чўчиб-чўчиб ҳидлар
наҳанглар уни.
Долғалар гоҳ кўкка
сапчир шодумон,
Гоҳ сокин мавжларга
айлангай яна.
Тоғни
силаб-силаб қўяди уммон –
Нима туғишини
билмаган она…
 
ДОРБОЗЛАР
Бирида лангарчўп,
Саёғи шердай.
Оёғи дордаю
боши осмонда.
Бирин боши дорда,
оёғи ерда,
Аёли долонда…
Моли талонда…
 
* * *
Олисдан бир шамол гувлаб эсмоқда,
Ўтмоқда бу боғнинг эмди ёзлари.
Кунма-кун чирмовуқ каби ўсмоқда
Юракда ғуссанинг имтиёзлари.
Меваси сочилиб ётган боғларга
Хазон диёридан келур дараклар.
Бундай андуҳларга, бундай доғларга
Қандайин кўниксин вазмин дарахтлар.
Дунёнинг вужуди борар қувраниб,
Сувин тортаётир жилға, сойлиқлар…
Жулдур камзулига ғамгин ўраниб
Фалакда ой йиғлар…
Кўкда ой йиғлар…
 
Усмон Қўчқор