“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 50 марта кўрилган.

Кел, савдога қўйма муҳаббатимни

Юлдузкеча чодирин йиғиб олади саҳар,
ёлғиз кампир нон ёпар
(ёлғизлик-чун ёпади).
Ҳар кун қўшни қиз сувмас, 
келтирар гўё заҳар,
унинг ғамгин нигоҳида...
ўғли суврат топади.
Ич-ичидан ўйлар тезроқ ўлишни,
қизга эса ўргатади шодон кулишни.
 
Сўз бошлар томоққа тиқилиб бардош:
“Болам, ғам тугамас, алам тугамас,
йиғласанг – дарёдир, 
қуримас кўз ёш.
Сен шунча қийналдинг, етар, бўлди, бас!
Оҳ, менинг ўрнимда қум бўларди тош.
Сен эрга чиққин-а, чиққин-а эрга,
менинг кўнглим тинчисин, кирайин ерга.”
 
Қизнинг кўзларидан оқар юлдузлар,
тилини тишлайди кампир бечора.
Сизлар нима дейсиз олифта қизлар,
Начора, начора... начора?!
 
Юлдузкеча чодирин йиғиб олади саҳар,
ёлғиз кампир нон ёпар қўшни болалар учун. 
Қўшни қизи тонг каби ундан олади хабар,
мен эса шеър ёзаман...
куйиб кетади ичим.
 
* * *
Савдогарлик жиним суймаган ҳунар,
бунда энг қадрли – 
қаппайган чўнтак. 
Юрагин ройига борган кишини
бозорда атарлар: 
савдойи, тентак!
Кел, савдога қўйма муҳаббатимни,
баҳосига етмас бутун ҳаётим.
Унутдим, 
чақага олмайсан уни,
қадр тилабман-а, 
йўқдир уётим.
Қуёш ботаяпти – 
боқаман дилхун,
“Куйгай” янграяпти дилни эзарга.
Эрта жон-жонимдан ортиқ суйганим
севгим олиб чиқар гавжум бозорга. 
О, бозор, 
шафқати ўлган нигоҳлар,
Ишқим шу дўзахга кўрдингми раво? 
Менинг муҳаббатим растадан тушир,
ҳаво етмаяпти,
шўрликка ҳаво! 
...Энди одамларга ошиқлик ётдир,
Ёлғон-ла 
кўзингни қамаштирасан.
Харидор топмасдан 
буюк севгимни
бир ҳовуч кепакка алмаштирасан.
 
СИЗ ЎҚИМАЙДИГАН ШЕЪР
Менинг ҳам кўзимга ёш келди лим-лим,
онам ҳам дилвайрон – 
тортолмайди тиғ. 
Энди балиқларни тозалайди ким,
уларнинг кўзлари...
о, эсингни йиғ!
Бу кўзлар...
бу кўзлар фақат кўчада
оч қолган болада бўлади. 
Заррача имони бўлган тўқ киши
бу кўзга бир боқса, ўлади!
– Балиқларнинг кўзи...
– Кўзини қўйинг,
қорнингиз очган-ку,
туширинг паққос.
Йиғлайман: 
– Сиз тўйинг, фақат сиз тўйинг!
Сен эса эй дилим,
дорларингга ос!
Шоирмиз, деймиз-у... жуда ожизмиз,
ҳеч иш қилолмаймиз кўнгил тўлгани.
Шу дамда бор шеърий санъатни қўйиб,
аламдан...
аламдан тўлиб ва тўйиб,
юракдан йиғлашни билсак бўлгани! 
 
ХОТИРА
Хотира чўғлари ловуллаганда –
сўнгги томчи қонин садақа қилган
совуқларда қотган гадо муҳаббат
бу чўққа қўлини тоблаб исинди.
 
Хотира чўғлари милтиллаганда –
видо нигоҳлари ғамгин термулиб,
менга соғинганинг айтиб берарди.
 
Хотира чўғлари буткул сўнганда –
менинг ул чўғларга исинганим ҳам
хотирага айланган эди.
 
* * *
Арзонга сотмайман туйғуларимни,
Қимматга ҳам асло сотмайман – аён.
Авайлаб яшайман қайғуларимни,
Сен мени тарк этиб кетгандан буён.
 
Тупроқ кўчалардан кетди севгимиз,
“Қол” деб айтолмадим, жовдираб кутдим.
Юзимга боқишиб қўйдилар ташхис,
Ичимни ҳаммадан пинҳона тутдим. 
 
Давраларга кириб, бўлардим бахши,
Қайтгач, остонада қаршиларда ғам.
Наҳот, қолганидан кетгани яхши
Дунёдан юраги минг ямоқ одам. 
 
Йўлга отланардим, асли ҳаётда
Армондан узунроқ йўл борми, қани? 
Маҳкумман, мен жимман, юрак фарёдда – 
Ролин ўйнаяпман сабрдийданинг. 
 
* * *
Уммонни қучди тўлқин,
Бепарвоман нега ман? 
Елканидан айрилиб,
Сархуш бўлган кемаман. 
Энди мени на шамол,
На бошқарар капитан. 
Юрагимнинг измидан
Бошқасини олмам тан. 
Тўлқинлар этгай хароб,
Манзилим – мангу тушдир. 
Заҳарханда ҳаётнинг
Кулгилари беҳушдир. 
...Елканидан айрилган
Сархуш кема елади. 
Манзил ҳақдаги қўшиқ
Бўғзигача тўлади.
Сирожиддин ИБРОҲИМ