“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 33 марта кўрилган.

Шамсиддин Кузачи шеърларидан намуналар

Шамсиддин Кузачи
 
Асли туркман миллатига мансуб турк шоири Шамсиддин Кузачи 1965 йилда Ироқнинг Керкук шаҳрида туғилган. Мосул дорулфунунини тамомлаган. ВЕКТОР Халқаро ташкилоти томонидан фахрий доктор унвони берилган.
 
Севмагандим, севдим ола кўзлини,
Тарк эта билмирам моҳтоб юзуни;
Кўнглума боғладим тотлиғ сўзуни,
Нечун билмаюрсан дардимни, жонон?
Ишқинг юрагимдан кетмагай, инон.
 
Бул севги куйини беизн чалдинг,
Дилимнинг тилагин туҳфага олдинг;
Мани унутарак ёдимда қолдинг,
Нечун ошиқлиғим кўрмассан, жонон?
Ишқинг юрагимдан кетмагай, инон.
 
Унутилма, умидимни айлама сароб,
Ман қурган бахтсарой бўлмасин хароб;
Симирдинг ашкимни мисоли шароб,
Нега бир сўрмайсан ҳолимни, жонон?
Ишқинг юрагимдан кетмагай, инон!
 
Туркман қизига
Эй қиз, санинг ишқинг кўнглими ўйди,
Дарду кадар бериб қийноққа қўйди;
Ичимда кечгани келинсиз тўйдир,
Ғурбат шаробини ман ёлғиз ичдим,
Энг юксак тоғлардан қанотсиз кечдим.
 
Эй қиз, исминг чоҳин қалбимда қаздим,
Мажнунга айланиб чўлларни кездим;
Ишқимиз ҳаққинда бир шеърлар ёздим,
Олгин, ширин жоним қурбондир, моҳтоб –
Бул жонни жон дема, у – ишқий китоб...
 
Юрт ишқи
Қайғу-ла юртимдан кетдим дарбадар,
Ғурбат йўлин тутдим – оҳ, қилдим гуноҳ...
Отамнинг тупроғин тўлдирди кадар;
Билмам, бу ғурбатдан бормикан паноҳ,
Тушунинг, мен ахир кетдим, қардошлар...
 
Хатлар ўқирман мен ашким оқаркан,
Ўгирдим сизлардан дардли бошимни.
Дардим баён этсам йўлга боқаркан –
Оташлар ўпдилар жонсиз лошимни...
 
Сени севарман
 
Инонма,
Гар сани севарам, десам.
Чунки қалбим ҳар ургани чоғ
Исмингнинг илк ҳарфин
Айлар тараннум.
 
Инонма,
Гар сани севарам, десам.
Чунки умрим чўкиб кетган
Исминг ичра жим.
 
Инонма, 
Гар сани севарам, десам.
Чунки дил устуни узилмиш
Бир-бир.
Севмоқ учун эса юрак керакдир.
 
Ман сани севарам...
Қийин, ўҳ, қийин...
Бир чора берсин-да
Энди Яратган.
Энди яшаш қийин...
Яшамоқ қийин...
Чунки сени севадурман мен.
Қисмат
 
Ҳар боқиши бир ўқдир,
Боқгил, бул ишқим чўғдир;
Мен боқарман, у боқар,
Орада ҳеч не йўқдир.
Бир боқ...
Кўзинг тиккин толе тошига,
Не бўлса қисматдир,
Не бўлса қисмат...
 
Еч баданни, бўш айла,
ўзингни сархуш айла;
Қўлингни қўлимга бер,
бироз кўнглим хуш айла.
Бир боқ...
Кўзинг тиккин толе тошига,
Не бўлса қисматдир,
Не бўлса қисмат...
 
Дўстлар, қийин қолмоғим,
Қисмат – ошиқ бўлмоғим...
 
Келтирдим
Профессор Ғазанфар Пошоевга
Кўркукнинг қалъасиндан,
Ўз туркман боласиндан,
Қирмизи лоласиндан
Муҳаббат келтирдим мен.
 
Озарбайжон сойиндан,
Ўғуз, Баёт жойиндан,
Дажла, Фрот сувиндан
Дод-фарёд келтирдим мен.
 
Фузулий нафасиндан,
Карбало ҳавасиндан,
Кузачининг сасиндан
Юз имдод келтирдим мен.
 
Кўркук, Табриз, Мароққа,
Яқинларга, йироққа,
Ватаним Қорабоққа
Бир авлод келтирдим мен.
 
Мен – бир ҳурмо дарахти
Нима қилсангиз қилинг,
Истасангиз,
Қаламимни синдиринг.
Қўлимни кесинг,
Ҳуллас, нима қилсангиз қилинг.
Фақат –
Тилимни жим қилинг!
 
Юрагимни доғланг,
Ақлимни олинг,
Бошимдан
Тегирмон тошин юргузинг.
Шунда ҳам янгидан
Ўсиб чиқаман,
Чунки мен
Миллатнинг ўсиши,
Бугуни ва эртанги куниман!
Мен бир хурмо дарахтиман!..
 
Севги
Истасанг
Йиғлат мени,
Истасанг
Кулдир...
Севгилим, мени фақат
Юртимда ўлдир.
 
 
Озарбайжон тилидан
ФАРАҲ таржималари