“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 34 марта кўрилган.

Дунё танга янглиғ икки юзлидир!

Қисмат — (Қисмат Рустамов) 1986 йил Озарбайжонда туғилган. Замонавий Озарбайжон адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири. Шоир, эссенавис ва таржимон. У. Б. Ейтс, А. С. Прюдом каби бир қанча жаҳон шеърияти намоёндаларининг шеърлари, адабий тадқиқотлари ва суҳбатларини таржима қилган. Ўзи ҳам модернизм ва экзистенсиализм оқимлари бўйича тадқиқотлар қилган. Айни пайтда sim-sim.az  адабий-маданий сайтининг бош муҳаррири. Бир қанча шеърий, эссе ва таржима китоблари чоп этилган.

ҚИСМАТ
ОЗАРБАЙЖОН
 
  Дунё танга янглиғ икки юзлидир!
 
Сахарга оз қолди.
Уялчанг субҳнинг қизарар ёноқлари.
Бордир унутилган баъзи нарсалар:
бир-илон каби судралган кўчалар,
икки-бир чақага ечинтирилган  кечалар...
Сахарга оз қолди.
 
Оқарар тонги замин.
Мен жавоб парчаларин отгум савол ўчоғига.
Кўзгудаги аксим сукут сақлар ўжарлик билан:
лабари ҳаракатсиз, бу — тунги пантомима!
Сукунат мудом бизнинг шууримиздан улкан!
Тонги замин оқарар.
 
Кулимсирайди қуёш.
Севикли қизингнинг фамилиясидек 
ўзгармишдир жуда кўп нарса...
Аста-аста турғунлашар қайғулар.
Аммо ҳамон кўчанинг сертитроқ фонуслари
Тақлид эта олар қуёшга фақат тун чоғи.
Кулимсирайди қуёш.
 
Дунё танга янглиғ икки юзлидир!
Сўзларимга қоришади қадимги қўлёзмалар:
баъзан кўҳна қасиданинг радифинда
сўндирарман сукунатимни,
баъзан эса нақллар-ла ўлдирурман бедорлигимни.
Дунё танга янглиғ икки юзлидир!
  
2016 
 
Қизим Дафнага бағишлов 
 
Ультратовушдаги тасвирларга боққанда
онанг билан қолгандик шошиб,
бир изоҳсиз севинч тўлганди дилга.
Бу сен сабаб, қизим,
зулмат чулғаган бу умримга басма-бас
бир нур чашмаси кўз очди кўксимда...
Кундан-кун улғайиб, ёритган
умрим пучмоқларин ёруғ этган нур. 
Сен туғилган кун
мен қайтдим ўзимга бумеранг каби,
дуоларнинг этагига осилдим
ва юзингдаги илоҳий чизгига боқиб
кўзларимдан ёшим оқди ювиб-юзимни.
 
Қизим, чиқаряпсан энди қўл-оёқ,
ҳали сузишни ҳам ўрганасан сен.
Ҳаволарни симирасан,
билгилки, жой топасан бу дунёда
фақат ўзинг-чун.
 
Аммо сен туғилган кун улғайдим мен ҳам,
шу қадар улғайдимки,
энди сенинг тасбеҳ донасидек кўзларинг каби.  
 
Таниш кўчаларда 
 
Аср пайти, соат бешлар атрофи,
ҳужжатсевар давлат идоралари
ёнидан ўтади шеърини қалтис
қуролдек яшириб  бир одам
ва бошлар соатига тез-тез қарашни;
девордаги соясига миёвлар мушук,
бўйинбоғин ечар
ва ўткинчи умидга эгадир бошин. 
 
Ўйлар ўта туриб
Ўз исмин ўзгартирган аёллар кўчасидан:
кўпдан бери ўтказилар ҳорғин кулгу ойлиги
ва чўзилди таъмагир бахт ҳафталиги. 
 
Энди унинг фикрича,
дўстларнинг ярмини олиб кетди 
йўқсиллик,
қолган ярмин эса кибр йўқ қилди.
 
Энди у билади,
фаслларга парво қилмас гул дўконлари.
Йўлларнинг узунлигин сигарет 
сони-ла ўлчар у одам,
эманзорлар ичра  
суҳбатлашар  бир дарахт ила.
 
 
Аср пайти, соат бешлар атрофи,
бир одам фасллар столидаги
тақвим япроқларин ғижимлаб
ота бошлайди.
Сал-пал таниш кўчаларнинг бирида
қўллари киссаларин
ва кўзлари кўзгуларнинг
торлигидан сиқилиб,
теккизганча бошин оқ булутларга,
пастга қарайди ва кулиб қўяди. 
 
Грамматика
 
Сукут сақларди у табассум ва
тараддуднинг оралиғида,
ёлғондан боқарди телефонига.
Изоҳсиз бир хат-ла ёзилган эди
Кўзларининг қараш услуби.
 
Вале кўп ўтмасдан,
сатрдан сатрга ўтарди дудоқлари,
сатрдан сатрга ўтарди нафаслари,
сатрдан сатрга ўтарди хона,
сатрдан сатрга ўтарди шаҳар,
сатрдан сатрга ўтарди олам... 
 
Вергул қўяр эди ҳар гал сочлари,
“ҳам” сўзин ёзарди қўллари унинг,
уялиб-уялиб сўрар эди у:
борми бир янгилик ҳафта ичинда?
 
Озарбайжон тилидан Мирзоҳид Музаффар таржимаси