“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 128 марта кўрилган.

Соғинчлардай эриб кетди Лайлакқор жим-жим...

СЎзлар Мусаввири

Барнобек Эшпўлатов... Бу номни мен «Мегаполис» номли шеърий китобни ўқиганимда таниганман, Муаллифга меҳрим тушган. Беихтиёр у дунё адабиётини кўп ўқиганлиги ва ўрганганлигини ҳис қилганман. Сўзнинг таъми-тотини яхши билгувчи, рангин образлар, оҳори тўкилмаган ташбеҳлар, кутилмаган шеърий кашфиётлар шоири, реалист ижодкор экан, дея ҳайратланганман.

Дарвоқе, унинг поэзияси «хос» шеърият. Уни ҳар қандай ўқувчи ҳам тушуниб қабул қила олмайди. Маълум шеър-хонгина унинг тагдор сўзларини, теран сатрларини, изтиробли дардини юрагига жо эта олади.

Шоир шеърларини ёзибоқ, республика матбуоти ёки китоб ҳолда чоп этишга ошиқмайди. Аксинча, бир неча йиллар ташлаб қўяди. Сўнг яна қўлга олиб, сўз устида, шеърий санъат бўйича ишлайди.

Мен шоирнинг «Қалдирғоч кошонаси» номли янги шеърий қўлёзмаси мутолаа-сида шунга амин бўлдим.

Қўлёзмадаги ҳар бир шеърнинг ёзилган ва ишланган йиллари, санаси айтиб турибди. У хитой, япон, рус классиклари ижодидан шеърий санъатни ўрганганлигини англадим. У Николай Гумилев, Эдуард Асадов, Николай Заболоцкий, Магнус Хендерсон сингари ва бошқа ўнлаб машҳур шоирлар ижодидан сирли образлар ва янги ташбеҳлар устида ишлашни ўрганган.

«Қалдирғоч кошонаси» — Қора денгиз бўйидаги қоя тошда барпо этилган, асрлар давомида мукамаллашиб келган муҳаббат кошонаси. Юнон мифологиясидан олинган. «Ласточкино гнездо» деб юритилади.

Шеъриятни санъат деб тушунган истеъдодли шоирнинг бир неча шеърларини севимли «Китоб дунёси» газетасига тавсия этарканман, шоирнинг янги тўплами нашр этилса, шеъриятимиз янада рангинлашади дея умид қиламан.

 

Турсун АЛИ

 

Барнобек ЭШПЎЛАТОВ

 

БОЛАЛИК КУЗАГИ

Чорбоғлару тўқайларда қушлар поклаб патларин,

олис манзил ҳақинда чулдираб кутгандай шомни,

соғинч қалқиб,

манзилларга кетгунг ўйлар изидан,

ўзингча топмоқ истаб Борлиқдан суюкли номни;

қамишзорлар оғушида ҳамон шағиллар Дарё,

алвонтож юлғунзорда найини йўқотган Шамол

хотира, кечмишлар сирли унут мулкидан дилга

муждаларин сўзлар,

атроф гўё тиниган Хаёл;

кўк ёғдуси мавжудот қалбига сингийди майин,

Сўнгсиз бир ойдинлик яралади Ҳаёт тафтидан;

илонлар қумларда кетиб борар хиромон, дилбар,

бургутлар дон тергуси бордек инсон кафтидан;

ў, қанийди,

зилол сувлардек сингсанг олам бағрига,

Балиқларга диёр бўлса Кўнглинг чулғаган унлар;

сўнгак шохга уя қурган хушҳол мусича каби

Мезон армонларин шивирлайсан Бинафша тунлар;

ортингга қайрилмай кеча бердинг даллича шошиб,

тошбақалар гумбазига қўшиқ битган қирлардан;

ташна кўзларингни узолмайсан,

бир сулув кун-ди,

неларнидир илғайдирсан уфқдек тўлғин сирлардан;

она елинларин қутқулайди Кийик боласи,

ҳадик туйган Қўчқорлари маърар бийдек саҳрода;

чағатларни чангитганча қайтар қўтонга сурув,

Қўнғироқлар оркестри янграр юпун дунёда;

унут бўлаёзган туйғуларни қўмсамиш Кўнгил,

илонизи сўқмоқлар аёзли,

тананг дийдирар,

навқирон битикдек жонланади тегрангда Осмон,

кеча-кундуз меҳр билан боқгувчи бедор бир дийда;

кулбангга қайтгинг келмас,

барибир, қайтасан ортга,

шувоқлар хушбўйи тўсмоқ истаб қайтар йўлингни;

сени севганлардан келган Соғинч мактуби бўлиб,

кечмишлар Муҳаббатга чулғайди ўнгу сўлингни;

қайтаркан, топгандексан излаганинг,

тўлғонар дилинг,

бир хиргойи тилга кўчар,

бари дил хотираси;

тўрвангдагидан Болакай чўпонга сўйиб берасан,

кўз ёшдай енгига томар Кечки қовун шираси.

 

"КУНДАЛИК" ВА "ТУНДАЛИК" ТУРКУМИДАН

 

* * *

Кечикиб очдим-да, афсус.

Дарчани қоққан

совқотган,

дарбадар Муҳаббат эди чамамда,

нима дейсан, Кўнглим?

 

* * *

Осуда умидлар юрти туюлган қалбдан

бир нималар излаб кўрди тун бўйи Шамол.

 

* * *

Умр деганими, ер юзи тенг ярми асли,

қолган ярмин сўраб борманг қабримдан, дўстлар.

* * *

Елканг узра қолиб кетган сирли бир тафтдан

соғинчлардай эриб кетди лайлакқор жим-жим.

 

* * *

Юлдузлари эриб битган осмон тонг палласида

бир думалаб Балхи тутга эврилди хуррам.

 

* * *

Бу йил энди соғинчларга уя қурди Қалдирғоч.

 

* * *

Менга-ку шафқат қилмассан,

биламан,

шоҳи ўзингга ҳамият қилсанг бўларди,

Кўнглим.

 

* * *

Вақт шартли бўлакларин эслатган соат ҳам энди

ҳали соқол қўймаган Қариядек юзи серажин.

 

* * *

Онагинам эринмай кўтариб келган тўрвадан

Болаларим туршак излар,

Мен-чи эртакларимни.

 

* * *

Гоҳида толе қуши қайлардандир келиб қўнгудек

бир тотли жимирлайди елкаларим

тонгда ўзича.

 

* * *

Йўқ,

бу жойлар

шунчаки бир жарликдай туюлмас энди,

тоғлар соғинчларидан чўкиб кетган кўксидир, балки?

 

* * *

Ҳадемай баҳор келадир,

қизалоқлар,

кутинг кечгача,

бир қоп Эртак тутиб келадирман

Кўлдан музларни ёриб.

 

* * *

Чорбоғда учаётган гўзал хазонлар саси

олис Қора денгиз тўлқинларин эслатди шомда.

 

* * *

Ҳаёт нима ўзи?

Мактаб,

Дорилфунунда думин тутқизмай,

жавобин умр бўйи излашга ундаган

Уйга вазифа, холос!