“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 249 марта кўрилган.

Кўнглим қолаяпти сизга, омонат!..

Жумагул СУВОНОВА

 

СИМФОНИЯ

(Людвиг Ван Бетховеннинг

видолашув симфониясига)

 

Тўққизинчи симфония... Ҳа,

Сўнгги нота,

Сўнгги битта сас.

Бетховен мусиқий тасодиф,

Афсус!..

Ҳаёт абадий эмас.

Ингранади илоҳий садо,

Югуради юракда борлиқ.

Тасаввур ва туйғулар аро,

Ҳаракатлар кетади оғриб.

Куй самога ўрлайди маҳзун,

Унутилар бунда бор неки.

Фарёд чекиб қаддин ростлару

Сўнг қулайди дунёнинг юки.

У яратди, кашф эта олди,

Энди шундай бир ҳудуд қани?

Ҳеч қандай куч тўхтата олмас,

Бетховендек, улкан нотани!..

Узун чизиқ ҳаволар кўкка,

Эрк, озодлик ва парвоз ёҳу!..

Тупроқ — йўқлик...

Вақт — чексизлик,

Шукронага ўргатади у.

Сукунатга ато этиб жон

Ва лабларни жуфтлаб лабларга.

Мусиқани этиб ошиён,

Садо бўлиб оқар қалбларга.

Гумбурлайди оҳанг оҳиста,

Самоларни забт этади тик

Ва замонлар оша ҳаётга

Қурилади мусиқий кўприк.

Тўққизинчи симфония... Ҳа!..

Сўнгги нота —

Сўнгсизлик аро...

Инсон руҳин кўкка кузатиб,

Яна йўлга ошиқар дунё.

Ҳаёт,

давом этади яна....

 

ЁЗ. ЭГЕЙ ДЕНГИЗИ

Кўм-кўк денгиз

Мафтункор денгиз,

Халоскорга ўхшаб ўтирар.

Соҳилига мўйсафид тоғлар,

Белбоғини тўшаб ўтирар.

Бутун шаҳар қирғоққа кўчиб,

Оёғини тийиб яшайди.

Либосини ечиб, эгнига

Шўр денгизни кийиб яшайди.

 

ДУНЁ

Оқшом уч ё

Тўртлар атрофи

Хаста дунё

Йўл тортар ҳориб.

Гоҳ йўловчи хархашаси-ю,

Гоҳ автобус рулини олиб.

Мармар денгиз

Жимирлар сокин,

Билмадим не

Хаёлга йўяр.

Мудраётган дунёни олиб

Бу қирғоққа ўтказиб қўяр.

Ортда қолар кема ҳам

Порт ҳам,

Дунё барин бекам кўради.

Сўнг тиз чўкиб, денгиз ишқини

Тоғлар билан баҳам кўради.

 

СОҒИНЧ

Шиша каби ялтирайди сув,

Ҳам кемалар борар шошилиб.

То шомгача ўтириш мумкин,

Кўк денгизни томоша қилиб.

Фақат суҳбат оралиғида,

Туғилади бир маҳзун савол.

Шу ҳолатда узоқ кулбангда

Эмаслигинг келади малол.

Хаёлингда айланар яна,

Ғужғон ўйлар қўзғолиб нотинч.

Фарзандларинг, оға-ининг ва

Тупроғингга туташган соғинч.

 

КЎНГЛИМ ҚОЛАЯПТИ

Кўнглим қолаяпти,

Сизга, омонат!..

Тупроққа қоришган, саҳрода куйган.

Эгнига эски бир ҳирқа ёпиниб,

Бошига эскириб кетган тож кийган.

Кўнглим қолаяпти ўтдек, оловдек,

Бошини қирноқли тошларда тилиб,

Болам деб тўкилган, юртим деб ёнган,

Содиқ кимсаларга садоқат қилиб.

Сиз уни токчага қўйинг китобдек,

Ўтганда варақлаб туринг ҳар замон.

Кўз ёши истаган ғамнинг дилини

Бахтнинг йўлларига боғласин осон.

Мендан яна нима қоларди сизга,

Умрингиз ёритиб, қалбингиз қучиб.

Қанча эркаламай, қанча севмайин,

Кўнглим сиз томонга кетмоқда учиб.

Дунёни ўзидек мастона билган,

Бағрига қирмизи йўлаклар солинг.

Кўнглим қолаяпти китобда маним,

Ҳар бир сатри сабоқ-

Кўнглимни олинг!

Кўнглим қолаяпти сизга, омонат!..

 

***

Бу тоғлар мен учун яшаётгандек,

Шаҳарлар, қишлоқлар, кўшку айвонлар.

Заррин чопонини шамолга тутиб,

Отда келаётган қайроқи тонглар.

Бу тупроқ менингсиз ҳечдайин гўё,

Бу осмон, бу сувлар, бу тошлар илло...

Чарчамай такрорлар машғулотини.

Бунда менинг билан туташган дунё.

Энди тўкилишга ҳаққим йўқ менинг,

Энди тинмоқликка асло ҳаққим йўқ!

Энди йиқилишга ҳаққим йўқ менинг,

Энди ўлмоқликка асло ҳаққим йўқ!..

Қуёшнинг зарёноқ саҳифалари,

Вақтнинг бармоғидан олганда бўса.

Атиргулнинг сирли ғунчаларида,

Кўзи очилмаган муҳаббат кулса.

Ариқча лабида бинафшабўй қиз —

Ялпизлар қиқирлаб чорлаганида.

Икки томонимда икки дунёнинг

Тоза тилаклари порлаганида.

Елкамга юклашса, сўз кулбасининг

Йўлагин супуриб, бўлишни фидо.

Ҳаққим борми менинг бошимни олиб,

Сенинг даргоҳингга кетишга Худо?!

Ҳаққим борми менинг ортга қайрилиб,

Етмиш икки бандим нурга тўлишга?

Ҳаққим борми менинг дунёдан кечиб,

Сенинг висолингга ошиқ бўлишга?!..

Ҳаққим борми,

Менинг?!..

Ҳақни талаган,

Дунё ройишига бермоққа сўзни.

Ҳаққим борми ахир Худо,

художон,

Фаррошликдан соқит қилмоққа ўзни?!.

 

КУРАШ

Боқмасам ҳам ғашимга тегар,

Ошхона жўмрагин чиқ-чиқи.

Унча оғир масала эмас,

Жиҳозлар, буюмлар зиқлиги.

Ахир қанча зиддиятлар бор,

Қадамда бор кўнгилхиралик.

Ё кимнингдир аҳволи абгор,

Ё кимнингдир бошлари эгик.

О-о-о! Қанийди, завқу ҳаяжон

Қувончидек дилларга тўлсам.

Яшаш учун курашаётган,

Инсонларга намуна бўлсам!

Курашчиман, йиқилсам ҳам гар,

Йўлин излаб бахт ва қувончнинг.

Оёққа қалқаман, қўлидан тутиб

Ичимдаги буюк ишончнинг!

Фикрим тортиб, ғашимга тегар,

Ҳансирайсиз йўлларда толиб.

Нималарга уринасиз сиз,

Яшамоқдек, буюк иш қолиб?!

 

СЕНСИЗ

Энди асло тошлар гулламас,
Энди кулиб келмайди баҳор.
Энди осмон йиғлайверади,
Энди дилга ёғаверар қор.

Энди узун тунлар ухламай
Бахт йўлида тентирамас туш.
Энди куяр то узлатгача
Садоқатни кўрмаган оғуш.

Энди япроқ япроқ эмасдир,
Қовжираган гул бутоқ эмас.
Энди ғариб хаёл кўксини,
Бузиб тоғлар садоси келмас.

Энди мовий осмон қўйнига
Бир бор, чақнаб чиқмагай қуёш.
Энди бардош бошин кўтармай
Болишига тўкаверар ёш.

Энди сенсиз мен ҳам йўқдирман,
Фолчиларнинг сўзлари ёлғон.
Яна минг йил ўтгач бу ишқнинг
Даргоҳига қайтишим гумон.

Миллион йил балким вужудим
Oғоч бўлар, ё бўлар тупроқ.
Ахир осон эмас ўлимнинг
Қучоғда қайта тирилмоқ.

 

***

Мендан фарқли япроқнинг ҳам,
Тупроқнинг ҳам тафти бор.
Қумрилар шод кукурлашар,
Қумурсқалар бахтиёр.
Кўрсичқонлар ернинг кўксин,
Тирмалайди бетиним.
Таассуротлар жонланади,
Ҳаёт мудраб боқар жим.
Миш-мишлардан толган шахднинг
Калаваси йитади.
Хаёлидан оппоқ тонгнинг
Шивирлари ўтади.
Қор бўралар кўчаларда,
Қиш, изғирин чопгунча.
Муҳаббат ҳам ўлим каби
Жуда боқий тушунча.
Мендан фарқли дунё тўзғиб,
Ҳаволарда учади.
Менинг эса вужудим муз,
Суронларни қучади.
Судралади сўқмоқларда
Ишқини шарҳ этиб ким?..
Беқарор ишқ, бемадор ишқ,
Менсиз кетиб борар жим...