“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 110 марта кўрилган.

Кезаман жимгина мен коинотни...

ОЙБЕК, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 

ХАСТАМЕН

Хастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб,
Ой менга ҳамқадам — сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.

 

Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур, менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам…

 

НАЪМАТАК

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида.

 

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун,
Сўнмайди юзида ёрқин табассум.

 

Яноқларни тутиб олтин бўса-чун,
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!
Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак…

 

Шамол инжуларни сепар чашмадак
Бошида бир сават оқ юлдуз — чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум!
Тоғлар ҳавосининг фирузасидан


Майин товланади бутун ниҳоли.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!

 

ОҚШОМ СЕЗГИСИ
Тоғларда илинди қуёш этаги,
Оғочлар узоқда бир тўплам кўлка.
Денгизда порлаган ғуруб чечаги —
Сувларнинг қўйнида қизил машъала,


Учиб бир гала қуш аллақайларга,
Йўқолди кўзимдан нуқталар каби.
Сукунат чўзилди жар ва сойларга,
Ҳар ёқда кундузнинг учди шўх дами,


Фақат онда-сонда юксалар секин,
Қрим қизларининг тунги қўшиғи.
Ёнаркан юлдузлар ҳам бирин-сирин
Оқади кўнглингга олтин туйғуси.

 ҚОРА ДЕНГИЗ БЎЙЛАРИДА
Тинчибгина ётолмайсан ётоғингда,
Денгиз, бунча ҳар он жўшиб чайқаласан?
Сўйла, қачон уринишдан сен толасан?
Тўлқинларинг тош кемирар қирғоғингда...

Сен зангори ва улуғсан осмон каби,
Бир асабий ғазабинг бор, юзинг титроқ,
Тоғлар бағрин савайдирсан шароқ-шароқ,
Бу исёнинг абадият аламими?


Сени севдим, сенга толдим, жўшқин денгиз!
Сенга боқсам унутаман гўзал ёрни.
Қайна, кўпир, кемирабер қояларни,
Жаҳаннамий чуқурликда кучинг чексиз...

 ЯЛТА КЕЧАСИ
Кумуш булутлар қучоғида ой
шўнғиб сузади.
Бурушиқ тоғлар, дала, қир ва сой
мудраб ётади.
Оғочликларда япроқлар куйи
тунни аллалар.
Юлдузлар тўкар оҳиста қуйи
олтин хандалар...
Уринмай мағрур ётоғини тинч
қучгандир денгиз,
Қалбимда ўйнар сўнгсиз бир севинч,
кезаркан ёлғиз...

 2
Ой кўкда бепарво тентирар яна,
Кумуш тун чексизлик қучоқлашганлар,
Тоғларда аллаким ёқди аланга,
Афсона девларнинг кўзидек ёнар.
Кўзимда белгисиз кўлканинг изи,
Севгим ҳам кўнгилда тип-тинч ухлайди,
Суюкли чечаклар, боғчалар қизи
Руҳимга нега нашъа тақмайди.
Хаёл кемасида сира чарчамай,
Кезаман жимгина мен коинотни...
Сен мени масхара қилма, гўзал ой!
Шоирлар севади шундай ҳаётни.

 * * *
Булутлар сочингга кўз ёшим каби
Томчилаб ўтдилар бинафшазорда,
Кўз ёшим аралаш юрагим ғами
Ёзилиб кетганди бир чоғ баҳорда.


Булутлар қалдираб кечди ўт чақиб,
Чўпон уйқусига томчилар томди.
Сочларинг ёмғирдан гавҳарлар тақиб,
Кулардинг, боқишлар менга илҳомди.


Ҳар баҳор сургайди бинафшазорга,
Гулларнинг кўзидан, нозик ҳидидан
Ёдимга тушади эски хотира.
Бинафша ярқирар кўз томчисидан...

 КУЗДА
Учар, ерни ўпар бир гала япроқ,
Ўқиб битиришди ёз достонини.
Оғочлар гавдаси ориқ ва титроқ,
Совуқ ер ўчирди яшил қонини.


Тўсатдан куз босди, булут ва ёмғир.
«Яланг оёқ» ёзнинг кўм-кўк яктаги
Жиққа ҳўл бўлди у, офтоб сари
Тутиб кўкрагини исинар базўр.


Учиб ер тишлайди бир гала япроқ…
Сасида қуёшнинг, баҳорнинг ёди.
Гўзалдир олтин куз сўлғин парвози,
Боғчаларда танҳо кезаман узоқ...

 * * *
Уфқлар қуроқ тутди.
Ранг-баранг булутлардан.
Юксак оғочлар учи
Қуёш сочлари билан
Секин ўйнайди...
Соф узоқлик,
Сўнгсизлик
Маъсум бола каби тинч,
Абадият қўйнида
Ётиб мудрайди...
Жимгина толаман...
Шу дамда
Кўнгил фалсафасига
Сажда қиламан.
Кўксимга сиғмайди —
Севги, севинч...

 

ҚИШ КЎРИНИШЛАРИ
Ҳар томонда қор,
Тортишиб чана
Болалар яна
«Қорбўрон» ўйнар.
Сўлғин бир кулиш
Отиб қочади
Баъзи вақт қуёш.
Бўрон, совуқ қиш
Борлиқ сочади.
Бир дардли қараш.
Кеч бўлса, жимжит...
Кўлкалар қоплар.
У ёқ-бу ёқда
Чироқлар ёнар,
Титрашиб милт-милт.
Борлиқ нашъасиз,
Муздек совуқ қор
Юзларга урар,
Бўронлар ўйнар,
Йўллар кимсасиз.
Кечалар жимжит,
Фақат узоқдан
Увлар дард билан
Бир боёқиш ит.