“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 122 марта кўрилган.

НУРИ ИРФОН ҚИЛ МУҲАББАТНИ!..

 

Мавлавий ЖУНУНИЙ — XIX аср девон адабиётининг мумтоз вакили, Шарқ ирфоний шеъриятининг ўлмас санъаткори, илоҳий ишқ куйчиси Мавлавий Жунуний ҳазраталари ҳижрий-қамарий 1216, милодий 1800 йилда Афғонистон мамлакатининг Қандаҳор вилоятида тасаввуф аҳли саййидларидан бўлмиш зиёли хонадонда туғилганлар.

Асл исмлари Саййид Насимхон Қаландаршоҳ ибн Шоҳ Соҳиб бўлиб, Мавлавий Жунуний деган унвон у зотнинг руҳоният оламидаги мартабаларига ишорадир ва шеъриятдаги тахаллусларидир. Баъзи асарларида Нодирий тахаллусини қўллаганлар.

Шоир болалик чоғларини оталари ҳузурида турли илмлар таҳсили билан ўтказиб, кейин Бухорои шарифда кўп йиллар таълим оладилар. Шу даврда маънавий камолотга эришиб, Мавлавий унвонига сазовор бўладилар.

Сўнг оталари билан бирга кўҳна Термиз, бугунги Сурхондарё вилоятининг Чағаниён, ҳозирги Денов шаҳрига кўчиб келиб, шу ерда муқим яшаб қоладилар. Оталари Деновда вафот этади. Шоир туркий-ўзбек тилидаги «Завқ ул-муҳиб» асарларини бугунги Ўзбекистоннинг жанубида — Денов шаҳрида таълиф қилганлар.

Ҳижрий-қамарий 1295, милодий 1877 йилда 77 ёшда дунёдан ўтадилар. У зотнинг файзли мақбаралари дил аҳлининг қутлуғ зиёратгоҳига айланган.

ОШИҚИ СОДИҚДИН ИШҚ ШАЙДО КЎНГУЛ АЙЛАР ТАЛАБ...

Эй ҳовуч тупроқ, бу ҳолингга таманно на керак?

Устухонтўда бўлурсан, бўйла ғавғо на керак?

 

Бир куни шаҳло кўзингни ул қабр мўрчаси ер,

Оина юзига ҳар лаҳза томошо на керак?

 

Аслинг ул қатра маний, санга манманлик нечун?

Келганинг пешоб йўлидур, кибру даъво на керак?

 

Лахта ул жийфа ўзинг, ҳусну жамолинг у сабаб,

Эшигинг туфроғу бўл-у, катта даъво на керак?

 

Лавҳи дилни ювгил ағёрдин, тутиб Ёр этагин,

Бас, Анинг ишқи вароғига муаммо на керак?

 

Ошиқи содиқдин ишқ шайдо кўнгул айлар талаб,

Дилни туғёну жаҳонга этма шайдо, на керак?

 

Бу ўлик кўнглингга бир лаҳза ҳаёт топғил, ахир,

Толиби дил бўлмасанг, азми Масиҳо на керак?

 

Зуд бу кун эрта ишин айлаки, фурсат ўтадур,

Эртага қўймоқ бу кунги ишни, эвоҳ, на керак?

 

Зид — фано бирлан бақо, чун сингил бўлмас никоҳ,

Гар бақо этсанг талаб, сенга бу дунё на керак?

 

Билки, Лоҳут оламинда бул Жунуний сайри бор,

Солико, сайрингга ул арши муъалло на керак!..

ҲАР ДИЛКИ РАВШАН ЎЛҒАЙ, БУ НУРИ МУҲАББАТДУР

Ҳар ҳосилеки бордур, зи шўри муҳаббатдур,

Кўнгилни сақлағилким, ул Тури1 муҳаббатдур.

 

Тунги зикр ила саҳар вақтиндаги надомат,

Завқ аҳлига бу вақти зуҳури муҳаббатдур.

 

Ошиқ келар йиғига, зору зор нола этгай,

Билғилки, вақти файзи ҳузури муҳаббатдур.

 

Гоҳ наъра тортгайу дил, гоҳ дарди дуд ичинда,

Кўнгилки шуъла ургай, танури муҳаббатдур.

 

Дўст васли завқи бирла ул барчадин беҳожат,

Ўзини фоний этмиш, ғурури муҳаббатдур.

 

Оинадил инсонлар кўнгилга берур сайқал,

Ҳар дилки равшан ўлғай, бу нури муҳаббатдур.

 

Ярим бисмил қуш каби гоҳида талпинур дил,

Қалбнинг қиёматида бир сури муҳаббатдур.

 

Айб ўлса ҳам, гоҳида мастона наъра қилгай,

Маъзур тутғилки они, ул кўри муҳаббатдур.

 

Жунунда бордур Онинг шўрлиғларининг ишқи,

Қолипдадур токи жон, бу шўри муҳаббатдур.


ҲАР ОШИҚ НОЛА БИРЛА ТОПҒУСИ НАВОЙИ ИШҚ

Бўлсин тану вужуду дилу жон фидойи ишқ,

Кўникдим дардга, зинҳор изламам давойи ишқ.

 

Аҳли дарддин нолаи дилсўз тинглагайман,

Чиқар кўнглим доғларидин садойи ишқ.

 

Кўнгил ишқ оташининг тануридур, шуълалиғ,

Икки кавн зулматида келмасин жудойи ишқ.

 

Юз Хусравий тож эрур, асириман кулоҳин,

Кулоҳни синдирибман, ки менман гадойи ишқ.

 

Булбул гул ғунчаси ишқида нола айлар,

Ҳар ошиқ нола бирла топғуси навойи ишқ.

 

Дўст юзининг оинадори бўлар, бегумон,

Ҳар дилки, топса ваҳдат йўлида сафойи ишқ.

 

Ҳар хохисор кимса гар қўйса бу доғни дилга,

Бўлғай, Жунун, Ҳашр аро ул зери ливойи2 ишқ.

 

АЗИЗЛАР СУҲБАТИДАН РУҲЛАРГА МАДАД ҚИЛИНГ...

Эй, мўъминлар, юзингиз ба сўйи Аҳад қилинг,

Бу кун кўп фикри хоби тўшайи лаҳад қилинг.

 

Эрта ажалнинг ўқи, ахир, етгайдур шитоб,

Ушбу дам ғаниматдур, фидойи Самад қилинг.

 

Шайтон ила нафс руҳнинг мулкини хароб этди,

Азизлар суҳбатидин руҳларга мадад қилинг!

 

Ювғувчи ўлик танни чала ювмасдан аввал,

Аллоҳ зикри сувидин танни пок жасад қилинг.

 

Эрта минглаб тугунлар ададдан ортиқ бўлур,

Бас, ушбу кун бандалик фикрин беадад қилинг.

 

Бандаларга яхшилик Аллоҳнинг амри бўлмиш,

Хулқи бад кимсаларга, демам: сўзни бад қилинг.

 

Майл айласа нафс агар маҳрумлиғу ғурурга,

Жунун дер: анга шайтон қиссасин санад қилинг!..

 

ОИНАДИР СОҲИБДИЛ...

Ошиқ агар кўнглимиз сари бир назар қилур,

Ўқ эрур ўшал нигоҳ, нишони жигар қилур.

 

Оинадир соҳибдил, ул юзма-юз бўлганда,

Жоми жаҳоннамодур, мақсадни хабар қилур.

 

Ул кимиё сари тез шитоб эт, ҳовуч тупроқ,

Бир нигоҳда ул ҳовуч тупроғингни зар қилур.

Тун қиёмат тонгининг жилвасига интизор,

«Оҳ» ўқи бирла гардун сийнасин сипар3 қилур.

 

Якдил бўлиб, якто Зот даргоҳига тутиб юз,

Икки эшикли фоний саройдин ҳазар қилур.

 

Гоҳи Мажнун водийси томон изтироб ила,

Муштоқ бўлиб, у дилсўз ноладин сафар қилур.

 

Кўнгилга шуъла урган пинҳон оташедур,

Меҳробни қонли кўз ёш ёмғиридин тар4 қилур.

 

Бу макондан тез кўнгил этагини йиғиштир,

Ул авжи ломаконда ҳимматдин мақар5 қилур.

 

Юсуфсифат, оғолар ранжидин кўнгил пора,

Маҳзун бўлиб Жунуний фиғони падар қилур.

 

НУРИ ИРФОН ҚИЛ МУҲАББАТНИ...

Ҳамиша ўрнини, билсанг, дилу жон қил муҳаббатни,

Ва жойин суҳбату файзи азизон қил муҳаббатни.

 

Кўнгилнинг бир тануридин неча минг хомрўй пишгай,

Шу важҳ айтгумки, сарфи нури ирфон қил муҳаббатни.

 

Зикрдин ишқ қозонини чу зокир кўнгли қайнатгай,

Ки, сен ишқ файзидин кўнгилда жўшон қил муҳаббатни.

 

Тун ортидин етар солик қўли васлин этогига,

Саҳар ғаввоси жўши баҳри Ғуфрон қил муҳаббатни.

 

Қўлингдин келса гар, файздин бу ишқнинг покбози бўл,

Кўнгил юмнидин6 ҳаргиз покдомон қил муҳаббатни.

 

Агар тўймас эса шайдо ичибон ишқ жомидин,

Уринмоқ авжи-ла сен мавжи тўфон қил муҳаббатни.

 

Талаблар кўкатин кўнгил заминидин қуритма ҳеч,

Ки, ҳар бир тола киприк-ла сели борон қил муҳаббатни.

 

Келур ҳар бошга минглаб дард, ўшал кун келмайин, танҳо

Табиби ҳозиқ ўл ўзга ва дармон қил муҳаббатни.

 

Мирзо КЕНЖАБЕК таржимаси