“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 414 марта кўрилган.

ҲАЛИ БОШЛАНМАГАН МЕНИНГ ҲАЁТИМ...

Исроил ШОМИРОВ

 

* * *

Опа, боролмадим ёнингга йиллаб,

Ё унут бўлдими дийдор, дардлашув.

Елкамда уф тортар замин инқиллаб,

Булар айтганидай, глобаллашув.

 

Эсимда ҳовлимиз: ғариб уй, пастқам,

Қишда жон сақларди зўрға, қунишиб.

Улғайдик, устимиз юпун бўлса ҳам,

Шафқатсиз йилларнинг олдига тушиб.

 

Ялдо кечалари липиллаб чироқ,

Хира тортар эди онамдай маҳзун.

Қийқириб кечгача чопгандик узоқ,

Ёмғирда итимиз болалаган кун.

 

Иккимиз хуш кўрган эрка ялпизлар,

Билмам, қаерларда қолди ўкиниб.

Тунларни опичлаб юрган юлдузлар,

Қўлдан қовурмочдай кетди тўкилиб.

 

Опа, оғриқларни эслама, қўйгил,

Куз келган юракда мезонлар учди.

Палахмон тошига айланган кўнгил,

Бориб қаҳратоннинг қўлига тушди.

 

Менинг бошим узра ёғаётир қор,

Сенинг сочларингда гуллади ўрик.

Ана, кириб келди ҳовлингга баҳор...

Энди англадингми — хотира тирик.

 

Ҳадемай қушларнинг қайтмоғи тайин,

Ҳозир куз, шаҳарда ташвишларим мўл.

Умримдай қисқариб борар кун сайин,

Дийдорга элтгувчи хазон кўмган йўл.

 

***

Ҳовлига ким биров тош отди,

Тўрғайми, билмадим сайраган.

Чимилдиқ ортига ой ботди,

Ким эди тонггача йиғлаган.

 

Яхшиям осмонда қуёш бор,

Тўпори ҳисларда не айб.

Йўқса куз қоларди саросар,

Болишнинг остида сарғайиб.

 

* * *

Тоғ қишлоғи.

Лойсувоқ томлар.

Ҳовлиларнинг эшиги толдан.

Узоқ эди ўзга оламлар,

Бола қалбим

шу ерда қолган.

Уй тўрида изиллаган қиш,

Печ ёқарди онам эрталаб.

Қорли даштдан —

Ҳар кунги юмуш —

Келар эдим ўтин орқалаб.

Курашардим қиш билан шундоқ,

Баҳорларга чулғаб тушимни.

Чаққанида кўксимда чақмоқ,

Йўллар асир олди ҳушимни.

Тоғ бағридан мени тортқилаб,

Юлқиб олди шаҳар — сеҳркор.

Аммо қишда — бодоми гуллаб! —

Ҳали келмай алдади баҳор...

Йиғлаб қолди кимдир орқамдан,

Йиллар ўтди,

замон ўзгарди.

Ўтин эмас,

бугун елкамдан,

Босиб турар дунёнинг дарди.

 

* * *

Ҳали бошланмаган менинг ҳаётим,

Тушда кўрганларим бариси ёлғон.

Шунча йил кўз очмай уйқуда ётдим,

Минг битта сўзим бор

айтилмай қолган.

Ахир, ухлаган йўқ кўксимда юрак,

Энди ётиб бўлмас безабон, беун.

Ҳечқурса майсага айланмоқ керак,

Баҳорда қайтадан яралиш учун.

 

* * *

Кўнглимда очилди чечаклар,

Турналар тақдирда тизилди.

О, бунча узун бу эртаклар! —

Менинг бор умримча чўзилди.

Бошимда гоҳ булут, гоҳ қуёш,

Ҳар сўзим энг сўнгги сўзимдир.

Куйлайман —

эрийди тоғу тош!

Тоғлардай сезаман ўзимни.

Юрагим югурар бесабр,

Пойимга чалкашар фироқлар.

Баҳорми, аёзми —

барибир —

Кўксимда кўкарар гиёҳлар.