“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 180 марта кўрилган.

ДЕНГИЗНИНГ МАВЖИДА БИР ИНТИҚ ОҲАНГ...

Тўра МИРЗО,

Халқаро Фузулий мукофоти совриндори

 

                   ***

Навоийдан ўқиб борсанг шеър,

Тунда сени тўхтатмас миршаб.

Мисраларда уйғонар меҳр,

Ҳар бир байти йўлларга ўхшар.

Навоийнинг ҳар айтган сўзи

Бирлаштирар неча асрни.

Бирлаштирар кеча-кундузи

Олти қитъа, тўртта фаслни.

Навоийдан шеър ўқиб борсанг,

Тўхтатмайди чегарачилар.

Байтлар томган лабингни боссанг,

Бу тоғларга тошлар очилар.

Салом айтгин олам элига

Навоийдан-ўқи шеърларин.

Навоийнинг ҳар бир шеърига

Боғлаб қўйса бўлар Ер шарин.

                   ***

Юлдуз, юлдуз кўзларинг маъюс,

Кўнглинг бузуқ, ёв мўл, йўқми дўст?

Ҳиммат нонин ялаб-юлқилаб

Тик бўлганлар ўймоқчими кўз?

 

Ай, юлдузим, ҳай-ҳай синглим-ей,

Қадим йўлда кўнгли мунглим-ей,

Бўзарасан буз-бузга юзлаб,

Қарамадинг қоққанда им-ей.

 

Юлдузмикин юлдузнинг ёви?

Қонми, жонми ғаним сўрови?

Шундай кенглик бўй-энсиз кўкда

Душман тугул бор дўстнинг ғови.

 

Нурни ютгил, юлдуз, ема ғам,

Кўрмай сира кўзларингда нам,

Ерлик фитна униб-ўсиб-да

Тўсиб қўйди наҳот кўкни ҳам.

 

         ОНА АЛЛАСИ

Япроқлар тебранар бир орзуга маст,

Не учун очади дарахт қулочин?

Оғир чайқалганча тебраниб бир пас,

Хаёлчан дарахтни босади ажин?

 

Мўйсафид чўққилар сақлайди сукут,

Денгизнинг мавжида бир интиқ оҳанг.

Хаёл суриб қўяр бир парча булут,

Тутиб томчи ёшни кифтида аранг.

 

Борлиққа таралар Она алласи,

Аллага бош қўйиб ухлайди олам.

Нурларга урилар Она нафаси,

Зулумот ваҳмадан қалтирар бирам.

Бир қучоқ нур бўлиб, дунё нур бўлиб,

Сувдай сингиб кетар булок сувига.

Она нафасининг сеҳрига тўлиб,

Юлдузлар мудрашиб кетар уйқуга.

 

                   ***

         Бувим Тўхтабу хотирасига

Қирқ учинчи йил. фасли кузак,

Уқубатдан етишган ҳосил.

Анғизларда бошоқлар сийрак,

Шамол, аёл кезар муттасил.

 

Билагида «қорни» оч халта,

Тўрт томонга отилар кўзи.

Шамол тинар, ўлар ҳолатда

Буғдойзорни уйғотар ўзи.

 

Бошоқларга муҳтождир ўроқ,

Анғиз бўйлаб чўзилган осмон.

Заъфар замон, заъфарон тўрт ёқ,

Аёлнинг ҳам ранги заъфарон.

 

Етти фарзанд ухлайди бу чоқ,

Ухламайди бошоқсиз похол.

Чопиб борар буғдойзор яйдоқ,

Қулар сомон, қулайди аёл.

 

Кипригидан узилган кўз ёш

Уйғотади тирнаб тупроқни.

Қоматини тиклайди бардош, —

Қидиради аёл ўроқни.

 

Унинг қўли похолдай озгин,

Озғин юзга тўкилди чирой.

Аёл боқди осмонга шу зум,

Булутларни кесди ўроқ — ой.