“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 21 марта кўрилган.

Сизни яратганни яхши кўраман

БЕНАЗИР

(Гулчеҳра ЗОКИРОВА)

 

                   * * *

Сиз менинг дардимда куйдингиз,

Мен ўзганинг ҳажрида куйдим.

Ҳақ унутган дунёда она,

Наҳот сизни унутиб қўйдим?

 

Сиз менинг бошимда турдингиз,

Мен ўзганинг қошига бордим.

Сиз ёд билган кўнглимни она,

Ўзингиздан ўзгага ёрдим.

 

Сўнг англадим, дардим

                            дард эмас,

Юрак эса юракмаслигин.

Фақат сизга кераклигимни

Ва бошқага керакмаслигим.

 

Мен дунёнинг ҳажрида куйдим,

Дунё мени беш кунга суйди.

Она, сизни унутиб эдим,

Худо мени унутиб қўйди.

 

                   * * *

Қўнғироқ қиламан қайта ва қайта,

Юрагим энтикиб қўймайди.

Бир жонон рашкимни

                   келтириб айтар:

«Рақамга... боғланиб бўлмайди».

 

Гўё жон узилар танамдан,

Гўё тўхтаб қолар соатлар.

Боғланиб бўлмайди рақамга,

Тугайди сабрлар, тоқатлар.

 

Наҳотки бир оғиз хайрга,

Етмаса қимматли вақтингиз.

Сизни чорламайман сайрга,

Эгасиз қолмагай тахтингиз.

 

Чунки мен ҳар қандай баҳона,

Ҳар қандай сабабдан улканман.

Рақамингиз қолсин ордона,

Мен сизга боғланиб бўлганман.

 

Қўнғироқ қиламан минг марта,

Жонон такрорлашни қўймайди.

Биз сизга боғланиб бўлсак-да,

Рақамга боғланиб бўлмайди.

 

                   * * *

Мен энди ҳеч кимни севмайман ортиқ,

Мен энди ҳеч кимдан меҳр сўрамам.

Кўнглимни Ўзига айладим тортиқ,

Сизни яратганни яхши кўраман.

 

Йўқ энди чўкмайман кўзларингизга,

Мен энди аҳдимда содиқ тураман.

Пояндоз бўлмасман изларингизга,

Сизни яратганни яхши кўраман.

 

У мени алмашмас гумонларига,

Мен унга чин дилдан йиғлаб бераман.

Қўл силтаб дунёнинг ёлғонларига,

Мен энди Ўзини яхши кўраман.

 

У мени афв этар тавбалар қилсам,

Қалбимга иймондан қаср қураман.

Ўзимни Ўзига маҳбуб деб билса,

Мен Уни беминнат яхши кўраман.

 

Қанчалар кенг экан Ҳақнинг карами,

Сурсам ҳам васлида хаёл сураман,

Васфида тебратиб ожиз қаламим,

Сизни яратганни яхши кўраман.

 

Ҳар тонг каломимга мунтазир бўлиб,

Қиблага юзимни йиғлаб бураман.

Ўзининг ишқида Беназир бўлиб,

Бизни яратганни яхши кўраман.

 

                   * * *

Мен сизни, сиз мени кўрган замони,

Юрагимда тоғлар нураган эди.

Бизлар учрашмадик бесабаб жоним,

Мен сизни Худодан сўраган эдим.

 

Сезардим дунёда борлигингизни,

Менингдай телбага зорлигингизни,

Севгим асир этди борлиғингизни,

Мен сизни Худодан сўраган эдим.

 

Йиғлардим кўзимни қоралар қилиб,

Тиғлардим ўзимни поралар қилиб,

Тунларда ухламай нолалар қилиб,

Мен сизни Худодан сўраган эдим.

 

Билмадим мен сизни қанчалар кутдим

Ақиқ лабларимдан ғунчалар тутдим,

Сизни кўрган ондан ўзни унутдим,

Мен сизни Худодан сўраган эдим.

 

Самода чарх урган қушлардан эмас,

Сўнгига етмаган тушлардан эмас,

Ошнолардан эмас, хешлардан эмас,

Мен сизни Худодан сўраган эдим.

 

Ҳижрон дамларининг бўлмайди чеки,

Аслида бахт учун яралган эдим.

Мен сизни севмадим жоним шунчаки,

Севгимиз Худодан сўралган эди.

 

                   * * *

Мен сизни жудаям яхши кўраман,

Севгимни айтмасам

                            кўнглим тўлмайди.

Мени севасанми дея сўраманг,

Жоним, сизни ёмон кўриб бўлмайди.

 

Мен сизни чин дилдан яхши кўраман,

Шу қадар севишни ҳеч ким

                                      билмайди.

Юракда боримни сизга бераман,

Жоним, сизни ёмон кўриб бўлмайди.

 

Мен сизни барибир яхши кўраман,

Мен билан кўнглингиз

                            ғариб бўлмайди.

Кўксимда меҳрдан бир кўшк қураман,

Жоним, сизни ёмон кўриб бўлмайди.

 

Мен сизни жудаям яхши кўраман,

Ишқингизда биров мендай ўлмайди.

Яхши кўрасанми дея сўраманг,

Сизни... сизни ёмон кўриб бўлмайди.

 

                   * * *

Дунё — оёғимга сиғмаган ковуш.

Муҳаббат — эгнимга тор

                            келган нимча.

Умр — мен пайқаган жарангсиз товуш.

Бахт — текин кулмаган танноз

                                           хонимча.

 

Шафқат — нокасларга отилмаган тош,

Омад деганлари — қадр кечаси.

Ҳақиқат — булутга беркинган куёш,

Бойлик — фаҳш кўчаси, зино кўчаси.

 

Ҳасад — мунофиққа берилган ёруғлик,

Гўзаллик — қуролсиз мерганнинг ўзи.

Асли гуноҳлардан яралган борлик,

Бегуноҳ — Аршдаги Эгамнинг ўзи.

 

Асрлар тубида занглаган,

Оқибат — кўнгилнинг либоси.

Ҳақ учун сиртмоқни танлаган,

Машраб — Беназирнинг бобоси.