“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 130 марта кўрилган.

У КЕЛАР, АЛБАТТА, БИЛДИРМАЙ

Ҳайитбой АБДУСОДИҚ,

Қорақалпоқ шоири

 

«У КЕЛАР, АЛБАТТА, БИЛДИРМАЙ»

«Ботир, ботир» дея,

кўчада сурон турса,

Ўзингга олма —

Сен бу элнинг ботири эмас.

 

«Қўрқоқ, қўрқоқ» дея,

кўчаки жавлон урса,

Ўзингга олма —

Сен бу элнинг қўрқоғи эмас.

 

Сен на ботир, на-да қўрқоқсан,

Яшарсан ҳисларинг жилдирмай,

Унсиз келар сени йўқлаган,

У келар, албатта, билдирмай.

 

         ЮЛДУЗ-ОДАМ

Болаликдан юлдузларга

                            яшади боқиб,

Кунларнинг бирида,

бехато айтадиган бўлди,

Ҳар бир юлдуз туркумининг

кўкдаги ўрнини.

Юлдузлар тортарди уни ўзига,

Кунларининг бирида

тепасидаги юлдузларнинг

қизил, сариқ, кўк ранглари

фарқига етди.

Яна юлдузларга элаша берди,

Кунларнинг бирида,

англади бирдан,

Беҳисоб юлдузларнинг

чақнамоқ ва сўнмоқ сирларини.

Қандайдир сезги ила

                   ҳис қиларди у,

Тақдирин юлдузларга

                            бойланганини,

Кунларининг бирида,

сезмай ҳам қолди,

Ўзининг юлдузга айланганини.

ТАРИХ 960 ЙИЛ. ҚАРЛУҚЛАР.

Чилдирма қоқилар Минглоқ қоқида,

Қом тушар ўйинга, қурда-оломон,

Идук от суйилар, қайин шохида —

Оқ, кўк, қизил йоломо.

 

Кўк чатнар, ёмғирдан яшарар очун,

Дали еллар қўпар тин-қут етаклаб,

Қирда барқ уради кўксини очиб-

Оқ, кўк, қизил чечаклар.

 

Кундузлар Қуёш таратар ирис,

Тунлари кучини тўплайди Ҳилол,

Ер-сув қўллар Туркни, шодланар улус;

Оқ-Тангри, кўк-Ер-сув, Умай-ол.

 

Бу суврат бир кунда эрди-йўқолди,

Қулади Туркэлни тўсган кармалар,

Еттисув ерини қоплади-олди

Оқ, кўк, қизил чалмалар.

 

ҚЎҲНА АФСОНАНИНГ ҚАҲРАМОНИГА

Подшоҳ одамлари узоқ чопдилар,

Қидира-қидира сени топдилар,

Шу кун огоҳ бўлдинг даҳшатли сирдан:

Искандарда шох бор экан, сартарош,

Ҳукмдоринг шохдор экан, сартарош.

Сирни юртда ёлғиз ўзинг билардинг,

Билардинг-у, ўйлаб бағринг тилардинг,

Икки ўтнинг орасида юрардинг:

Айтсанг ўлдирарди сени, Искандар,

Айтмасанг, ёрилиб — унда ўлардинг.

Қолиб жуда оғир синов-қийноққа,

Бошинг олиб кетдинг узоқ-овлоққа,

Эски бир қудуқни топиб қичқирдинг:

Искандар шохлидир-одаммас асли,

Искандар Зулқарнайн — у иблис насли.

Ўзингни қийнаган сирингни айтиб,

Кетдинг яна келган йўлингдан қайтиб,

Кетдинг… кетдинг…

                   нега кетдинг, сартарош:

Нечун ҳайқирмадинг чиқиб минорга,

Ёрилиб ўлмадинг нега бозорда?!

Қудуқдаги қамиш бўй чўзди қачон,

Қачон қирқиб олди қамишни чўпон,

Сартарош фурсатни бой берган эдинг —

Искандар ишини битирган эди,

Аҳли жаҳон унга тиз чўккан эди.

 

                   * * *

Интиққан суюклим, ўксима,

Сен сари еллардек елдим-ку,

Тумандай ўткинчи ғам нима?!

Собитинг — мана мен, келдим-ку.

 

Бугундан сен энди ёлғизмас,

Ёнингда собилган менинг бор.

Кўзингдан мўлдир ёш оқизмас,

Одошинг, яриминг-тенгинг бор.

 

Энди биз юксакмиз тоғ каби,

Учамиз — баргоҳга қайтамиз,

Биз Худо силаган қўш ҳабиб,

Ўртада ори сўз айтамиз.

 

Симобдек потирлар қузғунлар,

Тик қотиб шумшаяр тасқара.

Аданда қолажак бузғунлар,

Тубанлар, тубанлар — масхара.

 

Биз бирдек ҳумоюн бу дамлар,

Зарбофли, кимхобли

                            — юпунмиз.

Орамиз бўлолмас одамлар,

Ишқ қўнган юракдай бутунмиз.

 

ҚЎНҒИРОТ — МУЙНОҚ ЙЎЛИ

«Пули сирот» дедимми-а?!

Билмам, ташбеҳ қаёқдан,

Бир йўл борар Муйноққа,

Қайтмоқ йўл йўқ — Муйноқдан.

 

                   * * *

Бир нур сездим кўзларингда,

чақнади кўзларим,

кўзларим меҳрга тўлди.

Бир ҳад сездим юрагингда,

ҳапқирди юрагим,

юрагим сеҳрга тўлди.

Бир тафт сездим

                            қўлларингда,

интиққан қўлларим,

ушоқ кафтинг-ла тўлди.

Бир ҳид сездим сочларингда,

яйради димоғим,

димоғим бўйга тўлди.

Бир дур сездим

                   мен қалбимда,

қизиётган дур,

уйғонган муҳаббат бўлди.