“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 15 марта кўрилган.

Қанча севсанг, шунча яшайсан фақат...

Матназар АБДУЛҲАКИМ

 

                   ҚОР ҚЎШИҒИ

Лаҳза тиним билмай кутдим бу кунни,

Бугун орзуларим, мана, ушалди.

Сен атайин ухлаб ўтказдинг тунни,

Мен-чи ёғавердим, мен-чи тўшалдим.

 

Бўронларда елиб, ҳовлингга келиб,

Уйингни айланиб кездим жон ҳалак.

Ниҳоят, ниҳоят, уйғотдим сени,

Деразангга бўлиб гирдикапалак.

 

Ёғдуга кўмилди бедор ҳисларинг,

Улар боис бўлди оппоқ фахримга.

Оҳиста-оҳиста босган изларинг

Ўйилиб-ўйилиб қолди бағримга.

 

Истасанг, дўстингга от. Турибман шай.

Ахир нечун бундан қилай орлар ман.

Севиб, шодлигимдан осмонга сиғмай,

Сенга зорлар бўлиб ёғган қорлар — ман.

 

Мен учиб қўнайин, сен қувна ял-ял,

Сен сира қилмагин шодликни канда.

Кечир кўзёшингга ўхшаб қўйсам сал,

Кипригингга аста қўнаётганда.

 

Шодлигингга қисқа умримни бериб,

Оҳ-фиғон қилмасдан, нолимасдан, жим,

Аста ер қаърига кетаман эриб

Сенга атаб гуллар юбориш учун...

 

                   ҚОР

Кажрафтордир чиндан ҳам дунё,

Азал-абад телбадир қисмат.

Салом, муштоқ бўлиб кутганим,

Салом, эй қор, салом, эй исмат.

 

Поксану ҳам оёқостисан,

Оппоққинам, юмшоғим, эркам.

Нечун ердан осмонга учмай,

Ёғмоқдасан осмондан ерга?..

 

                   * * *

«Қиш. Дарчадан термуламан жим.

Эмас бугун кўча кўчадек.

Қор остида ётибди дунё

Тухумнинг ичида жўжадек.

Ҳеч вақт ҳеч ким оёқ босмаган

Каби тим-тирс ҳовли йўлаги.

Пиёлада товланади чой,

Эриб тушган офтоб бўлаги».

 

                   * * *

Ёғишинг кам эмас эди ҳайитдан,

Минг мўъжиза эдинг, минг бир тантана.

Бу гал... руҳ қоронғу, дил хира пайтда

Илк бор ёғмоқдасан, бўралаб, мана.

 

Дил ойнаси чил-чил дард деган сангдан,

Борлиғим чекмоқда зирқираб заҳмат.

Шундай бир мажҳул пайт ёғаётсанг-да,

Барибир бор бўл, қор, барибир... раҳмат!

 

                   * * *

Қиш. Тун. Кўча совуқ. Қорним оч.

Изғирин еб жунжиккан руҳим.

Хотин чақди кунжут мойига

Олтитами-еттита тухум.

Унут бўлди совуқ. Хушбўй ҳид

Аста таралмоқда ҳаводан.

Ботган қуёш бир тўда бўлиб

Ҳозир чиқиб келар товадан.

 

                   ДИЙДОР

Билмадим. Айланди бир неча фасл,

Неча бир асрлар шамолдек елди.

Мен кўнгилма-кўнгил наслма-насл

Сени излаб ўтмиш қаъридан келдим.

 

Ва бир жуфт ғазалга илтижо айлаб

Топиб олдим азал ва абад ичра.

Биласан ким сени кетганин жойлаб,

Қорачиқларимдан қилмайсан ҳижрат.

 

Мана чақнаяпсан тун бағрин ўйиб,

Ўз бахтингдан ўзинг сўнгсиз ҳайратда.

Бу бахт булбулларни лол қилиб қўйиб,

Кўкда юлдузларни чах-чах сайратди.

 

Қани эди, сени майин мақтасам,

Бўлмаса кўксимда ҳар бир сўз тошдан.

Йўлимга кўз тутиб яшамоқдасан

Неча асрларки ўн саккиз ёшда.

 

Энди тош сўзлар ҳам бошлар-ов кўчки

Ҳаётимга солиб тинмай зилзила.

Лекин менга таскин беролмас ҳеч ким,

Бошимни бир умр муттасил силаб.

 

Ошиғинг — мангулик сени қиймайди,

Бўлгиси йўқ сенга хазон харидор.

Мени аёв билмай ёмон қийнади

Гўзаллигинг билан сенинг бу дийдор.

 

Дийдоринг бўлмаса ҳаётим барбод,

Дийдоринг бўлмаса мен забун кимса.

Ўзимни тилайман сенга умрбод,

Илдизи юракда ўсимлигимсан.

 

Мен рашкда қоврилган мағрур ноламан,

Менда муҳаббат бор, йўқ менда шафқат.

Сени мангуликдан тортиб оламан,

Қанча севсанг, шунча яшайсан фақат.

 

                   БАХТ

Мукаммал бу гўзаллигингни

Ёниб қилгим келади таъриф.

Бироқ, не қилайки, қошингда

Энг қудратли каломлар ғариб.

 

Висолингни қилсам-да ҳавас,

Меҳрим изҳор этмадим ҳеч вақт.

Сен билан бир ҳаводан нафас –

Олиш ўзи менга катта бахт.

 

Бир қайрилиб ташласанг нигоҳ,

Юрак тўлар сўнмас зиёга…

Сени бир бор кўриш-чун фақат

Келиб кетса арзир дунёга.

 

                   * * *

Ана, оқ тут қоқаётирлар,

Оппоқ тутга тўла ҳаммаёқ.

Одамлар тут емоқда тўйиб,

Дарахт тўйиб емоқда таёқ.