“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 40 марта кўрилган.

Муҳаббатдай оппоқ, оппоқ тонг отар

Дилфуза КОМИЛ

1975 йили туғилган. Наманган давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. «Асотир», «Кўкдан келган кўнгил» тўпламлари муаллифи.

 

           * * *

Тунлар аллалаган хаёлзорларда

Кўзларимга сурма тортар сулув туш.

Юрагимдан кечиб кетарман армон

Мени қамраб олар илоҳий оғуш.

 

Томиримда оқар, оҳ, муқаддас ишқ,

Сезгум етти фалак беғубор сасин.

Сезгум манглайимда бетимсол, азиз

Хилқатнинг илоҳий, ёниқ бўсасин.

 

Ложувард, мунаввар туннинг бағрида

Порлар буюк оят битилган қамар.

Сокинлик бағрига учаркан руҳим

Муҳаббатдай оппоқ, оппоқ тонг отар.

 

           * * *

Қиш йиғлайди бағрим баҳорларида,

Баҳор дилга соғинч суратин солар.

Изингизда эзгин қолган кўнглимни,

Бинафша бўйлари никоҳлаб олар.

 

Нечун сиз эмас,

Юракранг хинолар қўлга киргайлар,

Бардош тиканлари дилга киргайлар.

Товоним қонидан ишқ таъмин тотиб

Тақдирнинг тошлари тилга киргайлар.

Нечун сиз эмас,

Илинжлар заволдан асрар умрни,

Зоримни зор қолган кунга бермаслар.

Кўз ёш исларига чўмган парқулар

Мени ғам титраган тунга бермаслар

Нечун сиз эмас.

 

Ойдиннинг қўллари кўксимга элтар,

Ойнинг нигоҳлари келмоқда малол.

Соғинч чўғларини лабида тутиб,

Мени қучоғида куйдирар хаёл.

Нечун сиз эмас.

 

  ВАТАН ДEСАМ

Қочиб кетар вақтнинг ортига,

Ватан десам,

Йиғлайди юрак.

Қодирийнинг қабрин изламай

Севмоқликни билмайди юрак.

Қочиб кетар мозийга дилхун

Чўлпонларга байтлар айтади.

Сибирларнинг тупроқларидан

Усмон Носир билан қайтади.

Тушларимда беролмайди жон

Қонлар келиб Боту оғзидан.

Ватан десам,

Вақт ҳам тисланар —

Сталиннинг олар бўғзидан.

Ватан десам,

Гуллайди юрак,

Гуллар таннинг ҳар бир суяги.

Кўзларимда ҳилпирар мағрур

Файзулло Хўжанинг кўйлаги.

Ватан десам жилмаяр дунё.

Ватан,

Дунё ошиғинг сенинг.

…Хуросонни севиб ўтганди

Ўрис бўлса ҳамки Есенин.

 

           * * *

Жон нодирим,

Мендан қўрққулик,

Суйишингни кўнглимга айтма.

Кет,

Кетақол…

Кетолсанг агар

Қайта мени дардимга қайтма.

Юрагимнинг икки қўли қон —

Юрак мени ўлдириб қўйди.

Кўз остига олди-ю сени

Қош остига қабрингни ўйди.

Жон нодирим,

Мендан қўрққулик —

Лабларимда жонинг таъми бор.

Рост эмасдир раҳмдиллигим,

Бўлолмайсан сен ҳам бахтиёр.

Кулгум — Илонпаридан эҳсон,

Кўзларимда қурбон талаби.

Атрофимда тўзғир туйғулар

Қўҳиқофнинг девлари каби.

Йўлларингга ташладим тароқ —

Қучолмайсан энди ҳеч мени.

…Жоним,

Ишқдан азизми жонинг,

Энди мени чақирмайсанми.

 

  КУЗ ПОРТРЕТЛАРИ

           1

Кўзларимда хира тортади осмон,

Анҳоридан кўнгли совийди сувнинг….

Нигоҳи бағримни юборар тилиб

Боққа кириб олган сариқсоч мунгнинг.

Совуқ хайрлашар ёз билан шамол,

Саратонни осон унутар қуёш.

Атиргул титраниб таслим этар жон

Қаттиқ жўякларга қўйганича бош…

Хафаҳол борлиққа тикилиб маъюс

Худонинг ҳукмига этади сабр —

Ёзни севиб қолган қўрс дунё билан

Келишиб яшашга

маҳкум сентябр.

 

           2

Қўлидаги сўнгги япроқни

Ерга отиб юборар терак.

Тирнаб ўтар кўксимни шамол,

Ич-этимни ғижимлар юрак.

Оғироёқ қирларга боқиб

Сарғаяди безовта осмон.

…Юзига лой сачраган гулнинг

Энди тозармоғи даргумон.

Сийрак сочли бошини эгиб

Мажнунтол тин олади оғир.

Нафасини ютган дарёга

Чўмилгани келмоқда ёмғир…

 

           3

Изғиринга қилмайди тоқат —

Жонин олиб қочади қушлар.

Хушрўй кузги гуллар

Чорасиз

Қарғаларнинг кўнглини хушлар.

Сертана,

Серзарда дунёдан

Совиб борар қуёшнинг кўнгли.

Ўчоқларда олар аланга

Дарахтларнинг кесилган қўли…

Совуқ тунда

Йўлин йўқотиб,

Кўлмакларни кечиб юрар ой.

Манзилини тополмайди бахт —

Бунда ҳамма остоналар лой…

 

           4

Ўчиб қолди осмоннинг шами,

Япроқ сўнгги шеърин тамомлар.

Қизларини солди бозорга

Бели букик, қари ишкомлар.

Не қиларин билмайди шамол

Кўриб кўкси очиқ гулларни…

Кунботарга кетмоқда қушлар,

Тангрим,

Ўзинг асра уларни!

Хазонлардан тутар дарддаста

Кетаётиб

Заъфарон бахтлар.

Хайрлашар кўзи жовдираб

Мен белини қучган дарахтлар…

Худо,

Оғир бўларми шунча

Кечирмоқлик видо фаслини?

Унутолмай яшайман энди

Борлиқнинг шу қиёфасини…