“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 128 марта кўрилган.

Фалакка санчилиб қолган сўзим бор…

Рауф ПАРФИ,

Ўзбекистон халқ шоири

 

           ***

Айланиб тушар қор йўлимга,

Қўлингни қўйгил, ёр, қўлимга.

 

Сен қолдинг муҳр каби лабимда,

Сен — бир дард асабий қалбимда.

 

Кўзимга беркитай ва лекин,

Ёшдай оқиб кетма, севгилим.

 

           ***

Деразамга урилади қор,

Жаранглайди жарангсиз кумуш.

Деразамга урилади қор,

Қор сингари оппоқ бўлди туш.

 

Бир ажойиб қор ёғар бу кеч,

Учиб тушар менинг ёнимга...

Мен-ку сени ўйламасман ҳеч,

Сен тушасан, аммо ёдимга.

 

           ***

Паға-паға оппоқ қор ёғар,

Боғлар киймиш илоҳий либос.

Юрагимни бир оташ доғлар —

Қуёш тутиб келаётир ёз.

 

Нима бўлди? Кипригинг намли,

Кўзларингда яширин асрор.

Девордаги сувратим қани?

Нима бўлди? Қалбингда не бор?

 

Ёғар оппоқ, паға-паға қор,

Дардим қорлар каби сочилар.

Ҳув йироқда гуллаган баҳор

Бўйлари кўксимга санчилар.

 

ВИДО ТАБАССУМЛИ ОЛАМ, ЁШЛИГИМ

Ёшлик зангор фасл, кечди, сарғарди,

Тўкилди у. Шафқат билмас баргрезон.

Қора совуқларга отиб юборди,

Шамоллар пойида синмоқда хазон.

Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди.

 

Ҳарна ўтди, мендан ўтди, омон бўл,

Қанча фарёд қилмай қайтариб бўлмас.

Ҳар қалай олдинда бордир сўнгги йўл,

Токи етгунингча хотирот ўлмас,

Ҳарна ўтди, мендан ўтди, омон бўл.

 

Видо табассумли олам, ёшлигим,

Кўзларимда қотган жолам, ёшлигим,

Кўкларга етмаган нолам, ёшлигим,

Сувга чўкиб кетган болам, ёшлигим,

Видо табассумли олам, ёшлигим.

 

* * *

Мен биламан, вужудинг бўзлар,

Бағринг ёнар саёқ ўғлингга.

Сени ўртар бир оғир сўзлар,

Ахтариб чиқарсан йўлимга.

Кўчаларга қарайсан ҳар зум,

Кечаларни оқлайсан, она.

Гуноҳкорман ёлғиз мен ўзим,

Яна мени оқлайсан, она.

Очиқ ётар токчада китоб,

Очиқ ётар менинг дафтарим,

Унда кезар мангу изтироб.

Тубанликда ёсуман жари.

Шўрлик ўғлинг бир умр бетоб

Синган сози, синган ханжари.

 

* * *

Ёмғир эмас, марварид ёғар,

Ёмғир — кеча шаклинда бу он.

Сув сингари жилдираб оқар,

Кеча кечар шод ва беармон.

Баргларда рақс этар шаббода.

Ўйнар сабо шаклинда кеча,

Тун булутга кўтариб бода

Афсоналар айтар тонггача.

Танизорим игна учинда

Кўзларимда порлар қора нур.

Менга кеча ёмғир ичинда

Машъум хаёл каби кўринур,

Рухсорини ювган кечада

Мен билмаган яланғоч шуур.

БИР ҚУШЧА

Бир қушча деразам ёнида

Ўтирар паришон ва ғариб.

Йиғлайди кўзлари ёнади,

Кўзлари иккита марварид.

 

Бир ажиб навога ўхшайди,

Шоирга ўхшайди бир ҳассос.

Мискин соз чалмоққа у шайдир,

Дардига бордир-ку бир асос.

 

Мен унга қарайман оҳиста,

Мен қушча ҳолига йиғлайман.

Ва лекин билмайман, не истар,

Билмайман, ҳеч қачон, билмайман…

 

СЕНСИЗ

1.

Совуқ. Атроф темир. Қўлимни очдим,

Елкамда чатнади қайноқ қўрғошин…

Вайрона қаъридан кўкларга қочдим -—

Арзонга олдилар Мажнуннинг бошин.

Раҳмсиз оломон, сизга не керак?

Англадим, жисмимни, руҳимни боғлар.

Ваҳий келди менга, чирпанди юрак,

Акс-садо берди муқаддас тоғлар.

Фароғат зирваси. Олам — билгисиз,

Охири сен келдинг. Хаёлга толдинг.

Водий оғушида сўзсиз, белгисиз,

Аста одимлар-ла кўздан йўқолдинг.

Фақат қайга кетдинг, қайларда қолдинг,

Оҳ, қандай яшайман сенсиз — севгисиз.

2.

Соҳилда бир ўзим. Денгиз қоронғу,

Елкансиз кеманинг ичинда шубҳам.

Ваҳима шивири, бўғзимда оғу.

Ақлим бир фалокат сезади мубҳам.

Ранги ўчган осмон хунук ғулдирар,

Аччиқ чирқиллайди номаълум бир қуш.

Ва ёнимда қонли булоқ чулдирар,

Атиргуллар, сенинг гулларинг беҳуш.

Феруза, зумуррад гулларинг пайхон.

Оҳ, тушдинг кемадан. Карнай чалдилар,

Ва кўзга кўринмас қўллар шу замон

Ағдардилар мени, кишан солдилар.

Фарёдим ичимда, отма гулингни…

Отма, ёлғизликдан — бахтли қулингни.

3.

Сўлдирма гулингни, илоҳим, ёнсин,

Еру осмон кўрсин кўз юммай бедор.

Вақт — улуғ ҳакам. Руҳинг уйғонсин,

Асрий умидим — Сен. Сен борсан. Сен — бор.

Ровийлар не учун? Ҳақ ва Ҳақиқат!

Асирлик занжирин парчалаб ташла.

Вужудингни ёқсин аламли фикрат,

Аён ҳақиқатга, ҳақ йўлга бошла.

Фурсат ўтмакдадир. Вақт бу — беомон,

Омонат дунёда омонат одам —

Виждон шеваси бор, меҳроби иймон —

Асл инсонларин чорлайди бу дам.

Фалакка санчилиб қолган сўзим бор,

Оловлар, чаманлар ичра ўзим бор.