“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 174 марта кўрилган.

Йиллар туҳфа қилган гўзал изтироб

Ҳалима АҲМЕДОВА

 

Устоз  Иброҳим Ғафуровга

                     1

Боғлар тушига киради осмон,

Хазонни опичлаб ўйнайди шамол.

Тўққизинчи қават деразасидан —

Оқиб чиқаверар муаттар хаёл.

 

Бу хаёл лиммо-лим соғинчга тўлган,

Ненидир излайди йиллар қатидан.

Ором топиб қайтар баъзи-баъзида,

Болалик кунларин зиёратидан.

 

Туннинг юрагини ҳовучлагандай,

Деразада ўйнар чироқ шуъласи.

Ва тонг қалбин жойлаб сўзлар кўксига,

Ухламай чиқади хаёл эгаси.

 

Ажин эмас унинг манглайидаги —

Китоб саҳифаси эрур беҳисоб.

Кўнгил хонасида яшайди дўстдек,

Йиллар туҳфа қилган гўзал изтироб.

 

Ундан ҳол сўраманг, сўз сўранг ундан,

Ҳаяжон тошқини тошаётган дам.

Қаҳ-қаҳа уради ғамлар устидан,

Умрини китобга едирган одам.

                     2

Мумтоз мусиқадай жаранглар ҳаёт,

Тунлардан-тунларга, кундан-кунларга.

Ярми хазин, ярми шодликка тўлиб-

Кетиб бораяпти тирик аланга.

 

Сўлим туйғуларда, сўлим ҳисларда

Эркалаб қўяди мумтоз ҳаётни.

Жонидан ортиқроқ суяди балки,

Ватан тимсолида адабиётни.

 

Осмон кенглигини, вақт шиддатини

Таржима қилади уфқ тилига.

У хокисор ҳамда ўчмас аланга,

Нур сочишга келган халқнинг дилига.

 

Ҳар майса ёнида хаёлга толиб,

Борлиққа ўргатар унинг шевасин.

Диллардан-дилларга қилади тортиқ,

Туйғу дарахтининг ширин мевасин.

 

Худодан келган сўз,

Ва юрак қонин —

Қўшиб юракларга қўяди малҳам.

Бир ҳовуч ёғдуга чаяр дунёни,

Кўнглини қуёшга едирган одам.

 

                     3

— Устоз, нечун бунча ўйчан кўринасиз?

— Руҳимдаги боғлар илмин англаяпман,

Ёмғир — шамол орасида адашмасдан —

Дарахтларнинг сўзларини тинглаяпман.

— Ҳақиқат не, унга қандай етса бўлур?

— Фақат қайғу жуфт келади, шодликлар тоқ.

Келдим, кўрдим барчасини тушундимки,

Ҳақиқат бу — ўз кўзингга тик қарамоқ.

— Кўнглингиздан қай дарёнинг саси келур?

— Менинг билан саксон ёшга кирди туғён.

Гоҳ ҳайқириб, гоҳо тиниб оқаётган —

Дилимдаги Зарафшон бу, бу Зарафшон.

— Қайда экан ишқ манзили билдингизми?

— Юрагимга кўчирганман шафақ рангни.

Ҳар тонг туриб ҳидлагайман гулни эмас,

Унинг акси тушиб турган шудрингларни.

— Ҳаяжонга солар сизни қай манзара?

— Кенглик билан туташгандир жисми жоним.

Тоғларнинг ёнбағридаги сўқмоқ йўлда,

Тўкилгандир қанча-қанча ҳаяжоним.

— Нималарни соғинасиз ёки кимни?

— Соғинч, соғинч бу қандай дард сизга аён,

Тушларимга ҳар тун кирар бир тўп қуш

Ва

Отам, онам, болалигим ўтган айвон...

— Ҳаёт нима шунчаки бир кун кўришми?

— Йўқ, йўқ, асло...

Бу енгилмас мангу сабот.

Тамшанасиз дилингизда қолур таъми —

Ҳаёт, ҳаёт — бу энг гўзал адабиёт.

— Ҳозир қайга кетаяпсиз бунча шошиб?

— Декабр нақшига тўлаяпти осмон,

Саксон баҳор ишқи билан кетаяпман —

Яна қалбда ловуллаган гулхан томон!