“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 70 марта кўрилган.

Соғиниб боряпман, нафасма-нафас...

Ҳалима АҲМЕДОВА

                  1

«Қишлоқдан нима олиб борай?»

(Укамнинг сўрови)

 

Кузнинг оқшомида осмон хўмрайган,

Олисда бир юлдуз титрайди дилгир.

Ечинган дарахтлар талвасасида —

Негадир қуёшдан олдим хавотир....

 

Кун сайин жонимнинг ичкарисида,

Улғайиб боради аллақандай чўғ.

Теграмдан айланиб ўтади кунлар,

Қачон яшаганим эсимда ҳам йўқ.

 

Деразамдан боққан хазонлар билан

Дарди ҳол қиламан телбаларга хос.

Ўйлайман гоҳида ўзимдан қочиб:

Дунёга шунчаки келганман холос...

 

Нега тирилишни истамаяпман

Менсиз ҳам ўликлар тўлган замонда?!

Дуч келган одамдан сўрайвераман:

Хабарингиз йўқми қуёш томондан?!

 

Сен қўнғироқ қилдинг қуёш томондан

Ёки хаёлимда бу бўлди содир.

Исо Масиҳдаги нодир нафасни

Ҳар бир ҳужайрамда сезаяпман ҳозир.

 

Ҳозир икки дунё ўртасидаги

Йўлдайин сархушман,

Йўлдайин музтар.

Кузнинг оқшомида бу совуқ симлар,

Қизиб кетди сендан келтириб хабар.

Шаъм эдим яна ҳам баландроқ ёндим,

Сенинг овозингни эшитган маҳал.

Хазон қамалида қолган уйимга.

Меҳринг кириб келди ўзингдан аввал.

Укажон,

Қишлоқ осмонида сузган булутнинг

Тўзғин хаёлини келтиргин менга.

Дадамни соғиниб сарғайиб кетган —

Боғнинг шамолини келтиргин менга.

 

Ҳануз уйимизда осиғлиқ турган,

Онам нимчасининг ҳидин қўмсар дил.

Унинг тугмасида бизни кўрганда,

Порлаб кетадиган нурни олиб кел.

 

Ҳеч кимдан сўрамай томорқамизда,

Фасл танламасдан ўсгувчи гулнинг

Шиддату шахдини олиб кел менга

Токи тирилтирай сўлган кўнглимни.

 

Олифта оҳанглар тегди жонимга,

Соғиндим ҳаётнинг ҳалол авжини.

Олиб кел қишлоқча куйлаган ўша.

Нотага сиғмаган ариқ мавжини.

 

Юкинг анча оғир бўлади, магар

Уларни оғринмай елканга юкла.

Қўрқмагин, ақлдан озганимча йўқ.

Хўрсинма,

Мен энди тирикман ука.

Менга далаларнинг қалбин олиб кел.            

2

Деразамнинг ёнида,

Ку-кулайди мусича:

— Райҳон экиб берайми?

— Райҳон экиб берайми?

Ҳаёт кўнглин пайпаслаб

Энтикиб кетади куз:

— Армон экиб берайми?

— Армон экиб берайми?

Ёмғир кўзу қошимда

Тушар рақси самога:

— Маржон экиб берайми?

Маржон экиб берайми?

Жон даласин бошида

Куймаланар деҳқон ишқ:

— Ҳижрон экиб берайми?

— Ҳижрон экиб берайми?

Қайга қочай ўзимдан

Эски дилимга янги —

— Жаҳон экиб берайми?

— Жаҳон экиб берайми?

 

                  3

Менга шодлик юбор,

Ва яшил умид,

Райҳонлар нафаси сўнаётган дам,

Ишқдай беғуборлик юборгин яна,

Ўзимда тонгларинг кўрайин мен ҳам...

 

Ва борай қушларнинг анжуманига.

Парвозни ўрганиш учун олай дарс,

Катталашиб борар ахир кундан кун,

Дунё билан менинг орамдаги дарз.

 

Менга шодлик юбор,

Қайғудан ортган.

Ва дил пардасида чалгувчи рубоб,

Сени маст айласа, ёзғирма мени,

Кўзим косасида чайқалган гулоб.

 

Менга шодлик юбор

Ва беғуборлик

Бунча кўп киряпман ернинг тушига,

Ҳолим ўхшаб борар лаҳзама-лаҳза,

Соҳилнинг денгизга талпинишига.

 

Шафақ кўзгусидан ўчирмай тургин,

Ҳали ҳам кўнглимга беряпман пардоз.

Руҳимдаги баланд туғёнлар билан —

Бандангман, бандангман, бандангман, холос.

Менга шодлик юбор,

Ғамдай чиройли,

Ва тундан сокинлик,

қалдирғочдан сас.

Дилимдаги дилни,

Жондаги жонни,

Соғиниб боряпман, нафасма-нафас...

Менга шодлик юбор,

Ғамдай чиройли.

 

                            4

Эй тун, саҳарим бор сендан айрилсам,

Шамсу меҳварим бор сендан айрилсам.

 

Юзинг оқ, қилмишинг бунчалар қора,

Эй дўст, зафарим бор, сендан айрилсам.

 

Кунларим кунларга уриб синдирдинг,

Зеру забарим бор сендан айрилсам.

 

Ғамнинг бутасида, гуллатдинг кўнглим,

Недан хатарим бор сендан айрилсам.

 

Нигоҳингни йиртсам заққум кўринди,

Ҳақдан назарим бор сендан айрилсам.

 

Кулган қуёшимни йиғлатдинг фосиқ,

Нурдан хабарим бор сендан айрилсам.

 

«Менсиз тупроқсан», — деб қўрқитма ҳаёт,

УНГА сафарим бор сендан айрилсам.