“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 71 марта кўрилган.

Кузги боғ ва Қизғалдоқ ҳақида баллада

Муҳиддин ОМОН

Атрофда куз ҳоким.

Сукунат теран.

Табиат эринчоқ хаёл қўйнида.

Боғда сайр қилардим ёлғиз,

Дафъатан:

Бир гулга дуч келдим,

Ариқ бўйида...

 

Во, ажаб... Қизғалдоқ...

Ўнгимми, тушим...

Баҳорнинг эркаси,

қирмизи маҳваш,

Бемаҳал унибди...

Суқланиб боқдим...

Лек, қисматин ўйлаб,

кўнглим

тортди ғаш...

 

Бегона

замону

Бегона замин...

Бемаврид

туғилган,

Навраста ниҳол.

Унга тикиламан...

Боққаним сайин,

қалбимда

мингта ўй,

минг битта тимсол...

 

Кечиккан гулми у

ёки шошқалоқ,

Баҳорни соғиниб,

юлқиниб чиққан...

Эҳтимол ташландиқ,

бахтсиз чақалоқ,

Онаси ҳаммадан

беркитиб туққан...

 

Балки у файласуф,

Ё аҳли қалам,

Тафаккур нуридан

Кўзлар қамашган,

Теграсини босган

ҳасад дастидан

Гулдек баҳорини

Кузга алмашган...

 

Балки у Ошиқдир,

бир Мажнуншиор

Суйганидан

вафо кўрмаган

банда,

Эҳтимол,

ҳаммадан

юз бурган

кибор,

Бир дўст

тополмаган

гулгун чаманда…

 

Балки жигаридан,

топмайин қадр,

Кўнглининг

истаги — бўлгандир

узлат,

Ўз фарзанди балки

чиқиб тошбағир,

Кўксига доғ солган

Иснод ва уят…

 

Оқибат бош олиб,

Уйидан кетган

Бир толеи нигун,

Пешонаси шўр,

Бекасу бечора,

қазосин кутган,

Бесамар

умрдан

маъқул, деган

гўр...

 

Эвоҳ, ким бўлмасин,

У ёлғиз, ғариб,

Жовдираб

турибди,

хазонлар аро.

Кошки мен

ололсам

уни қутқариб,

Бу машъум

қисматдан

буткул

нораво…

 

О, мени маъзур тут,

Қирмизи дудоқ,

Сенга нелар дея

Қилдим иддао.

Сен ахир,

Барибир ўша

Қизғалдоқ,

Баҳорий

Чечаклар

ичра бебаҳо...

 

Аслида,

Сен эмас,

Куздир адашган,

Сенга

Кўнгил қўйиб,

Тиланган висол,

Юрагида

Наврўз қўзғаган

Рашкдан,

Ўғирлаб

келгандир сени

эҳтимол...

 

Балки, сен

қизиққон

бола мисоли

Ўзга фаслларни

Англамоқ бўлдинг,

Эҳтимол бездириб

Ёлғон шамоли,

Суйган Баҳорингга

Ишонмай қўйдинг...

 

Йўқ, йўқ, мен

Янглишдим.

Бу фикрим ноқис,

Сен ўзлик —

Аслингни

излаб юрибсан.

Мен каби беғубор,

Офтоби холис,

Гулламоқ

Фаслингни излаб

Юрибсан…

 

Не тонгки,

Ўзингни

Қидириб юриб,

Ногаҳон

Шоирга келдинг

Рўбарў,

Мен ҳам

Оғанг бўлиб

Сенга юз буриб,

Туйғуларим тўкдим

Сенга, эй, гулрў…

 

Илло, сен ҳам

Мендан

Сўрмоғинг мумкин,

Не сабаб боғларда

Ёлғизлигимни,

Сўрагин,

Хазонли чоғларда

Нечун

Кезяпман,

саросар

Ахтариб кимни?!

 

Ўксинма,

Саволинг

Қолар бежавоб

Боиси,

Мен

Буни ўзим билмайман,

Балки куз-

Умримга

Тилар сарҳисоб,

Кузнинг

Адоғида

Жавоб қилгайман.

 

Қизғалдоқ, қизғалдоқ,

Боқишинг маҳзун,

Билмадим,

Сен дардим

Неларга йўйдинг,

Ёмғирлар остида

Очилиб бугун,

О, менга неларни

Эслатиб қўйдинг…

 

Олтин япроқларда

Само кўзёши,

Марварид мисоли

Турибди титраб,

Нозик жуссангдаги

Буюк бардошни,

Англадим,

Мен сенинг

Кўзингга қараб…

 

Сенга қараб туриб,

Шунча ўй-фикр,

Хаёлим чулғади

Хазонли боғда,

Нима бўлганда

Ҳам Сенга

ташаккур,

Очилдинг,

Бошқалар

Сўлгани чоғда...