“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 101 марта кўрилган.

Севги — қуёш, севги — шараф-шон

Шароф РАШИДОВ

  ФОНТАН ЁНИДА

(Петергоф эсдаликлари)

Ҳаво тиниқ, кўнглимдай оппоқ,

Булутлардан асар кўринмас.

Шабнам билан чўмилган япроқ,

Гулшанларга кўзларим тўймас.

 

Енгил шамол Самсон ёнида

Гуллар билан ўйнашар эди.

Фин тўлқини баъзан ғувиллаб,

Қирғоқ билан сўйлашар эди.

 

Бу ер бўлди бизнинг сайргоҳ,

Фонтан сочар мунчоқ доналар.

Сеҳрланиб қолади нигоҳ,

Ором берар шўх шаббодалар.

 

Кўз олдимда чўмилган денгиз,

Мўъжизаси дилни тортади.

Оқшом бўлса, кўкдаги ой ҳам

Шундан чиқиб шунга ботади.

 

Завқим қайнар ҳуснингга боқиб

Сайр этганда сўлим боғингда.

Гулларингдан чаккамга тақиб

Қолсам дейман шўх қучоғингда.

 

  ЯШАСИН СЕВГИ

  (Фронт эсдаликларидан)

           1

Гар қуёшга айласам сафар,

Севги билан топарман зафар.

Гар ажалга бошласам исён,

Севги билан енгишим аён.

Севги билан кўзларим олов,

Мардлигим бор — ҳужумда ялов.

Гар севги — дўст, гар севги — йўлдош,

Менинг доим иқболим — қуёш.

Ўқлар ёмғирида мен тирик —

Севги қалбда — қуёш мангулик.

 

           2

Кечаларни уйғоқ ўтказдим,

Юлдузларга термулиб ҳамон.

Қалбим тўла кўп орзу-армон,

Кечаларни уйғоқ ўтказдим.

Ухлай десам уйқим аралаш,

Кўзим тушар ёрнинг кўзига.

Кўзидаги жуфт юлдузига,

Тикиламан уйқим аралаш.

Ҳамма ерда бўлур намоён,

Ҳатто жангда юрар ёнма-ён.

 

           3

Разведкада уни кўраман,

Ҳужум пайти мен билан бўлар,

Қаҳр билан олға югурар;

Зафар дами уни кўраман.

Бош устида ўқлар ёмғири,

Кўз олдимда ажал кўраман.

(Ўлим келса ҳатто қираман).

Бош устида ўқлар ёмғири,

Ёрим шунда намоён бўлар,

Ўлим эмас, ҳаёт кўринар.

 

           4

Қучоқлайман, ўпаман уни,

Ўлим гўё мендан енгилар.

Севги умр бўлиб туюлар,

Қучоқлайман, ўпаман уни.

Бунча ширин, бунча ёр ширин,

Кўзларидан вафо ўқийман.

Севгисидан достон тўқийман,

Бунча ширин, бунча ёр ширин.

Севги ширин ҳаттоки жондан!

Мактуб келди жоним-жонондан.

 

           5

Киев учун жангдаман, қўзим,

Ёруғ жаҳон мени кузатар.

Менга қараб қўлин узатар,

Киев учун жангдаман, қўзим.

Дилимда ўт, Ғарбга учаман,

Дилда ширин орзуларим бор —

Омон бўлсин шу азиз диёр,

Севги ҳаққи қасам ичаман!

Севги — қуёш, севги — шараф-шон,

Одамликка энг олий нишон!

 

6

Севги — ҳаёт, умрга — меҳр,

Севги билан лабларда кулги.

Юрак айтар: «Яшасин севги!»

Севги — ҳаёт, умрга — меҳр!

 

           УЯЛМА

Мен кетганда анча ёш эдинг,

Боғбон қизи — гуллар эркаси.

Мана энди ойдек тўлибсан,

Юрагимнинг шўх арзандаси.

Менга атаб гуллар экибсан,

Очилибди худди ўзингдай.

Гулларингга хуштор юлдузлар

Термулади чарос кўзингдай.

Ғунча эди қалбимда севги,

Энди чаман бўлиб очилди.

Оташларда тобланиб, эркам,

Йўлларингга дурдай сочилди.

Соғинганим, мунча қизардинг,

Юзинг бўлди худди нақш олма.

Узоқлардан келдим сени деб,

Кел, гўзалим, энди уялма!

 

ШИРИН КЕЛАРКАН

Бағри баҳор ўлканинг

Ҳуснига ҳол келармиш.

Ойдин ўзиб жамоли,

Толеи ҳилол келармиш.

Хаёл эди дилларда,

Достон тилларда,

Сайхун банди бўларкан,

Оби-зилол келармиш.

Толе кулар, бахт кулар,

Чўлда севги етилар.

Сайхун бўйида байрам,

Ширини бол келармиш.

Янги зафар, янги шон,

Қаҳрамонлик чин нишон.

Янги умр, янги тўй —

Ширин хаёл келармиш.

Жангда қозондик зафар,

Умрга иқбол ёзар.

Диёримга нур сочиб,

Ширин жамол келармиш.

  КЕЛСАНГ

  (Қўшиқ)

Бир умр шодмон бўлурман,

Зафаримга шон бўлиб келсанг.

Дарё бўлиб тошгай севинчим,

Достони жаҳон бўлиб келсанг.

Ёв бошига ёғдириб ажал,

Қайнар вулқон бўлиб келсанг.

Мен бўлурман сендан миннатдор,

Рустам намоён бўлиб келсанг.

Онанг рози минг бор сендан,

Ёвга тўфон бўлиб келсанг.

Элга вабо бўлмиш ёвни,

Енгиб, шодмон бўлиб келсанг.

Жаҳон сени қўшиқ этар,

Марди-майдон бўлиб келсанг.

Битта қолмай қириб ёвни

Довруғи достон бўлиб келсанг.

 

           НАВОИЙГА

Паҳлавон асрнинг умри тугамас,

Бу умр оламнинг аввали боши.

Янчилиб кетар ва ҳатто соврилар

Яланғоч қоялар қоп-қора тоши.

 

Ўз қадри-қимматин топди ўлкамдан,

Янчилмас, соврилмас, дурдоналаринг,

Оташ қалбдан чиққан олтин сатрлар,

Безади шеърият кошоналарин.

 

Латиф соз қўлингдан тушмасин сира,

Сотқинларга нафрат айтиб, қулатдинг.

Қадри — қиммат ҳамда вафони куйлаб,

Биродарлик ҳам дўстликни уйғотдинг.

 

Фарҳодига вафо қилди мард Ширин,

Номард Хусрав юрагини чок этди.

Бош эгмади, ҳам қўрқмади ўлимдан,

Ўз орзуси, севгисини пок этди.

 

Ихлосманд дилимнинг нури дийдаси:

Фарҳодинг, Баҳроминг, Ширин, Шопуринг.

Нур, севги, вафою мардоналикни

Намоён айлади сенинг ашъоринг.

 

Севгисига вафодорлик, мард туриш —

Фақат бизга хислат бўлган, бизга ёр.

Эй, шеърият диёрининг қуёши,

Сен қалбимиз уйин этдинг мунаввар!