“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 100 марта кўрилган.

Ҳаловат излаган қалбимни қоғозларга совурдим

АХТАМҚУЛИ

СЎНМАС ЗИЁ КЕЛТИРДИНГИЗ

Навоий Ҳазратларининг «Насойим ул-муҳаббат» китобини шарҳлаганингизда юрагим сел бўлади.

Анвар қори Турсуновга

 

Элга сиз Ҳазрат Навоийдан наво келтирдингиз,

Кўзларим осмонига сўнмас зиё келтирдингиз.

 

Ой чиқиб пешонамиз пештоқида ёзганда дил,

Охират гулзоридан қалбларга жо келтирдингиз.

 

Ер ўқин атрофида айланди гирён жонимиз,

Яшнаган юрт аҳлига ҳамду сано келтирдингиз.

 

Назди Ҳақдин бизга нозил бўлди пок, нурлиғ китоб,

Йўл топиб дил қасрига меҳру вафо келтирдингиз.

 

Қонсираб олам уйин вайрона этмоқ бўлса ким,

Ул сўқирнинг кўнглига тинмай шифо келтирдингиз.

 

Кимки «Бисмиллоҳ» сўзин ёд этса, чиқмас ёдидан,

Бизга тенгсиз бир ҳадиси Мустафо келтирдингиз.

 

Дилни ишқ дарёсида сел айласа, Ахтамқули,

Сиз «Насойим ул-муҳаббат»дан дуо келтирдингиз.

 

* * *

Учиб кетмоқда учқур от, буюк Соҳибқирон бирлан,

Жаҳонга раҳнамо бўлган мислсиз паҳлавон бирлан.

 

Ватандин ифтихор айлаб, адолатни қарор айлаб,

Улусни бахтиёр айлаб, курашган қаҳрамон бирлан.

 

Ҳақиқат ҳаққа етқазди, қаро кунларни кетқазди,

Улуғ минбарга ўтқазди, кезар давру замон бирлан.

 

Тузуклар бизга панд бўлди, бу кун эл сарбаланд бўлди,

Қуёш борлиққа банд бўлди, югурдик осмон бирлан.

 

Асрлар оҳу фарёди, мудом кўнгилда ишқ ёди,

Амир Темурни авлоди, яшар дориломон бирлан.

 

Аё, эй чархи кажрафтор, бу олам ичра юрт бисёр,

Фахр этгум бу мафтункор, азиз жаннатмакон бирлан.

 

Адолатдан қуриб қўрғон, тилаб юрт тинчлигин ҳар он,

Дедим Ахтамқули уйғон, Ватан деб танда жон бирлан.

 

* * *

Нечун оламга сиғмас, бу дилим фарёд этиб кетгай,

Қувончим манзилин вайронаю обод этиб кетгай.

 

Қароликлар қуёшимни қаро тунда қамал қилса,

Қалам қалбимда куйган сўзларим озод этиб кетгай.

 

Ҳаёт девоналарга бой, дедим, девоналикдан кеч,

Давр девони бошимдан учишни ёд этиб кетгай.

 

Юлиб умримни юз минг йўл асрлар қошига чопди,

Фиғон даштида оҳимни сўровсиз бод этиб кетгай.

 

Азонда Ҳақни фармонин адо айлашга чоғлансам,

Хаёлим қўмсаган ишқни лаин барбод этиб кетгай.

 

Юрибман дорда лангарсиз томошабинга кўз тикмай,

Йиғилган синчилар ҳар дам изимдан дод этиб кетгай.

 

Бу кун Ахтамқули кўкка юракнинг чодирин тикди,

Муҳаббат аҳлига ишқдан қаср бунёд этиб кетгай.

 

* * *

Офтобдайин ёниб яшар меҳри уммон халқим менинг,

Тинчлик силар пешонасин, кўнгли осмон халқим менинг.

 

Тилдан сира тушмас калом, тупроғига бергай салом,

Олам аро қолдирди ном Соҳибқирон халқим менинг.

 

Ўчирмагай чироғини, кўкка илиб байроғини,

Жаҳон олгай сабоғини, бу билимдон халқим менинг.

 

Бухорийнинг йўлин тутар, Жалолиддин қўлин тутар,

Жайҳунни ҳам сакраб ўтар, донғи достон халқим менинг.

 

Термизийлар зиёсидан, қониб илм дарёсидан,

Навоийнинг навосидан булбулзабон халқим менинг.

 

Байтлар юракнинг торидир, халқимга қалб изҳоридир.

Кўзим Ватан гулзоридир, Ўзбекистон халқим менинг.

 

Ҳур тоғларим, бердинг нажот, бургут бўлиб қоқдим қанот,

Ахтамқули айлар ижод, дориломон халқим менинг.

 

* * *

Яратган тунда ишқимни аёвсиз имтиҳон этди,

Сўзимнинг нурли пайкони бу жонимга зиён этди.

 

Туним ой тиғида ёнди, дилим дарёси уйғонди,

Қалам қоним ичиб қонди, танамни устихон этди.

 

Ҳаёт тақдир палахмони, омонат барчанинг жони,

Тушунмай кўҳна дунёни, ҳама ерни макон этди.

 

Жаҳон қил устида тургай, қуёш дорбоз бўлиб юргай,

Жаҳонгир юртни гул қилгай, жаҳолатни хазон этди.

 

Буюк Соҳибқирондек зот, элим деб ўйнатибдур от,

Иморатлар этиб бунёд, адолатни баён этди.

 

Навоий назмининг боғи, улуснинг дарду чанқоғи,

Замонлар қонли байроғи, бу қаддимни камон этди.

 

Кезиб Ахтамқули бедор, сенинг кафтингда тупроқ бор,

Ватан қалбингда бўлсин ёр, Хумо йўлинг равон этди.

 

* * *

Юрак тўфонида ғарқи жаҳон бўлдимми, билмасман,

Дарахтлар кафтидан учган хазон бўлдимми, билмасман.

 

Ҳилол кўк тоқида ошиқ дилимни қиймалаб кетди,

Фалак юлдузларига имтиҳон бўлдимми, билмасман.

 

Ҳаловат излаган қалбимни қоғозларга совурдим,

Камондан отилиб кетган фиғон бўлдимми, билмасман.

 

Тизилган байтларим йўл олса ошиқлар маконига,

Куйиб дил ёзмаганларга зиён бўлдимми, билмасман.

 

Тутиб чарх остига бошимни тоғлардан сабоқ олдим,

Қаламни қақшатиб гоҳо ёмон бўлдимми, билмасман.

 

Нечун ой шуъласида дардларимни майдалайсан дил?!

Ҳаёт хирмонига тушган сомон бўлдимми, билмасман.

 

Қуёш домонидан ушлаб мудом юксакка интилдим,

У кун Ахтамқули эрдим, довон бўлдимми, билмасман.