“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 105 марта кўрилган.

Кўзимда дарёлар жимирлар аста

Фарида АФРЎЗ

* * *

Сиз менинг кўнглимни тош деманг,

У шўрлик жимгина йиғлайди.

Кулгимга ишониб қуёш деманг,

Ёлғизлик шомида музлайди.

 

Сиз менинг қаддимни дол деманг,

Шамоллар қаҳридан ўртанган.

Эгилган, синиши нақд, деманг,

Талотўп базмига ўрганган.

 

Сиз менинг ишқимда ўлмайсиз,

Мен ҳам бепарводай яшайман.

Шундайин дейману чидолмам,

Жонимни аламга тўшайман.

 

Сиз мени одам деб ўйламанг,

Одамзод бундайин кун кўрмас.

Яккалик Худога зийнатдир,

Бу зийнат бизга ҳеч ярашмас.

 

* * *

Қиш. Аёз. Тун. Ётоқ.

Кўрпага бурканар ёлғизлик.

Сесканиб қалқийди ёстиқлар,

Гўёки, муз кўчки, минг йиллик.

 

Тун. Аёз. Ёлғизлик.

Эриниб отади тонглар ҳам.

Юлдузлар тизилмас маржондай,

Осмонда яширин ой — мубҳам.

 

Тун. Аёз. Хўрланиш.

Оҳ, уриб ўчади тун чироқ.

Юзлари сип-силлиқ чойшаблар,

Қадрига йиғлайди кўз-қароғ.

Қиш. Аёз. Тун. Ётоқ.

 

* * *

Сизсиз яшамоққа ўргандим, мана,

Энди вужудимни тиғламас фироқ.

Кабутар хаёллар учмоқда, ана,

Соғинчлар карвондай кетмоқда йироқ.

 

Йироқ энди менга, сумансо боғлар,

Дилкушо дийдорлар саробдир, тушдир.

Елкамда айрилиқ-залворли тоғлар,

Юрак парвозини йўқотган қушдир.

 

Суйдим, суйгуларим сизни қучмади,

Куйдим, куйгуларим ёндирмади ҳеч.

Мурувват висолдан оғиз очмади,

Бир бора келмади, келманг, энди кеч!

 

Энди кеч, унутдим рафторингизни,

Қошингиз, кўзингиз... ҳаммаси ёлғон.

Унутдим, жаҳонда йўқ — борингизни,

Энди сиз қўшиқсиз — минг йиллик армон.

 

* * *

Мана яна бир куним ўтди,

Яна битта кузга алвидо.

Олдимизда қиш бор, қаҳратон

Ва ҳижрон бор тунлари ялдо.

 

Мана яна бир куним синди-

Қулоғимда олтин балдоғим.

Овозимнинг бир тори тинди,

Ғамбодага тўлди қабоғим.

 

Мана яна бир куним қурбон,

Пушаймоннинг қўлида қилич.

Ғафлат — қотил, надомат — жаллод,

Жон талваса қилади илинж.

 

Мана яна бир куним увол,

Нон увоқдек тўкилди ерга.

Ҳатто қушлар териб еёлмас,

Жон каклигим илинган тўрга.

 

Мана яна бир куним эртак,

Беваликнинг минг бир кечаси.

Шаҳризодам, чўпчакни тугат,

Боши беркдир кўнгил кўчасин.

 

Мана яна бир куним сабил,

Яна бир кун яшадим сенсиз.

Айрилиқнинг умри узайди,

Умр эса чексиз ва тенгсиз...

 

* * *

Даланинг қоқ ўртасида,
саратон мавжида,
тут соясида,
гўдагини бағрига босган жувон —
менинг Ватаним!
Пахтасининг гулларин ўпиб,
эгатларга жон терин тўкиб,
кўсагининг кулганин кўриб,
кўзларига ёш олган деҳқон —
менинг Ватаним!
Ёз чилласи дошқозонида,
қовурдоқдек қовириб,
гармселда совуриб,
шимолга шафтоли тутган боғбон —
менинг Ватаним!
Бобосининг белбоғин —
Адолатнинг байроғи қилиб,
«Ҳалол, ҳалол!» дея, рақибин,
курагини ерга босган полвон
менинг Ватаним!

Миллатим, юртим — ориятим деб,
Тинчлик муддаомдир, пок ниятим деб,
Темурий тулпорин миниб,
Кўкрагини ўққа тутган,
ялангтўш султон —
менинг Ватаним!

 

* * *

Мен ўзи кимман
ташландиқ қудуқ,
ёмғирларнинг эсидан чиққан,
балиқлари ташна,
жон берган,
қамишлари ўйиб найланган
ташландиқ қудуқ.

 

Сен ўзи кимсан,
сувга чўккан тош,
қояларнинг ёди ўчирган,
зилзилада тўкилган дув-дув,
чўққилардан мангу ҳайдалган
сувга чўккан тош.

 

Ишқ ўзи нима,
эски тегирмон,

дунёларнинг хотирида йўқ,
бойўғлилар ин қурган унда,
шапалаклар яйраган макон,
иккимизни дондай янчиган
эски тегирмон.

 

* * *

Юрагимнинг қаеридир куяди,
Симиллайди,
чарсиллар, санчар,
Гўё минг йил юраксиз яшаб.
Бир қадоқ оғриққа куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Кўзимда дарёлар жимирлар аста,
Уфуради,
буғланар, тошар,
Гўё минг йил тошқинсиз яшаб,
Бир томчи иқрорга куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Ҳушёр тортар руҳим — имтиҳон берар,
Қалтирайди,
дилдирар, титрар,
Гўё минг йил кўнгилсиз яшаб,
Бир аҳмоқ ақлга куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Деразамни ёпаман, этим учади,
Жондан ўтар
изғирин, шамол.
Гўё минг йил қуёшсиз яшаб
Бир нуқра чўғингга куним қолгандай…

Сени соғинганман…
Сени соғинганман,
оҳ, нима қилай,
Нима қилай, ахир, айт, нима?!
Гўё минг йил сенингсиз яшаб,
Бир ютим ажалга куним қолгандай…

Сени соғинганман…!