“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 133 марта кўрилган.

Ёдлаб туринг, биз ҳам бормиз қаторларда

 

 

Абдулҳамид

РАҲМАТОВ

Ёдлаб туринг биз ҳам бормиз қаторларда

 

                            * * *

Ёдлаб туринг, биз ҳам бормиз қаторларда,

Эслаб қўйинг биз ғарибни наҳорларда.

Нега ишқи дарё бўлиб бориб сизга,

Кўз очамиз саҳроларда саҳарларда.

 

Изҳорим бор ширин-ширин наволардай,

Ғубори йўқ, тоза, тоза ҳаволардай.

Айтсам гўё юз минг дардни даволардай,

Ёзсам кўзим ёши зеру забарларда.

 

Ахтараман юзингизни, зорланаман,

Сиз гулдайин яшнайсиз, мен хорланаман.

Оёғингиз қўйинг, ерман, ёр, мана ман.

Мен тўкилай, яшнайверинг баҳорлардай.

 

Бир ўт ёнди дилда, ҳануз ўчгани йўқ,

Кўзим кўзингиздан бир зум кўчгани йўқ.

На мен кечдим, на ишқ мендан кечгани йўқ,

Офат экан бу ишқ, жоним хатарларда...

 

Эслаб қўйинг, ахир бормиз қаторларда.

 

                            * * *

Бисотимдан шаънингга сўз тополмасман,

Йўқлай десам йўлингдан из тополмасман.

Унутмадим меҳрингга хўп қонганларим,

Кўзларингдай меҳрибон кўз тополмасман.

 

Кўзим ёши оқиб-оқиб қуриб бўлди,

Сен кўрмаган кунларни ҳам кўриб бўлди.

Толиққанда кўксингга бош қўяр эдим,

Армон қуши кўксимга ин қуриб бўлди.

 

Қолдирдингми менга бедор тунларингни,

Хотирлайман йўлим кутган кунларингни.

Эсга тушса юракларим эзилади

Соғинганда кўздан оққан хунларингни.

 

Ғариб бўлдим, бошларимда давлат эдинг,

Қаддим тутиб юрардим, сен савлат эдинг.

Бу дунёнинг ташвишидан, ғамларидан

Қочиб борсам энг покиза хилват эдинг.

 

Харидорим, харидоринг эдим ахир,

Бир йиғлагим келар ерга бериб бағир.

Атрофимда меҳрибон кўп, аммо, она,

Сенсиз оғир, сенсиз оғир, сенсиз оғир…

 

                            * * *

Кунлар ўтди, йиллар ўтди, кўзим йўлда,

Ташна юрак сизни қўмсаб қақшар чўлдай.

Икки олов ўртасида бўлдим сарсон,

Қовжиради сизга деган гулим қўлда.

Сиз барибир соғинтириб яшаяпсиз.

 

Бир умр бир йўл юрдим-у, етолмадим,

Йўл юрсам-да мўл юрдим-у, етолмадим.

Аро йўлда қолавердим ҳайрон-ҳайрон,

Етолмадим ё қўл силтаб кетолмадим.

Сиз барибир соғинтирб яшаяпсиз.

 

Энди билдим кўнглингизда йўқлигимни,

Кўнгил бериб, сизга қилган шўхлигимни.

Кечиб бўлмас бундай ширин азоблардан,

Қайдан топай энди сиздай кўҳлигимни.

Сиз барибир соғинтирб яшаяпсиз.

 

Хаста кўнгил қўмсаяпти сиз табибни,

Ким ҳам йўқлар сиздан бўлак биз ғарибни.

Эрта-индин (эҳтимол, кеч бўлармикан),

Юрагингиз тилаб қолар бир ҳабибни.

Сиз барибир соғинтириб яшаяпсиз.

 

                            * * *

Сокинлигинг кўнгилларга илашди,

Соя ташлар маҳзунлигинг кўксимга.

Орзуларим хазон билан тиллашди,

Ва лекин... Сен ўкинма!

 

Боғ оралаб, хазонларнинг қатидан

Кўнглим шеърга сатр истаб юрибди.

Муҳаббатнинг "ўлмасликка хат"идан

Кулгим қистаб турибди.

 

Ҳижронзада кўнглим сенга йўлиқди

Ва ё ўзинг бугун унга дуч келдинг.

Не бўлса ҳам қалбим сенга илиқди,

Кузак ойим,

Хуш келдинг!

 

                   ҲИЖРОН БОҒЛАРИ

Ҳижрон боғларида дарбадар кездим,

Ҳорғин чинорларла турдим рўбарў.

Ишқинг, дардларингни кўнглимга тугиб,

Чексиз хаёлзорлар сари солдим йўл.

 

Чинорлар соябон бўлди бошимга,

Аммо юрагимда авж олади ўт.

Ҳислар чорлайверар сени қошимга,

Кўзларимга чўкиб кетади сукут.

 

Ҳижрон боғларида таниш хазонлар,

Йўлимга чиқади дардимни йўқлаб.

Тонглар қулоғимга айтар азонлар,

Юлдузлар кўзимда қолади ухлаб.

 

                   ВАТАН

Бу дунёда бахтга тенгимсан,

Бир томчи қон тушган жой — Ватан.

Сахийликда бағри кенгимсан,

Кўнгулларга ўзинг жо, Ватан!

 

Ватан — бешик, Ватан — остона,

Ватан — онам, Ватан — гулхона.

Сарҳадлари боғу бўстоним,

Ватан — отам, Ватан — нурхона.

 

Тупроқлари жавоҳиримсан,

Дунёда йўқ — жаннатмаконим.

Гулбоғларинг кўзга тўтиё,

Чўллари ҳам гавҳарга коним.

 

Булбулларга қиблагоҳ бўлган

Боғларинг бор — ҳамиша баҳор.

Жилвалари кўзни олади,

Гулу райҳон — санам — хуш ифор.

 

Бу дунёда бахтга тенггимсан,

Бир томчи қон тушган жой — Ватан.

Сахийликда бағри кенггимсан,

Кўнгулларга ўзинг жо, Ватан!