“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 60 марта кўрилган.

Якшанбалар, аслида, болаларнинг кунидир

Якшанбалар, аслида, болаларнинг кунидир

Муҳаммад РАҲМОН

                   ЯКШАНБАЛАР

Якшанбалар, аслида болаларнинг кунидир...

Чигал формулалардан бош гангиши йўқ унда,

"Хасис" партадошлардан кўчириш азоби йўқ.

Навбатдаги иккини қўяр экан муаллим

Эшитмайсан минг карра тинглаган пўписангни:

— Қолдираман кузги синовга!..

 

...Якшанбалар, аслида, болаларнинг кунидир.

Хуррамлик бор уларда, вақтичоғлик, овуниш,

Меҳрибион буви, бобо, дада, ойижонларнинг

Берган ширин ваъдаси: исталган ўйинчоқлар,

Қисталган уст-бошлар,

Ширин музқаймоқлару эрталабки сеанслар...

 

Якшанбалар, аслида болаларнинг кунидир!

...О, сиз бир зайл кечган диққинафас кунларим —

Менинг якшанбаларим!..

Интернат ҳисобчиси

Минғирлар таратганча бадбўй ароқ ҳидини,

Янги кундан зорланар:

— Душанба оғир кун, уф...

О, у мендан сўрсайди, агар бир бор сўрсайди,

Қайси кун оғирлигини берардим аниқ айтиб:

 

Ҳар шанба кун сўнгида, ҳар якшанба эрталаб

Келса ота-оналар болаларин олгани,

Интернатнинг ҳовлиси ҳувиллаб қолганида,

Кемтик тақдиримизни таниб қолиб ногаҳон

Бошни қуйи эгганда бизлар — етим болалар,

Бўм-бўш коридорларда оёғимиз садоси

Юрагимизга қўрқув, ваҳима солганида,

Олиб келса шамолларқулоққа элас-элас

Бозор шовқинларию карнай-сурнайлар сасин,

(Гастролда бўлгандир Тошкентбоевлар, балки)

Уйқу йўлатмаса-да томоша истаги ҳеч,

Қаттиққўл мураббийдан эшитмайлик деб дашном

Ётсак тушки ҳордиқда кўзимизни чирт юмиб,

Айланса бошимизда нуқул аламли ўйлар,

Ўшанда о, ўшанда муштга тугилган қўлим:

— Лаънати якшанбалар, ланъати якшанбалар!..

Тушимда ҳам қийнаган ўнгимдаги изтироб:

...Ойи келинг,

Дада, келинг,

Сизни жуда соғиндим.

Истасангиз бир умр, майли, шунда қоламан.

Ўжарликни ташлайман, яхши бола бўламан.

Фақат сиз соғинтирманг, шошинг, келингиз тезроқ,

Бир кунгина бу ердан мени олиб кетдингиз.

"Душанбада соғ-омон кечикмай келтираман" —

Тилхатни номингиздан ўзим ёзиб бераман.

Қаранг, цирк чироқлари маржондек порлаяпти,

Ҳеч кимнимас, у бизни ўзига чорлаяпти.

Нима бўлар бизларсиз тугаб кетса томоша,

Тезроқ келинг, шошилинг...

 

Энтикиб ётоқ ичра кўзимни очарканман

Яна такрор айтганман алам тўла сўзимни:

— Лаънати якшанбалар, лаънати якшанбалар!..

... Талтайтириш келмаган хаёлимга асло, йўқ,

Тарсаки ҳам туширар бошингни силаган қўл!

Лекин,

Лекин, болам, бир кунга ўзим ихтиёр билан

Султонлик ҳуқуқини бағишладим сенга мен.

Бўсағада турибди сенинг якшанбанг, буюр:

Сайргами, киногами ё ҳайвонот боғига?

Буюр итоат билан қўлларингдан етаклай,

Сен менинг меҳрга зор болалигимсан, ахир,

Кел, энди ўзим унга бир оталик қилайин!

Буюр!

...Якшанбалар, аслида, болаларнинг кунидир.

 

ЭГАСИЗ УЙ

Эгасиз уй зерикар танҳо,

Файз ариган ёз, қишларидан.

Мўралайди кўчага гоҳо

Занглаган қулф тирқишларидан.

 

Минг уринсин ўтолмас сакраб,

Мунғаяди девор тагида.

Хаёл сурар ўз-ўзин алдаб,

Болаларнинг ҳалинчагида.

 

Эслаганда қақшайди зор-зор:

Дилкаш назму наволар қани?

Варанглатиб чалворгиси бор

Чўян гармон — батареяни!

 

Остонага тўрт бўлиб кўзи,

Вафодор ит каби чўзилар.

Осиб қўяр ишкомга ўзин,

Олма бўлиб шоҳдан узилар.

 

Қўнғироқ у, жавобсиз қолган

Гунг телефон гўшакларида.

Сўнгги сабр томчиси томган

Эски қувур жўмракларидан.

 

Ёлғизликнинг ёзиғи эзар,

Эҳ, соҳиби шуни билсайди...

Ёлғиз уйда шаккок ўй кезар:

— Ҳеч бўлмаса ўғри келсайди!..

 

         БУ БОЛАЛАР

Койиманг сиз уларни кўп,

Нолиманг, "одам бўлмайди..."

Бу болалар, сезаяпман,

Ландовур, там-там бўлмайди.

 

Юрай деса, йўли боғлиқ,

Қўли боғлиқ, тили боғлиқ.

Бизу сиздек бағри доғли,

Тутаб ёнган шам бўлмайди.

 

Оташ бўлар, чўғ бўлади,

Айтган сўзи ўқ бўлади.

Бир оз ўжар, шўх бўлади,

Ланжу ложарам бўлмайди.

 

Отанг — бозор, онанг — бозор,

Кимга пул керак, кимга — ор.

Арава тортадию зинҳор —

Каззоб, муттаҳам бўлмайди.

 

Жони-тани, фикри солим,

Бири — толиб, бири — олим.

Шоҳсупада бири ғолиб,

Боши эгик, хам бўлмайди.

 

Ишқ бобида тезлардан ҳам —

Тездир, рашкчи бизлардан ҳам.

Чунки қурғур қизларда ҳам

Гоҳ лутфу карам бўлмайди.

 

Дунё кенгдир — Париж, Пекин...

Кўраверар секин-секин.

Кўнглига юртидай лекин

Бирор юрт малҳам бўлмайди.

 

Қилиб дунё даъвойини,

Билгани соз "ховую"ни...

Ўқиб турса Навоийни

Бу болалар кам бўлмайди!