“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 90 марта кўрилган.

Тонглари бошингдан сепаман қувонч

Абдували ҚУТБИДДИН

Тонглари бошингдан сепаман қувонч

*  *   *

Субҳлар ҳўплайди патли ҳавони,

Бир кун ёлғончилик қилади апрель,

Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,

Бироқ кел.

 

Зар ип эшаяпти ёғдулар тошиб,

Зим – зиё ҳовонча эзғилайди ун.

Қавиб, тахлаб қўйди шойи кўрпани

                   Сен учун.

 

Жарангдор сочинг ҳам бўлар пўпакли,

Тиллақош топилар кўк сандиғида.

Уч газ булут кесса бўлар чимилдиқ,

                   Висол тоғида.

 

Киприкка илинган шабнам чўғдайин,

Бир кун ҳақиқатгўй бўлмади апрель.

Мен сенинг келишинг сира истамайман,

                   Бироқ кел.

 

Анбар инъом этар сенга чечаклар,

Тобе мамлакатдир сенга хуш чаман.

Мен эса чимилдиққа кираману,

Тиззанга бош қўйиб ухлаб оламан.

 

Суронлар чулғайди патли ҳавони,

Бир кун ўзим каби лақмадир апрель.

Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,

                   Бироқ кел...

 

 

* * *

Сирли бандаргоҳда қуюқ туман,

Олмос лангар,

Биллур кема.

Зарбоф кўйлак кийган дарға мендирман,

Эй гул, кетасанми мен билан.

 

Кумуш тўлқинлар тебранишда,

Шаффоф манзилларнинг бешиги ишонч.

Сенга кечалари ривоят айтиб,

Тонглари бошингдан сепаман қувонч.

 

Бўрон томоғидан омон чиқамиз,

Саболар шаҳрига етамиз албат.

Вафо арқонини сувдан тортамиз,

Ўлжамиз муҳаббат.

 

Кўзингни юмгину қучоғимга кир,

Юрагим мушкидан бўйланар юзинг.

Бу уй атиргулнинг тушиникидир,

Ёп – ёруғ, чироғи — булбулнинг кўзи.

 

Эй гул, кетасанми мен билан?!

 

 

*  *  *

Булбуллар мастона кашта гулларида,

Сўзана четида ухлаган лайлак.

Дарпарда ортида шамол кўпиртирган

                   Бир коса шарбат.

 

Сен ич – ей, бошланур ажиб ҳикоя,

Баҳор жилмаяди чумчуқ инидан.

Сенга мусичалар ясар зинапоя,

                   Япроқдан.

 

                   Қани туш!

Адирлар кўксини кесиб беради,

Оҳиста ўлтириб учамиз баланд.

Биз учун хумолар донлар теради

Маъво салтанати далаларидан.

Шафақлар хонатлас янлиғ ёйилур,

Дуторин портлатиб қўяр каҳкашон.

Қўшиқлар янграйди сенга аталган.

                   Сен ишон.

Оққушлар парёстиқ берар келтириб,

Етти қават кўрпа тўшайди товус.

Шундоқ ёнимизга кетади қўйиб —

                   Ой тилла фонус.

Тиззангни қучоқлаб, боқасан дилгир,

Соатга қарайсан кулимсирайсан:

Кеч бўлди, соат бир...

Булбуллар йиқилар кашта гулларидан,

Сўзана четида ўлади лайлак.

Дарпарда ортида шамол гувиллар,

                   Коса тўла ҳасрат.

 

 

 

             ВИСОЛ

 

Йиғладим. Ҳовучим тўла сув бўлди,

Тишимдан қон сизар, юрак – чанқовуз.

Бошингни эг жоним, мажнунтол каби,

                            Бу ҳовуз.

 

Пичирлаб овозинг сузмакдадирми,

Ушатиб ташланган ўзимми буткул.

О, нечун изиллаб тинмайсан сира,

                            Бул – бул.

 

Қарагин, янчилган осмон сепилди,

Зарралар санчилди, аччиқ куйдириб,

Бир қозон атала ағдарди кеча,

                            Ўкириб.

 

Чиппа – чип ёпишиб ғарқ бўлдикми – ей,

Этимиз туташиб биттамиз, битта.

Бизни қиймалашга улгурмайдилар,

                            Ахир бу эрта – аккк!

 

Йиғладим. Йиғладинг. Ҳовуч сув тўла,

Тишлардан қон сизар, юрак – чанқовуз.

Эгилсак сочимиз чирмашибди – я,

                            Қўшилиб кетибди

                            Кўзимиз.

 

 

             ҲАЖР

 

Ҳижрон қиш тунидай чизилганида,

Кунлар кўк бағридан узилганида,

Ёшим пиёлада сузилганида,

Соғинчдан дил тўлиб бузилганида —

 

Капалак қонини топинглар менга.

 

Еллар судраб кирса мени боғларга,

Сарғайиб тўкилган тиллар қарғаси.

Мени остонада чанглар тупуриб,

Висол келтирмаган йўллар қарғаси —

 

Капалак қонини келтиринг менга.  

 

Хайру эҳсонларин тўкканида ёз,

Буғдойзор оралаб дўппайса август,

Чумоли инида йўқолган хасдай

Қолсаму, ҳеч кимса тутинмаса дўст.

 

Капалак қонини беринглар менга.

 

Тоғларнинг даҳани бўлса агар ғор,

Фалакка чирмашиб ўралса буғи,

Бу қадар армонга чидай олмасам,

Қабоғимда чакраб эриса йиғи.

 

Капалак қонини ичиринг менга.

 

 

 

ҚАСАМ

Фаромуш боғларда солланиб маҳзун,

Заррин сарполарда, давлати фузун,

Қалбимга атайди нон ҳамда тузин,

                   Ё жоним муҳаббат,

 

                   Сим –сим –эй, сим – сим,

Мабодо алдасам, қўлларим синсин.

 

Ўткинчи тилакларда болалик бадбахт,

Севгининг номидан ёзади тилхат.

Агарда яшасам қалдирғочсифат,

                   Қизғалдоқ энамдир,

                   Сим –сим –ей, сим –сим,

Мабодо алдасам, қўлларим синсин.

 

Ортимда чўл дедим, кўрсам,Бадахшон,

Қадимий тангадай беҳамён, бешон.

Ўзимни изласам — мендан йўқ нишон,

                   Ал – амон, мен қайда,

                   Сим – сим – эй, сим – сим.

Мабодо алдасам қўлларим синсин.

 

Сўнгги дам ўзим – ла ўчакишсам, ҳай,

Соҳир кўзларигдан талаб этсам май,

Э, воҳ, кекирдагим кесиб этсам най,

                   Пуфласам – куй ёнса,

                   Сим –сим – эй, сим –сим.

Мабодо алдасам юрагим тинсин.

 

90-9259014

     

              ХАЁЛ

Мусаллас тошадир каклик сувдонидан,

Лойқа ариқларда кўпчийди асал.

Ҳайрат эшигида бизни кутмоқда,

                   Ўттизинчи февраль.

Шаффоф кўзларга бода тўлади,

Симириб ой сари учади қабоқ.

Сочингга лахчалар тақиб кулади,

                   Момақалдироқ.

 

Бошингни тебратиб қўшиқ куйласанг,

Бўронлар дойрадай хуш чалинади.

Қушлар тумшуғи – ла тикиб берган

Айтгин, туманданман никоҳ кўйлагинг?

 

Нега индамайсан, гапинг рост дегин,

Ё кийган киминг изғирин – жулдур.

Ҳайрат саройида бизни кутмоқда

Бир пари қўлида шода – шода дур.

                   Нега индамайсан?

 

Карнайдан отилган овоз елники,

Зангори жунунни бўғар бўйнидан.

Юлдуз гижинглатган оқшом бир дона

Гулни узатар бизга қўйнидан.

                   Нега индамайсан?

Бизни худо суяр, суяр ҳарқалай,

Гар тошга йиқилсак, тош бўлар гилам.

...Мен баъзан кўп гапираман, не қилай,

Бахтиёр яшагим келар сен билан.

 

Каклик сувдонида эрир мусаллас,

Лойқа ариқларда кўпчийди асал.

 

 

 

*      *     *

Мовийлик  қудуғида рақслар тугаганда,

Ёлғизлик арқонини бўйнимга ўраганда,

Кимдир Абдувалини оҳиста сўраганда,

Қўшиқчи бўлсам эдим, ҳеч бўлмаса созанда.

 

Каптарларим, каптарлалар ҳай –у, ҳаю, ҳай – ула.

 

Бармоқларимга боғлаб қуёшни судрасайдим,

Қоронғу ерда ёниб, кул бўлиб титрасайдим

Тутар пайтимда ногоҳ, мени сен чорлаганда,

Қўшиқчи бўлсам эдим, ҳеч бўлмаса созанда.

 

Каптарларим, каптарлар ҳай – у, ҳаю, - ула.

 

Ададсиз манзилларим боумид оққанида,

Қаттиқ титканларини қалбимга қоққанида.

Томиримни шимсам – у, ҳаётга бўлиб банда,

Қўшиқчи бўлсам эди, ҳеч бўлмаса созанда.

 

Каптарларим, каптарлар ҳай – у, ҳаю, -ула.

 

Хаёлим ойнасидан недир учиб кетганда,

Севгимни мумиёлаб тушлар қочиб кетганда.

Муҳаббатим ўзимдан сўраганда ризолик,

Қўшиқчи бўлсам эди, ҳеч бўлмаса созанда.

 

Хаёлим ойнасидан недир учиб кетганда,

Севгимни мумиёлаб тушлар қочиб кетганда.

Муҳаббатим ўзимдан сўраганда ризолик,

Қўшиқчи бўлсам эди,ҳеч бўлмаса созанда.

 

Каптарларим, каптарлар ҳай-у, ҳаю, ҳай-ула.

 

 

 

               *    *     *

Самарқанд мени баҳорда чақиради,

Минорлар юради гаплашиб.

Дарғомда уйғонган балиқлар бақиради,

Камалаклар қувлашар ранг талашиб.

 

Боғлар гуркирайди, осмон ҳам ғилт- ғилт.

Бир йиғлаб олади, кулар қалдираб.

Қушлар гурросига мўлтираб мўлт-мўлт

Шаҳарга киради қирлар галдираб.

 

Ҳай-ҳайлаб томларга чиқар одамлар,

Дўппиларга тўлар юлдузлар нури.

Тизилиб рақс тушиб берар оқшомлар

Кундузларга чироқ кўтартиришиб.

 

Самарқанд мени чақиради бир кун,

Сочларин қиздириб иажнунтолининг,

Кўкрак қафасини ёриб бораман,

Қон пуркаб юзига шамолнинг.

 

 

  

 

                            *  *  *

Бебаҳо матога томган доғдайин

Ўчмайди шафақлар минг ювилса ҳам.

Сарсари, шақиллаб ўтса – да, йиллар

Сен ўша, ўша...

Томчи –ла тасвирлаб бўлмайди сени

Ҳатто англатолмас, билса-да кўршаб.

Тап-таранг тасмадай кокилларингни,

Тараган исёнлар бермас изоҳлаб.

Сен ўша, ўша...

Беҳуда даъволар қиламан гоҳо,

Хобгоҳинг қўриқлар фалак лашкари.

Ошкор этмоққа тутинаман гоҳ,

Ақлдан ташқари,

Фикратдан ташқари...

Во ажаб ингичка қилдан ҳам нозик

Иплар чувагувчи балогир сарҳад

Аро, минг йиллик бутхона янглиғ

Тоқатни тоқат-ла тилгувчи қаҳат—

Ўша, ўша...

 

             

       

                      *    *   *

Тонгдан узиб келдим, сени, осима,

Қуёшдан тахт тилаб, шамолдан тулпор.

Тилаб, сўраб топган ганжим, хазинам,

                            Сен —чобуксувор.

 

Шамшод дарахтига илдим ҳалинчак,

Солдим унга турфа гуллар қиқирин.

Қизғалдоқ баргидан қилибман йўргак.

                            Ухла, капалак.

 

Бойчечак мағзида илоҳий рутба,

Ялпизни дилларга олдик тегизиб.

Дарахтлар шохида масрур шабода,

                            Чалар сибизиқ.

 

Юзингни анордай қизартирди куй,

Кўзим – ёқту, оқди, чулғаниб чак-чак

Юрагинг гупиллаб, ўйнаб тинмади,

                            Така – так, так – так...

 

Тонгдан узиб келдим, сени, осима,

Бу шеърим хаёлдир, бу шеърим ёлғон.

(гарчанд теграмизда шаталоқ отар,

                            Оқ-оппоқ жайрон.)