“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 132 марта кўрилган.

Қадимий битикка ўхшар бу юрак...

Воҳид ЛУҚМОН

Қадимий битикка ўхшар бу юрак...

                   * * *

Юлдуз бунча узоқ, бунчалар хира,

Тутундан қорайган дарахтлар юзи.

Кириб келаяпти тап тортмай сира,

Кимнинг илк,

         кимнингдир охирги кузи.

 

Деразалар очиқ, парда сурилган,

Илҳақ ахтараман сомон йўлини.

Дунё деганлари ажиб қурилган,

Ўпаман бўғзимда турган қўлини.

 

Аллақачон тинган булбул хониши,

Чирилдоқлар ўчган

                   чироқдек тим-тирс.

Кўнгилни иситмас асад ёниши,

Кириб келаяпти кутилмаган куз.

 

Кўзларингга ботар ойсиз тун оғир,

Киприкларинг мудрар

жажжи қушлардай.

Билмадим нимадан юрагинг оғрир,

Нега ошиқасан билмам тушларга.

 

Деразалар очиқ, боролмам учиб,

Гўёки тутқунман, гўёки маҳбус.

Менинг баҳоримни оҳиста қучиб,

Қўйнига кирмоқда буқаламун куз.

 

Тунни тилиб борар поезд шовқини —

Гўё сукунатга дўқ уриб, койиб.

Унутгим келмайди кўклам шавқини —

Августнинг ўн беши. Зулқаъда ойи.

 

                   * * *

Карвонсарой эмас бу юрак,

Кимлар келиб, кетавермас ким.

Хобхонамас отгали хуррак,

Зиндон эмас ўтиргали жим.

 

Кулба эмас тўкилган кулдек —

Эшигига надомат тиргак.

Ва ё бевақт узилган гулдек

Қўлма-қўлмас асти бу юрак.

 

Саҳро каби ҳорғин, яйдоқмас,

Эҳтимолки, юксакмас тоғдек.

Аммо оёқ ости байроқмас,

Ташландиқмас кимсасиз боғдек.

 

Дупурламас асов айғирдек —

Пўртанадек қўпмагай балки.

Қизғалдоққа кўмилган қирдек,

Булутларни ўпмагай балки.

 

Кенг эмасдир балки йўл каби,

Бироқ қилдек қирриқ, тор эмас.

Кимгадир узанган қўл каби

Мурувватга муҳтож, зор эмас.

 

Чақмоқ каби самони бузмас,

Лек самога таслим, берган тан.

Эртасидан умидин узмас —

Унда яшар ўзбеки Ватан.

 

                   * * *

Ҳамма ўзи билан ўзи овора,

Биров билан бировнинг иши йўқ.

Гўёки бутун бошли сайёрада

Ҳолинг не, деб сўрайдиган киши йўқ.

 

Автолар ўтади шошиб, тутоқиб,

Оломон йўлларда селдайин оқар.

Ҳансирар вақт — нафас олар ютоқиб,

Дақиқа сония ортидан боқар.

 

Шаҳарга зеб берган кечаги ёмғир,

Оламни тўлдирган илоҳий ифор.

Одамлар мурчадек югурар зир-зир,

Қалбларни тарк этган ҳайрат, эътибор.

 

Қиёфалар жиддий, чимирилган қошлар,

Тиллар тугилгандек одимлашар жим.

Кексайиб қолгандек гўёки ёшлар,

Фақат рекламалар қилар табассум.

 

Метрода шарақлар фақат пўлат из,

Секин шивирлашар фойдадан, нафдан.

Ҳар битта бекатда жонсарак бир қиз

Огоҳлантиради қандайдир хавфдан.

 

Хавфки, ёғ босади кўзимизни нақ,

Хавфки, тоза туйғуларга солар чанг.

Севги эвазига сўрайдилар ҳақ,

Хавфки, қалбимизни боса бошлар занг.

 

Мен кимман, маломат қилгани асли

Биттасиман ўша миллионнинг — бири.

Ёлғон гапирмоқлик, ҳушомад — касбим,

Кўксимда кўпчийди юрагим кири.

 

Шошаман, кимдандир керак ўзишим,

Баъзан югурганим бесамар кетмас.

Баъзида қалбимга қамоқ ўз ишим,

Атрофга боқишга ҳафсалам етмас.

 

Ўша оломоннинг бир заррасиман,

Бироқ умидим бор илоҳий авфдан.

Қалбда ёруғлик бор бир заррасимон —

Огоҳлантиргувчи қандайдир хавфдан.

 

                   * * *

Билмадим, бу юрак меники эмас,

Худди ғижимланган қоғоздек — ғижим.

Фақат ҳапқиради бирор сўз демас,

Бегона юракка тўладек ичим.

 

Бу юрак меники эмас, билмадим,

Кимсасиз — эгаси кўчиб кетгандай.

Қадимий битикка ўхшар бу юрак,

Сарғайиб, сўзлари ўчиб кетгандай.

 

Меники эмас бу билмадим, юрак

Шубҳа-гумонларга тўлиб қолгандай.

Ҳадик билан боқар ҳар ўтган касга,

Бир оқшомда қўрқоқ бўлиб қолгандай.

 

Эмас билмадим бу юрак меники,

Чўнқайиб ўтирар ҳиссиз, сўзсиз жим.

Ахир кимники бу, бирор кас борми,

Қаерларда қолди менинг юрагим?!

 

                   КУЗ

Йўлакларга тўкилар шивир,

Новдаларда синади кулгу.

Кўча кезиб юрибди ёмғир,

Чўмилади япроқлар — сулув.

Хиёбонда тентирайди дил,

Йўл — турналар ташлаган арқон.

Дарахтларнинг оёғин ўпар

Хиёнатдан сарғайган хазон.

Ўриндиқда жунжикар соғинч,

Елка қисиб ўтади хаёл.

Бу дунёда бормисан соғ, тинч,

Кўнгли кўклам тусаган аёл?

Ойнайўлда автолар акси,

Бекат гўё йиғлаётган кўз.

Сен томонга термулар ўксиб

Чорраҳада туриб қолган куз.

 

                   БАХТ

Бахт бу — сенсан,

                   бахтсизлик бу — мен,

Кетмоқдаман, қочоққа йўйма.

Мен ўзимни топиб келгунча

Сен ўзингни йўқотиб қўйма.

 

                   СИЗ

Сиз мендан ҳеч нарса

                            қилмайсиз талаб,

Мен сиздан ҳеч нарса

                            сўрай олмайман.

Сиз кетма, демайсиз,

                            мен эса… ё Раб,

Қолгим келса ҳамки… аммо,

                                      қолмайман.

Зотан, сиз севгига,

                            ишққа ташнасиз,

Зотан, мен меҳрга муҳтожман,

                                               зорман.

Билмам: кимга дўстсиз,

                            кимга ошнасиз,

Билмам: кимга ёрман,

                            кимга даркорман.

Кунора кўраман,

                            салом берасиз,

Ҳатто жилмаясиз

                            — қиласиз карам.

Мен сизни соғина

                            бошлаган кундан

Буён сизникиман,

                            сизгаман қарам.

Бир шуъла кўраман

                            кўзларингизда,

"Ким ёққан олов бу?"

                            — хатарли сўроқ.

Бегона исм йўқ

                            сўзларингизда,

Менинг исмимни

                   ҳам айтмайсиз бироқ.