“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 103 марта кўрилган.

ҲАЛИ БУТУН РЎЙИ ЖАҲОН ШЕЪР БЎЛАЖАК...

Усмон АЗИМ,

Ўзбекистон халқ шоири

ҲАЛИ БУТУН РЎЙИ ЖАҲОН ШЕЪР БЎЛАЖАК...            

* * *

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,

Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ.

Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…

Замин — тилсим, осмон — тилсим…

                                      шеър — бешафқат!

Мен қийналдим. Хаёлимнинг қанотида

Денгизларни кўтарганча толиб учдим.

Юлдузларни кўп кўрганман ҳаётимда,

Денгиздаги юлдузларни келди қучгим.

Кўкка бокдим, ўт туташди жоним аро…

Қат-қат булут қатларида не сир-асрор!

Ҳайрат ичра ўлдиргуси мени само,

Она замин, уча қолай, қўйиб юбор!

Мен ёр дедим… Лайлими ё, Ширинми ё!

Ёки энди туғилажак бирор малак?

Мана мен, деб кўз олдимда бўлди пайдо,

Мана мен, деб шеърдан бокди якто юрак.

Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ,

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида.

Шеър ёзилар… Қийноқ, сенга бўлсин шараф,

Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…

Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак,

Фақат бекор билиб ором қучоғини —

Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,

Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!

                  

                   * * *

Ёлғизлик ортимдан ҳувиллаб қувди,

Токи йиқилгунча югурдим бетин…

Бир аёл туфлимнинг лойини ювди — 

Унга севаман деб айтмаган эдим.

 

Қисмат масхаралаб бизни отганди

Танҳолик кечасин тор қучоғига.

Билмадим, қай маҳал аёл уйғонди

Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.

 

Асли масхаралаш қисмат матлаби,

Аммо ҳайрат ичра гангиди хиёл:

Қувониб (масалан, гул терган каби),

Туфли ювар экан тунда бир аёл.

 

Менга кўзи тушиб аёл қизарди,

Уялди — қўллари тушди шалвираб.

Энди у қаршимда йиғлаб турарди,

Ёмғир қўйнидаги баргдай қалтираб.

 

Қўймоғим шарт эди бир жасур қадам,

— Қулаб танҳоликнинг ғариб аршидан.

Чўчидим мен — меҳр кўрмаган одам —

Севги туфли ювиб чиқса қаршимдан.

 

Кетдим… Ёмғирдайин ўтдиму кетдим,

Минг аср танҳолик кечди бошимдан.

Минг аср оралаб қайтадан етдим,

Ўша ёлғиз қолган аёл қошига.

 

У менга бахт берди осмондай улкан,

Мен-чи?.. Мен қоврилдим бахтнинг доғида…

Бедорману нечун уйғонолмайман

Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.

 

                   * * *

Ўша — мени ҳеч ким соғинмаган шом

Авто бекатида ҳайрона турдим.

Бошимни кўтариб боқдим бир замон.

Қаршимда бир йигит, бир қизни кўрдим,

 

Йигитнинг палтоси... Йўқ, ёдимда йўқ...

Аниқ, кўм-кўк эди қизнинг палтоси.

Белларини қучган белбоғи ҳам кўк.

Ҳатто кўм-кўк эди тўртта тугмаси...

 

Йигитнинг кўзлари... Эслай олмайман...

Ошкор жаранглатиб пинҳон ўйини,

Қизнинг кўзларида ёқарди гулхан.

Эркалик ва ишқнинг маъсум қуюни…

 

Йигитнинг юзида билмайман, нима...

Аммо қизнинг юзи қаршимда аён:

Уни кўмган эди гулгун шафаққа

Муҳаббат — энг мовий покиза осмон...

 

Қор бўлса ёғарди, қизнинг бошидан

Кумуш тангаларни аямай сочиб,

Шамол титар эди — кўзи, қошига

Манглайига тушган бир тутам сочин.

 

Йигит... Йигит билан қанча ишим бор!

Аммо қиз йигитни шундай суярди -

Ки, гоҳ термуларди ҳазин, беозор,

Гоҳо қўлларини ушлаб қўярди.

 

Тошкентдай шаҳарда, балки дунёда

Ягона — ҳаммадан гўзал эди қиз.

Чиқмаса ҳам телба орзум рўёбга,

Бўзлаб қаршисига чўкким келди тиз!

 

Йигит... Аммо нега сени ўйлайман,

Ҳозир ҳам ҳавасдан музлайди этим...

Мен қорли бекатда вайрон турган шом,

Сен мендан - ҳаммадан бахтиёр эдинг.

 

                   * * *

Севгимиз ўлдими? — либосингиз кўк,

Кўнглингиз — бегулхан, кўзингиз — бечўғ.

Биздан бориш йўқдир, сиздан — келиш йўқ

Келишсиз дунёда беғам, азизим,

Нега кўзларингиз бенам, азизим.

 

Ўт етди — қақшатди банд-бандларимни,

Тупроққа сочдингиз баландларимни,

Ақлимни, дилимни — бебахтларимни —

Боришсиз дунёга отган, азизим,

Олисда ой каби ботган, азизим.

 

Чунки тунга айтар рост "оҳ"ингиз йўқ,

Фалакда кезгани шаън роҳингиз йўқ,

Нечун келмайсиз, гар гуноҳингиз йўқ -

Боқаман: нигоҳим — гумон, азизим,

Йўлларинг тумандир, туман, азизим.

 

Қаранг, минг бир баргда кузак учадир,

Қизил-сариғида — юрак учадир,

Сўнгаклар учадир, суяк учадир -

Бу тўфон — хазонлиғ менман, азизим,

Сизсиз минг кузакка тенгман, азизим.

 

Аммо сиз сарғайманг — гулли боғ бўлинг,

Ям-яшил кўкаринг, мудом соғ бўлинг,

Баҳорнинг бағрида беадоғ бўлинг —

Ахир, қарғаганим сизмас, азизим,

Икки куз дунёга сиғмас, азизим...

 

                   * * *

Бу ерга келтирди мени тасодиф,

Кимдир шеригига латифа сўйлар.

Кимдир креслода ухлайди қотиб,

Марк Бёрнс турналар ҳақида куйлар.

Қаршимда лобар қиз ўлтирар жиддий.

Ичмаган. Столда қадаҳи лим-лим.

Сездингми, хонада бир армон ҳиди,

Турналар оламда учмоқда, синглим!

Кимгадир ёқмади бу маъсум қўшиқ...

Бошланди машина ҳақида баҳслар,

Бир жуфт қийшанглайди ўзича жўшиб,

Янги нағма эмиш ажнабий рақслар.

Қайдасан, Маркс Бёрнс? Куйлагин эзиб,

Олифта, наҳс босган давра чўксин тиз.

...Кетаман, тун бўйи дарбадар кезиб,

Турналарим билан қолгани ёлғиз...

На бўлди, бу сенинг ташрифингми, шеър?

Бошимни тарк этмас ўжар бир хаёл...

Лобар қиз даврага яхши қолинг дер

Ва жўнар ҳаммани қолдирганча лол,

Ишқибоз йигитча тополмас тадбир:

— Нимага? Не бўлди? Шундай тунда... Бас...

Ўжар қиз хўрсинар:

— Тушунинг, ахир,

Марк Бёрнс куйлайди, ҳеч ким тингламас!..

Қайтмагин! Юраклар бордир оламда -

Ки, улар пок ҳислар юрти — ватани.

Уларни излаб топ,

Ҳеч бўлмаганда,

Турналар учганда ғамгин боққани

 

         ГЛАДИАТОР

Бу аёлга хуш ёқмайди қон,

Чўзганича титраган қўлин,

Шивирлайди беҳушу бежон:

- Ўлим... ўлим... Мағлубга ўлим...

 

Менинг бекам эди бу аёл,

Аммо бекалиги ўзига!

"Севаман" деб боқдим бемалол

Кўзига, кўзига, кўзига!

 

Қамчи билан урди у мени,

Бироқ ўжар лабим тинмади.

У қаршимда бошини эгиб

Йиғлади, йиғлади, йиғлади!

 

Хўжайиним — семиз сенатор —

Рашкими, йўқ, келибми ғаши,

Қаҳ-қаҳ уриб кулди:

— Театр!

Жангга, хотинимнинг ўйнаши!

 

Мен мағлубман. Синди ҳаётим.

Ўлдирмоқлик рақибнинг бурчи...

Тушларимда мен у аёлни

Озодликдан қаттиқроқ қучдим!

 

Сен нимани кўрибсан, эй, Рим?-

Дабдабаю, жанглар, қурбонлар...

Мен-чи, анов аёл-ла сурдим,

Тушларимда не-не давронлар!

 

Мен ўламан. Сен-чи, кетасан

Сенатга, ё қургани базм.

Сен маст-аласт ухлаб ўтасан,

Унутгансан туш кўришни, Рим.

 

— Ўлим! — аёл силкитар қўлин —

У ҳам сенинг бир қўрқоқ наслинг.

Рим, қурбоннинг кўзига қараб,

Алдамоқни қилгансан расм.

 

Мен ўламан. Мени кўммайсан.

Ем бўлади итларга таним.

Сен одамни итча кўрмайсан,

Сенга нима инсоннинг шаъни!

 

Мен ўламан. Шоиринг ўқир —

Хос мажлисга ғофил шеърини.

Эркакларинг ёлғон ваъз тўқир,

Хотинларинг алдар эрини...

 

Қандай ўлар гладиатор? —

Сўнг онамни айтмоқ ҳам бурчим...

Ўларимда мен у аёлни

Ҳаётимдан қаттиқроқ қучдим!

 

                   * * *

Тўйганмидим шодликни ичиб,

Келганмиди ҳатто ишқ малол,

Айтолмадим: — Азизим, кечир...

Қичқирмадим: — Кетмасанг-чи! Қол!.

 

Ёлғизликнинг улкан залвори

Босар — қалбим тортади майда.

Энди қаро тунга ёлвориб,

Шивирлайман: — Қайдасан, қайда?

 

Энди беишқ бегоналарга

Оёқости бўларкан жоним,

Мен хушомад қилиб уларга

Жовдирайман: — Илтимос, қолинг...