“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 201 марта кўрилган.

Дунё, қулоғингга битта сўзим бор

Гўзал БЕГИМ

Дунё, қулоғингга битта сўзим бор

СЎЗИМ БОР

                   1

Дунё қулоғингга айтар сўзим бор

ҳар куни кесилган умидлар ҳаққи

қисматимга тушган ношуд қурт ҳаққи

тунга муҳр қўйган тийра нур ҳаққи

йўлнинг ўйдим-чуқур ноласи ҳаққи

чала яшаб ўтган фикрлар ҳаққи

юрак ҳаққи ҳечам ёришолмаган

сув ҳаққи сачраган тўлишолмаган

кўнгил ҳаққи кетган ва кетаверган

ой ҳаққи ойлигин ҳеч вақт билмаган

кулгумга қўл кўтарган жозиба ҳаққи

дилимни терс чизган мусаввир ҳаққи

ер шарин ўлчаган тасаввур ҳаққи

дунё қулоғингга битта СЎЗим бор...

 

                   2

Дунё қулоғингга айтар сўзим бор

ипакли

чечакли

қадли

келбатли

яшириб қўйилмаган

қалб қабатимга

бурни қизармаган

ичига

дами тушмаган

шойи кўйлак кийиб чиққан оқ йўлга

ийманиш таҳсилин ўтаган сўзлар...

Дунё

қулоғингда гулгун сўзим бор

синиқмай қараган синиқ дилларга

ҳали силтанмаган

ерга қарамаган

муддатга қўл қўйиб

муҳлат сўраган

бир оғиз

бир юрак

сўзим бор менинг

 

         * * *

Мен сенсиз

бўм-бўш ўйимга

оёғимни ечмай кира оламан

овоз узайтиргич ила

кўзгудаги эски кулгунгнинг

хомаки нусхасин эшита оламан

Мен сенсиз

чўнтагимга ғамни буклаб солганча

шивирлаб чақириб

хотирнинг тагига

тўрт қават кўрпача

тўшай оламан

бевафо ваъдаларнинг

беқарор истакларнинг

сочларини сўнгги русумда

турмаклаб қўя оламан

Мен сенсиз

илгакда осилиб турган очликнинг

қўлларидан етаклаб олиб

юрагимда меҳмон қиламан

тўнкарилган

чорловнинг устидан ҳатлаб

ҳар куни

ҳар куни ўрнимга кира оламан

Мен сенсиз

юрагимни қоқиб силкитиб

юра оламан

кула оламан

мен сенсиз кула оламан

 

         ОҚ МАКТУБ

Сендан мактуб келди оққушдай,

Қораланган қораламасиз.

Кўзларимда беҳуш, бўшангдай

Мангуликнинг илк сайланмаси.

 

Мактуб келди - қоши, қабоғи

Уйилган ва уймаланади.

Битта жоним, мингта азобим

Шу қоғозга тамғаланади.

 

Мактубларинг сўрайди мендан

Қандай ётиб, уйғонганимни.

Юракнинг ҳар хархашасидан

Омон ўтиб, соғ қолганимни.

Ва сўрайди кеча тушимдан

Мен миннатдор бўлганлигимни.

Ойнинг ярми кетиб ҳушидан

Чап ёнимда тўлганлигини.

 

Яна сўрар ушбу кўчанинг

Чангларидан сақланишимни.

Бармоғимнинг қисирлашидай

Сочларим ҳур алқанишини.

 

Шаҳар кўрган узрлар билан

Отга минар оқ қоғозларинг.

Юрагимда минг ўтмиш кўрган

Бугуннинг шоҳ созин созладим.

 

Мактубларинг — мўмин ва муслим,

Қишда пишган буғдой бошоғи.

Умидимга етмас тасалли

Ва сен сочган дарднинг ушоғи.

 

Сендан мактуб келди оқ, оппоқ,

Юзлари, сўзлари келишган.

Оқсуякдир, фақат камқонроқ,

Ҳар бир ҳарфи қордек тўлишган.

 

                   * * *

"Бика" дейсан, исинар кўнглим,

Тан олмайман ўзга таърифни.

Тарих минг йил эркаласа ҳам

Ўзгармайди исму шарифим.

 

Ёвдан омон чиққан эл каби

Қалдироқлар солар туришим.

Муз музейдан чиққан ҳаводай

Бекаликка кетдим киришиб.

 

Юрагимга суянма бундай,

Эриб кетар матонатларим.

Кўзимга қамалган тутундай

Оёғимда оқ қанотларим.

 

"Бика" дейсан, жон равоғига

Нақшлайман шу бек асрни.

Жимирлайди кўк табоғида

Ортиб қолган орзу таъбири.

 

                   ***

Ҳеч кимим йўқ менинг бу ерда

Гуллаб, сўлиб, ўлиб бўлганман.

Ҳар томчидан олиб андоза,

Тўкилиб, тўкилиб тўлганман.

 

Кўнглим менинг кенг яйдоқ дала,

Қўйларимни ҳуркитар осмон.

Йиғим юввош ва яна чала,

Чақинларим чарчаган ўрмон.

 

Бир йиғининг сасидай майин,

Бир кулгунинг товшидан тундроқ.

Ўтирибман эгилган ўйдан

Жудоликлар ясайди мунчоқ.

 

Деразамнинг ортида туриб,

Қўлларини узатар қисмат.

Кипригимда бир мактуб қуриб,

Ишқ номидан келар қора хат.

 

Лабларимни ростлаб кўраман,

Қойиллатиб ҳур жилмайишга.

Жонга теккан кундек тураман

Ҳечлик, йўқлик менга қайишган.

 

Ҳеч кимим йўқ менинг бу ерда

Думаласам, кетавераман.

"Ушланг мени!" дейман ҳар кимга,

Юз қаватли елдай эсаман.