“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 240 марта кўрилган.

ЖАМОЛИНГДАН ҲАЙРАТДА ЗАМОН

Ошиқ ЭРКИН

1937 йил Хивада туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган.

"Иқбол", "Оҳулар", "Йилга татиган бир тонг", "Ёлғоннинг умри қисқа", "Пўлат ва унинг бобоси", "Тиллақуш", "Меҳринг тушди юракка", "Азим дарё", "Ўлгунча сизни дерман", "Ишқинг тушди юракка", "Мужгонингга салламно" каби китоблари нашр этилган.

"Шуҳрат" медали ҳамда "Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" унвони билан тақдирланган.

ЖАМОЛИНГДАН ҲАЙРАТДА ЗАМОН

ҚИЙНАЛМАСИН

Севсангиз жондан севинг, сўнгида жон қийналмасин,

Бемеҳрга дуч келиб, бир меҳрибон қийналмасин.

 

Ҳеч бир ошиқ куймасин ишқ ўтида девонавор,

Унга ёр бўлсин садоқат, ҳеч қачон қийналмасин.

 

Севги бўстони вафо бирла безансин бир умр,

Тушмасин боғга ғубору, боғбон қийналмасин.

 

Сен кўтар осмон қадар ёрни муносиб бўлса гар,

Кетса оҳ чексин замину осмон қийналмасин.

 

Биз-ку меҳмон бир-бировга, хонадондур бу ватан,

Бир-бировни қийнамайлик, хонадон қийналмасин.

 

Соҳиби шондур муҳаббатда вафоли бўлса ёр,

Ёрга бахт бахш айлаган соҳиби шон қийналмасин.

 

Ошиқ Эркинга ўзинг жону жаҳонсан, дилбарим,

Қийнама, бир мен эмас — жону жаҳон қийналмасин.

 

МЕН СЕНИНГ ЖОНИНГ БЎЛАЙ

Сен менинг жонимни олгин, мен сенинг жонинг бўлай,

Қадди-бўйинг-чун, нигоро, дамда қурбонинг бўлай.

 

Бахтли қисматдур висолга ўртаниб етмоқ азал,

Қилма тарк ҳижрон азобин, маҳваш, ҳайронинг бўлай.

 

Бу шараф йўлида фарз мендан мурод, сендан карам,

Васлингга етказ, висол кўкида комронинг бўлай.

 

Мен сенга содиқ, вафодор, сендан менга сарви равон,

Лутф қилғил, бир умрлик танда дармонинг бўлай.

 

Сен менга хуршиди тобон, лаъли хандон бўл мудом,

Мен сенга достон битай, содиқ ғазалхонинг бўлай.

 

Йўлларимда сен гулу райҳон бўлиб қилғил хиром,

Йўлларингда, Ошиқ Эркин, меҳри рахшонинг бўлай.

 

ЖОНИМА НАШТАР ҚАДАРЛАР

Жонима наштар қадарлар нозанин ёр кўзлари,

Жона офату балодур жоду, хуммор кўзлари.

 

Меҳру шафқатлар тилаб кўп иштиёқин тортарам,

Меҳру шафқат ўрнига бергуси озор кўзлари.

 

Билмадим пайкарми ё, ақлинг олувчи сеҳри бор,

Билмадим, лек бир қарашда қилди бемор кўзлари.

 

Бир карам қилгин дедим, учраб дадил мен бир йўли,

Бир қараш бирла қочирди кўп ситамкор кўзлари.

 

Қўрқаман айлаб жасорат ой юзига боққали,

Қўрқаман, кўз ўтим олган ўша хунхор кўзлари.

 

Хушламас гар гул эсанг ҳам гулсифат райҳоналар,

Хушламас Эркин сени ҳеч ўша дилдор кўзлари.

 

СЕВДИМ ДИЛОРОМИМНИ

Дўстларим, кўнгил қўйиб севдим дилоромимни ман,

Эл кезарман ёди бирла йўқлаб оромимни ман.

 

Қочгай уйқу кўзларимдан соғиниб тун-кечалар,

Ухламай кундузга бердим кўп ширин шомимни ман.

 

Қилмангиз айб, дўст-у ёрлар, мен уни Ширин десам,

Севгимиз достон этай, Фарҳод қўйиб номимни ман.

 

Йўқ поёни завқу шавқим, сипқориб сармаст бўлай,

Лаблари болига тўлган лолагун жомимни ман.

 

Ишқимиз пок чашмасидан баҳра олсин ўзгалар,

Шул эрур истак, сўрай жавлон уриб комимни ман.

 

Нола қилмас Ошиқ Эркин, дил тўла меҳри вафо,

Ёд этарман ҳар қадамда сен дилоромимни ман.

СЕНИ КЎРГИМ КЕЛАВЕРАДИ

Эй, барчадин хуш кўрган дилдор,

Не сеҳрингу не хислатинг бор?

Оғушимда такрору такрор...

Кўнглим қушдай елаверади —

Сени кўргим келаверади.

 

Жамолингдан ҳайратда замон,

Лаби ғунча, қошлари камон,

Қанот боғлаб висолинг томон

Кўнглим қушдай елаверади —

Сени кўргим келаверади.

 

Меҳри дилим дарёдай оқиб,

Рақибларнинг ичларин ёқиб,

Ҳар чаккангга бир-бир гул тақиб,

Кўнглим қушдай елаверади —

Сени кўргим келаверади.

 

Ишқ чаманим бўлар сўлгудай,

Қийналаман Мажнун бўлгудай,

Бир кун кўрмасам-да ўлгудай,

Кўнглим қушдай елаверади —

Сени кўргим келаверади.

 

Ёритдинг деб туну кундузим,

Мос келди деб, қоши қундузим,

Порлоқ юлдузингга юлдузим,

Кўнглим қушдай елаверади —

Сени кўргим келаверади.

 

Ўзганинг садқаси кетай деб,

Жоним, севгим туҳфа этай деб,

Орзуйимга бирга етай деб,

Кўнглим қушдай елаверади —

Сени кўргим келаверади.

 

Икки чеҳранг мағзи чиройинг,

Бири қуёш, бириси ойинг,

Қўймай тортиб оҳанрабойинг,

Кўнглим қушдай елаверади —

Сени кўргим келаверади.

 

Таралиб сендан мушки анбар,

Димоғларим айлар муанбар,

Кўксим аро ҳар шому саҳар

Кўнглим қушдай елаверади —

Сени кўргим келаверади.

 

Қайда бўлсанг дарёдай тошиб,

Тоғу денгиз, саҳролар ошиб,

Ошиқ Эркин, жайрондай шошиб,

Кўнглим қушдай елаверади —

Сени кўргим келаверади.

 

МУҲАББАТИМНИ

Қўшиқ этиб куйларман, санам,

Сенга ёниқ муҳаббатимни.

Эллар кезиб сўйларман, санам,

Сенга ёниқ муҳаббатимни.

 

Қўшиғимнинг алвон байтлари,

Қуёш бўлиб сочарлар зиё.

Тонглар бедор сўйларман, санам,

Сенга ёниқ муҳаббатимни.

 

Сайёралар лол қолур, ҳатто,

Жўшқин дилим наволаридан.

Инон, достон айларман, санам,

Сенга ёниқ муҳаббатимни.

 

Юрагимдан заррин нур олиб,

Чарақлагай сўлим оқшомлар.

Мангу дилга жойларман, санам,

Сенга ёниқ муҳаббатимни.

 

Чаманларда этайлик сайрон,

Вафодорим, бергил қўлларинг.

Изҳор этмай найларман, санам,

Сенга ёниқ муҳаббатимни.

 

Ошиқ Эркин, юрагинг машьал,

Садоқатинг қуёшдек ёруғ.

Қайнаб-тошиб куйларман, санам,

Сенга ёниқ муҳаббатимни.