“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 278 марта кўрилган.

Дарёларнинг тўлқинидай чаппар уриб...

МУБОРАК БЎЛСИН!

Адабиёт ва санъатимизни ривожлантириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси, кўп йиллик самарали ижодий фаолияти ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Халқ шоири Ҳалима Худойбердиева Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фармонига асосан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди. Газета жамоаси ва кўп сонли мухлислар номидан шоирамизни муборакбод этамиз!

Дарёларнинг тўлқинидай чаппар уриб...

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон халқ шоири 

 

ЙЎҚЛАТАДИГАН ДАРДИМ...

Тошларимни осмонга отиб айтар додим бор,

Тиззамгача тупроққа ботиб айтар додим бор.

Минг йиллаб ухлаганим уйғотиб

айтар додим бор,

Минг йил ухламаганни ухлатадиган дардим.

 

Қирқ жойидан дард кетган,

қирқ ямоқ кўнглим менинг,

Абад тоза кунжи йўқ, доғу доғ кўнглим менинг.

Шу биргина дард билан соғу соғ кўнглим менинг,

Ҳарки поймол юракни ўқлатадиган дардим.

 

Худо берган шу дардим ишқу жунунимгача,

Ишғол этган батамом интиқом кунимгача.

Сўнг соатим келгунча, энг сўнгги кунимгача,

Борки тўзғин кулларни чўғлатадиган дардим.

 

Кулдирмоқчи эмасман, йиғлаб ушладим ўтни,

Ишқи капалакмижоз, гуллар

тутмасин юртни.

Ким кимнинг ишқи билан йиғлаб дунёдан ўтди,

Қолганни ҳам то охир йиғлатадиган дардим.

 

У шундай йиғлайдики... сурилар қабр тоши,

Чил-чил синар тирикнинг тоқат,

сабр-бардоши.

Ва... Гўрдан чиқиб қолар... майит кўтариб

лошин,

Қабрданам чиқартириб...

Йўқлатадиган дардим!

 

БИЛМАГАН ДАРАХТ

Ўз кучи, ўз бардошини билмаган дарахтман мен,

Қоқилгандай, битта жойдан жилмаган

дарахтман мен.

Сершох, сербарг новдаларим

чақчақлатиб қушларни —

Умри бўйи ўзи бир бор кулмаган

дарахтман мен.

 

Ҳолбуки шўх шамоллар-ла дайдиб

кетсам бўларди,

Кўп ишқий қўшиқ билардим.

Айтиб кетсам бўларди,

Қайтиб кетсам бўларди-я,

қайтиб кетсам бўларди,

Аммо манглайига қайтмоқ

Битилмаган дарахтман мен.

 

Баъзан ўйланаман, Оёқ берса, юриб кетсам деб,

Дарёларнинг тўлқинидай чаппар

уриб кетсам деб,

Кетмасам...

Шу туришимда ерга кириб кетсам деб,

Дунё ишларидан кўнгли

тўлмаган дарахтман мен.

Ўз кучи, ўз бардошини билмаган

дарахтман мен...

 

Гар шу истак ич-ичимда ўсса дарахтдай.

 

ШАВКАТ РАҲМОН ДЕГАН...

Парда ўсайми ё ўсмайми деган,

Дарахтдан кўзларим тўсаётгандай.

Кўкдами ё ерда бир буюк дарахт

Чинқириб тинимсиз ўсаётгандай.

Пўлатдай эшилган гиряларини

Кўксимизга қуйиб, ўтларда ёқиб,

Элнинг саёз тортган дарёларини

Жаннатий сувларга тўлдириб оқиб,

 

Банди оғочларнинг узиб бандини

Майдонларга чиқиб келаётгандай.

Нишонга олиб ҳар нодон, андини

Кўзин қаттиқ тикиб келаётгандай.

 

Миллатим деб юртга юз бурган чоғлар

Баҳайбат умиди тошдек қотганда.

Халоскор чечаклар, қора чечаклар

Гуркираб осмонга ўрлаётгандай!

 

«Жувонмарг бўлгурлар,

Жўмардинг борми?!»

Қиличдай бу садо кўксингни тешса.

Ўз ўрнингда кўрсанг буюк бир сорни,

Сенинг-да қонларинг вулқондай жўшса,

 

Демак, шундай дарахт ўсаётибди

Шавкат Раҳмон деган, суюк онларни

Илдизи Туронга илдиз отибди.

Шохлари кўтарар мусулмонларни!

 

Шавкат Раҳмон деган бир буюк дарахт...

Байроқни бермасдан..

 

Кўпчиликми юрт деб чопадиганлар,

Очилса, устини ёпадиганлар?

Худо кўрсатмасин,

Мабодо, агар

Минглаган ёв келса тўзиб пар каби,

Улар яширинмасми пана-панага,

Хавф сезган каламуш,

Сичқонлар каби?

 

Гўдакдай кўзларин кетмасми ёшлаб

Чекиниб тўқлари, гадолари-да?

Йўлбарсдай лашкарин кетарми бошлаб

Барсий ўкирик-ла, садолари-ла?

 

Мозий-ку Ватанга юзлаб шон берди,

Борми бу кунлар ҳам шон берадиган?

Мабодо ёв келса Кубролар янглиғ

Байроқни бермасдан...

Жон берадиган?! Борми?!

 

ҚЎҚОНГА БОРСАМ...

Ёдга Моҳларойим тушмоқда такрор,

Эшитгим келади товушларини.

Қўқонга борсам ва ақалли бир бор

Кийиб кўрсам дейман ковушларини.

 

Қаландарлар кезар «Ё Аллоҳ, дўст»лаб,

Майхўрлар ҳисоблар чақаларини.

Бегим Умархонга ишқини сўзлаб,

Ҳадал билан тикар ёқаларини.

 

Ойим ёди билан кўзим олди банд,

Ерни босиб-босмай фархунда келар.

Аввал пойин ўпган қўшиқлар баланд,

Кейин бошин қўйган хор кунда келар.

 

Сўнгги кунимгача тирик қасдим бор,

Элимнинг кўр, қотил одамларига.

Қўқонга борсам ва ақалли бир бор

Кийиб кўрсам дейман ковушларини...

 

БИР АЁЛ ҚАЙҒУСИ

Мен ёниб тугамагунимча

Сиз кимлигимни билмадингиз.

Имант Зиедонис

Қоронғида эдингиз,

Мен чорламоқчи бўлдим.

Тун ютиб кетмасин деб

Кўзи тўрт соқчи бўлди.

Сиз турган жойингиздан

Бир қадам жилмадингиз.

 

Жилғадай гирдингизда

Чопганим-чопган бўлди.

Сиздан мўъжизаларни

Топганим-топган бўлди.

Қадаҳдай қирғоғингиз

Ўпганим-ўпган бўлди.

Бўшаган жом экансиз,

Қайтиб ҳеч тўлмадингиз.

Мен ёниб тугаяпман

Сиз ҳамон билмадингиз,

Мен оҳ урдим, оҳ кекса —

Ёшларни тирилтирди.

На кекса-ёш, бори

Диндошларни тирилтирди.

Тоғларда ётган харсанг

Тошларни тирилтирди.

Сиз тирилмадингиз, йўқ

Ё... ёки ўлмадингиз.

Мен ёниб тугаяпман

Сиз ҳамон билмадингиз.

 

Билмадим, мисмидим ё

Тилла танга кетдим ҳайф,

Умрим бўйи бесамар

Кирдим жангга, кетдим ҳайф,

Қоронғида ботқоққа

Михланганга кетдим ҳайф,

Қай оловларда куйиб

Ўтди жон, билмадингиз,

Мен ёниб тугаяпман

Сиз ҳамон билмадингиз!

 

МАШЪАЛА

Ҳақиқат машъаласини

Кўтарган қўлларим куйди.

Қайта-қайта босилгану,

Кўкарган йўлларим куйди.

 

Қанчалаб ойларим куйди,

Қанчалаб йилларим куйди.

Сочим тўлқини минг тола —

Минг тола қилларим куйди.

 

Гоҳ дўстларим тонди ҳақдан,

Нажотлар кутдим фалакдан.

Бўлолмай ҳақ билан яктан —

Айтолмай тилларим куйди.

 

Машраб додлаб елар менда,

Усмон бежо кулар менда.

Куюк иси келар мендан —

Вужуду дилларим куйди.

 

Бу машъала куйиб қотган

Кафтларимда илдиз отган.

Ўт кўтариб кетаётган —

Бўйсунмас қўлларим куйди.

 

Шундай яшаб ўламан мен,

Дейман тушиб чўкка, қасам!

Қай кун машъал кўтармасам,

Шул кун кетган бўламан мен.

 

Ҳақиқат машъаласини

Кўтарган қўлларим куйди...

 

САҲРОДА

Тўхтама, тўхтасанг тамом сен

Тўхтаган соатга ўхшама.

Тўхтасанг ўликсен, товон сен

Юрганим учунам яхшиман.

Ёндирар саратон, бошда дор,

Бошгамас,

Одинга тикилгин.

Олдинга...

Олдимда қудуқ бор!

Йиқилсанг олдинга йиқилгин.

Майлига

Куйсин ер, куйсин кўк,

Ишон, айланмаймиз кўмирга

Ўн йиқил, юз йиқил

Ўлим йўқ,

Олдинда қудуқ бор, қимирла!

Кўз кўрмас

дейсанми,

Кўз тубан

Қудуқни кўзсиз ҳам кўрамиз.

То қулаб тушгунча

Юзтубан

Туролмай қолгунча...

Турамиз!

Қани тур!