“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 294 марта кўрилган.

МАНГУЛИК КЕМАСИ

Носиржон ЖЎРАЕВ

Наманган вилоятининг Наманган туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Улғайиш кунлари”, “Муҳаббатдан сўнг...”, “Энг қудратли зарра”, “Шарҳ” номли китоблари нашр этилган. “Ноябрь куйи” ва “Кибор” қиссалари эълон қилинган. Ҳозирда “Шарқ” НМАК Бош муҳаррири ўринбосари вазифасида ишламоқда.

МАНГУЛИК КЕМАСИ

Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром

1

Ҳар дилнинг ўз болалиги бор,

Ҳар юракнинг ёшлик хотири.

У дамларни эсласам, такрор –

Такрор сезгум соғинч тотини.

Ким кўп эслар шўху қувлигин,

Кимга ёд илк севги номаси.

Яна кимга байрамлар, лекин

Менга “Адабиёт хонаси”.

Дилга яқин бу дарсда ҳар гал

Хаёлимда гувларди уммон.

Чиқар эдим олис сафарга,

Оқ деворлар елкан бегумон.

Ўттиз мурғак денгизчи билан

Чайқаларди синф – кемамиз,

Сўзнинг буюк дарғаларидан

Сабоқ берар муаллимамиз...

 

Атрофимиз фақат кўм-кўк сув –

Тўлқинлари кўчар юракка,

Оқ балиқлар учади зув-зув

Ўхшаб худди оқ капалакка.

Қуёш олтин найзаларини

Саф-саф чекиб қўйган сув узра,

Уммоннинг тинч лаҳзаларини

Кузатаман бир дам кўз узмай.

Биламанки, осуда жойга

Етгунича бу кема омон

Чақмоқ тегди неча ёш жонга,

Сув остида қолди қанча шон.

Қанча тўфон кўрди бу шўрлик,

Қанча талон кўрди бечора.

Бир дарғаси қилганда ғўрлик,

Бир дарғаси излади чора.

Ким кеманинг ўткир бурнида

Келажакка тикди кўзини,

Кимдир эса қўрқув қўйнида

Ост бўлмага урди ўзини.

Кимлар эса бутун умрини –

Шамолларга очганча қучоқ,

Қалбда сақлаб элу юртини –

Сафарларга бахш этди мутлоқ.

Билардилар – бу йўл азобли,

Бу йўл озодликнинг шартидир.

Арқон каби эшиб асабни,

Жонни нисор этмоқ шарт эди.

Билардилар – ораларида

Чин ҳамроҳу чин дўстлари кам,

Биқинганлар хоналарида

Бари қўрқоқ,

Бари муттаҳам!

Билардилар – тор келса агар,

ўарқ қиларди дўстлар дўстини.

Мана шундай ғирром, ҳийлагар

Нарх қиларди дўстлар дўстини.

Ўз йўлидан қайтмади бироқ

Миллат учун нажот кемаси,

Манзилига етмоқ-чун тезроқ

Олға босди ҳаёт кемаси.

Ҳаёт –

Адабиёт кемаси!

 

2

Шляпали жаноблар ичра

Тоза ҳаво етмай бағрига,

Бошдан бахмал дўпписин ечмай

Бир зот чиқди кема саҳнига.

Зумрад сувга тикилди дастлаб,

Тўлқин бўлди хўрсиниқлари.

Мавжлар аро ётарди сачраб

Парча-парча юрт синиқлари.

Кейин кўкка боқди умидвор,

Мижжасида жимирлади ёш.

Шивирлади:

“Ҳали умид бор,

Ў, бизларни унутма, Қуёш!

Тақдирини биров ҳал қилган,

Тили кесик,

Қўлларида ғул –

Зулмларда қолган халқимга,

Бобоқуёш, ўзинг мадад бўл!

Елкасига нур соч юртимнинг,

Миллатимнинг йўлин ёруғ эт!

Юрагида заха бор кимнинг –

Зардоблардан уни фориғ эт!”

Тонгги ният эди бу калом,

Эл ҳаққига айтилган дуо.

Йиллар оша келган беором

Ўт юракдан чиққан илтижо...

 

Аммо шамол тескари эсар,

Кўк уммоннинг сатҳи безовта.

Сўниб борар орзуси эса

Муз эриган каби оловда.

Жуда яқин қолди таназзул,

Ҳали олис йўлнинг охири.

“Худо, ўзинг бизга мадад бўл!”

Дуо қилар ҳазрат Қодирий.

 

3

Кумушбиби хатидек маъсум

Тонг отади уммон бошида,

Кемада-чи, кучаяр босим

Жон ваҳмида, жон талошида.

Ҳамма сезар – сокинликдан сўнг

Бир қудратли бўрон бўлишин,

Айтиб турар кўзлардаги мунг

Ким қотил, ким қурбон бўлишин.

 

Атроф фақат сувдир, фақат сув –

Тебраниши кўчар юракка,

Оқ балиқлар учади зув-зув,

Ўқ сингари учади якка.

Гарчи тонг бор,

Гарчи қуёш бор,

Замин йўқдир,

Она тупроқ йўқ!

Кема ичра ҳадик устувор –

Кимга тегар ғаним отган ўқ?!

 

Тўрт томонинг сув бўлса агар,

Билинмайди олдга юрганинг.

Дард устига чипқон – муқаррар

Ўлимингни кутиб турганинг.

Сен сувларга термуласан бот,

Улар сени пойлайди зимдан.

Сен – борлиққа тикилган Ҳаёт,

Улар – Ўлим, келган изингдан.

“Мен эрк учун курашаман!” деб

Ўз ўзингга ичгансан қасам.

Аммо зулм чанг солар ҳадеб,

Зулм билан бир кемадасан.

Уммон чексиз, вақт эса шошқин,

Улгурмайсан бермоққа ёрдам.

Юрт бошига тўфону тошқин,

Халқ бошига қирғин келган дам.

Тезроқ юрса бўлмасми кема!

Кўмак берса бўлмасми шамол!

Ахир бир эл топар хотима

Кейин...

Кейин... Не кечар аҳвол?!

Гарчи тонг бор,

Гарчи қуёш бор,

Юртинг йўқдир,

Демак, бахтинг пуч.

Гар Ватанинг бўлса пойидор,

Енголмагай сени бирор куч.

 

Кема ичра ўлик сукунат,

Қолмоқ учун бунда то тирик

Дўстлар бир-бирини сотган пайт,

Дўстлар қон таъмини тотган пайт,

Кўкрагига тирноқ ботириб

Жимгина йиғлади Қодирий...

 

4

Чўлпон банди, Усмон бадарға,

Яна изсиз кетганлари кўп.

Қолмоқ учун кема бедарға

ўаддор дунё ўйин қилар хўб.

Бугун яна битта дарғанинг

Сўнгги тонги, сўнгги шомидир.

Ахир қайси худо қарғагур

Тўкди унинг ҳаёт жомини...

 

Бешта қитъа, тўртта уммонни

Бехарита бир бутун кўриб

Ва ҳамиша озод Инсонни

Топмоқ учун ҳар ён бош уриб

Ўтганларнинг сабрига балли,

Заҳматига қиёс йўқ асло.

Менга энди фақат тасалли

Берар улар яратган дунё.

 

5

Кўринганда дўппидек дўнглик,

Бошлар узра янгради бурғу.

Ҳали обод эмасдию, лек

Озод Ватан ери эди у.

Чеҳраларда турфа ҳиссиёт –

Ким йиғлаган,

Қийқиргани ким.

Ким ўтмишин айлаганча ёд,

Маҳзун-маҳзун туриб қолди жим.

Кўрганлари зинҳор саробмас,

Она юртнинг остонасидир.

Дийдорига етдилар-ку, бас,

Кўрдилар-ку жамолини бир.

Кема етди, елкани вайрон,

Қуйруқ-бурни мажақланса ҳам.

Ахир келди манзилга омон,

Ҳамон кимлар ажабланса ҳам.

Гарчи йўлда қанчалаб тўфон,

Оч тўлқинлар солмади чангал.

Мана насиб этиб, жонажон

Заминига ташлади лангар.

Во ажабо!

Баъзида ҳаёт

Сирларидан диллар танг қолар.

Тушиб келди янги бир авлод –

Навқирону ўктам дарғалар.

Бари ҳорғин, бари бемадор,

Лекин кўзда сўнмаган ўти.

Ахир элга қайтдилар илк бор

Узоқ йиллик айрилиқ ўтиб...

Энг оғири бу ёқда дарднинг –

Қолган эди улар жуда оз.

Қўлларида қаҳрамонларнинг

Суратию китоби холос.

“Қани улар? –

Ҳаммада савол, –

Сув ютдими, бўрон олдими?

Шундай улкан, метин кемада

Икки ҳовуч одам қолдими?!”

Тўғри, бу кўп аянч хотима!

Лекин қилинг эҳтиромини –

Ўз бағрида авайлаб кема

Олиб келди улар номини.

 

6

Деманг:

“Буни сўйладинг нега?”

Кўп эсдалик йиққанларданман.

Ўша кема истиқболига

Гул кўтариб чиққанларданман.

Қўлларимда Мирзо Анварга

Раъно ёзган севги номаси.

Мендек битта хаёлсеварга

Шу-да “Адабиёт хонаси”.

Сузиб юрган бўлса агарда

Беш қитъаю тўрт уммон оша –

Бизнинг юртдан чиққан сафарга

Мангуликнинг кемаси ўша.

 

7

Битикларим топганда поён,

Савол бердим ўзим ўзимга:

Ташбеҳ учун нимага уммон,

Кема рамзин киритдим нега?

Ахир уммон ўрнига саҳро,

Кема эмас, карвон деб айтсам,

Бўлмасмиди мукаммал иншо,

Сувни эмас, қумни ишлатсам?

Лекин ҳатто Саҳрои Кабир

Бўйрадек гап уммон олдида.

Биёбонлар тор эрур ахир

Бу эл кўрган армон олдида.

Яна бир гап – еру сув юзин

Энг биринчи тарҳ қилган халқмиз.

Аммо қизиқ  қисматнинг сўзи –

Ўзимиз денгизга илҳақмиз.

Балки шундан шеъримга туйқус

Кириб келди уммон тимсоли

Ва сизга ҳам илиндим, олис

Йўлдан келган сайёҳ мисоли.

Ҳар кимнинг ўз ҳаёт йўли бор,

Ҳар кимнинг ўз умр хотири.

Мен мозийга қайтганда такрор

Ёдга келаверар Қодирий.