“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 276 марта кўрилган.

НАФАС ОЛСАНГ ЮРАГИНГ БИЛАН

Даврон РАЖАБ

1967 йилда Урганч шаҳрида таваллуд топган. Республика Рассомлик коллежида ва ЎзМУда ва Ёзувчилар уюшмаси томонидан таъсис этилган Олий адабиёт курсида таҳсил олган. «Бир томчи юлдуз», «Бахт шамоллари» номли шеърий тўпламлари чоп этилган.

НАФАС ОЛСАНГ ЮРАГИНГ БИЛАН

ЮРАГИНГ БИЛАН

Қани эди, сенинг кўзларинг

Сийратимни томоша қилса.

Қани эди, менинг сўзларим

Нигоҳингда қуш каби учса.

 

Қафасидан айрилса кўнгил,

Макон топа олмаса тандан.

Ёқут каби таралиб хил-хил,

Нур таратиб турса кўзларим.

 

Кўзларингда аксимни кўрсам,

Умрим, содда хаёлларимни.

Қани эди, мен ҳаво бўлсам,

Нафас олсанг юрагинг билан.

 

* * *

Шоир дўстим

Шеърининг тагига

санадан сўнг

аниқ вақтни ёзиб қўйибди.

 

Бўлиши мумкинмас,

Ахир, бу ёлғон-ку?!

Ўқиган сайин-

кўп ўзгарар вақт.

 

* * *

Ёдимга туш,

У ерда сенга аталган

Мен борман.

Шундай асрайманки уни мен,

Ўзимдан қизғаниб,

Хотирасиз яшашга маҳкумман.

 

Ёдимга туш

ва кетма мендан,

Сени қўриқлаяпман

Кундани бош билан

Яширганмисол.

 

Ёдимга туш

ва мендан кетма...

 

* * *

Мени кимдир

Севиб қолган бўлса керак,

Йўқса, бунча яшамас эдим —

Кўзларимда қолган излари.

 

Кимдир кўзларимда қолдирибди

изларини

Мен ношуд,

Тирикман кўзимдаги муҳаббат билан —

Энди севгини қайтариш малол!

 

Билмайман,

Яхшилик қиляпманми

Ёки ёмонлик —

Тирикман.

 

Билмайман,

Шу севгининг соҳиби бўлиб,

Оёғимда юрибман ҳамон!

 

ОНАЖОН

1983 йил

Сиз бу суратимда

сумка кўтариб турган бўласиз,

унда тиқилинч оломон орасида

кўзларингиз ниманидир сотиб олишни

унутганингизни акс этиб туради...

ёдингиздан чиққан нарса

менинг ҳозирги соғинчимдир

мана мен, сизсиз йиллар ичида

кўтара олмаяпман

оғир юкларингизни

вақт ўтган сайин

вазни ошиб бораётган

тугунларни кўтарарканман

сизга оғир ботиб кетаётир

мен эмас

сиз мени йўқотиб қўйгандайсиз...

тиқилинч оломон орасида

мени излаб

мен томонга

ўта олмайсиз

Онажон,

Бу суратда

сизни одамлар орасида

яна кўргандайман.

 

* * *

Оч бинафшаранг олди осмон.

Ҳилол билан буржлар сирлашди.

Тирноқ шаклига кирди ойдон...

Туслар аста-секин тўқлашди.

 

Ой, сен билан суҳбатим йўқдир,

Аммо кўкдан дарчамга ҳар тун

Оқиб келар нур: шивир-шивир...

Ва ёришар юрагим буткул.

 

Бор ғуборни ювар тўзимим...

Ҳилол тушар қўлим остига.

Коинотга туташар йўлим,

Само дўнар кўнглим рангига.

 

* * *

Кунлар давом этар

Тақдир измида,

Бир тартиб кўринмай

Бошқарар сени.

Бесамар лаҳзалар нон ушоғидек...

Хаёл қушларига бағишлайди ризқ.

 

* * *

Қайтариб беришим керак,

Кўзимда акс этган манзараларни...

Ва ўз жойига қўйишим лозим,

Гуллардан таралган ифор

рангларин...

 

Шамолдан, тоғлардан,

хиёбонлардан,

Яширганим етар топганларимни!

Қуёш нурлари ҳам меники эмас,

Қайтаришим керак барини...

Бу — омонат ёндирар мени...