“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 311 марта кўрилган.

АНДИЖОН ҚИЗИ

Тўлан НИЗОМ,

Ўзбекистон халқ шоири

АНДИЖОН ҚИЗИ

Достон

АРАЗ

Санчилмасин дея суякка — этга,

Юракда бор гапни айтмасдан бетга,

Сира билдирмасдан туғишган юртга,

Сиз кетиб қолдингиз қарамай ортга,

Андижонга қайтинг, энди шоирам!

 

Бесоя тераклар кесилиб кетди,

Чинор япроқлари эзилиб кетди,

Чигал, муаммолар ечилиб кетди,

Ўрнингиз шу кунлар сезилиб кетди,

Андижонга қайтинг, энди шоирам!

 

Боғда семурғ ҳамон парвозга шайдир,

Лек сизсиз ўрнидан сира жилмайдир,

Сиз нечун кетдингиз, у ҳам билмайдир,

Кўлга кўз ёшини тўкиб йиғлайдир,

Андижонга қайтинг, энди шоирам!

 

Сизни эл соғинди интиқ-интизор,

Сизга айтар бўлган қанча сирлар бор,

Шоира бўлмоққа кўп қизлар тайёр,

Китоб олиб келинг, биз чин харидор,

Андижонга қайтинг, энди шоирам!

 

Сизни сўйлаб юрар ҳар кун Хуршида,

Замира шеър ёзди сизга бахшида,

Омина, Мунаввар ижод ишида —

Сизни кўрар эмиш ҳар тун тушида,

Андижонга қайтинг, энди шоирам!

 

Шаҳарни чулғайди тоза ҳаволар,

Сўраб-суриштирар мушфиқ момолар,

Ойина жаҳонда кўриб боболар

Қувониб қўл очар айлаб дуолар,

Андижонга қайтинг, энди шоирам!

 

Арчадан ям-яшил очиқ майдонлар,

Кутмоқда Тошхонлар, Сиёсатхонлар,

Оппоқ пахталарга тўлди хирмонлар,

Дунёни тарк этди не азиз жонлар...

Андижонга қайтинг, энди шоирам!

 

Қадрдон боғингиз соғиниб қолди,

Ғунчалар лабида кулгу йўқолди,

Сочингиз тўзғитган еллар уёлди,

Ҳар битта шеърингиз аланга олди,

Андижонга қайтинг, энди, шоирам? —

 

Қорадарё суви оқар ғувиллаб,

Андижон сойи ҳам шошар шовиллаб,

Боғишамол кутар сизни ҳувиллаб,

Баъзан ҳаво айнар, ёғар дувиллаб.

Андижонга қайтинг, энди, шоирам?

 

Шеър айтар минбарлар пасайиб қолди,

Шеър тинглар мажлислар

сусайиб қолди,

Шогирд қизларингиз эсайиб қолди,

Тўлан Низомийлар кексайиб қолди,

Андижонга қайтинг, энди, шоирам?

 

Бобур юртдан кетиб афсусга тўлган,

Орзу-армон гули очилмай сўлган,

Келиб-келолмаган, Аграда ўлган,

Аччиқ пушаймони Андижон бўлган,

Андижонга қайтинг, энди, шоирам?

 

Нодирабегим ҳам оғриниб хондан,

Озгина аразлаб, чиқиб Қўқондан,

Шоир Амирийни севган-чун жондан —

Қайтиб кетган экан ул Шаҳрихондан,

Андижонга қайтинг, энди, шоирам?

 

Саидахонимни биласиз аъло,

Бошига қўнганда қузғун бир бало,

Туғилган элини деди аввало,

Унга ҳайкал қўйди дўстлар, тасанно,

Андижонга қайтинг, энди, шоирам?

 

Ҳамма сизни қўмсар, кўринг қадрини,

Қўни-қўшниларнинг билинг сабрини,

Ака-укаларнинг қилманг жабрини,

Тавоф этмоқ учун она қабрини

Андижонга қайтинг, энди, шоирам?

 

Биздан ўтган бўлса, авф этинг бир гал,

Бизлар ғўр бўлсак-да, Сизсиз мукаммал,

Дунёда ҳеч иш йўқ бўлмайдиган ҳал,

Шоирга шеър ахир, бахтдан ҳам афзал,

Андижонга қайтинг, энди, шоирам?

Гўзал анжуманлар тўри Сизники,

Атласлар тўшалган сўри Сизники,

Оташин илҳомлар зўри Сизники,

Чўлпон сатрларин қўри сизники,

Андижонга қайтинг, энди, шоирам?

 

Биз бирга куйлайлик бу Андижонни!

Умрбод ўйлайлик бу Андижонни!

Мангуга сўйлайлик бу Андижонни!

Муқаддас айлайлик бу Андижонни!

Андижонга қайтинг, энди, шоирам?

 

 

МАРСИЯ

Жисмимиз йўқолур, ўчмас номимиз...

Ҳамид Олимжон

 

Фалак пештоқидан кўчган ул юлдуз,

Қоронғу қаърига нур сочар эди.

Зарраси ялтираб сўнмасди беиз,

Адашган йўлчига йўл очар эди.

 

Учқур тафаккури ўхшарди нурга,

Безавол севгига, вафога, аҳдга,

Етмиш йил тушовин солиб умрга,

Дард билан, ғам билан эришди бахтга.

 

Не бахтки, гапини айтолди очиқ,

Улашди нафосат, иффат, орият.

Бир сўзи ширину бир сўзи аччиқ,

Барчага баробар эди пок ният.

 

Озод домла деган суҳбатда бир вақт:

«Турсуной ҳақида ёзмоғим керак».

Устоз Саид Аҳмад этган эди қайд:

«Турсуной «лутф»идан уйғонур юрак».

 

Эркин Воҳид гапи чиқмайди эсдан:

«Турсуной лол этди тенг-тўшларини.

Шоир шундоқ бўлсин —

сўз топиб тездан,

Парвозга чорласин дил қушларини».

Бахтиёр Назаров айтган битта гап:

«Турсуной шеърлари кўнгилга яқин.

Сўзлари бир ипга тизилган садаф,

Нутқи жуда равон, маъноси ёрқин».

 

Ҳақ гаплар, у эди малоҳатга бой,

Гўёки тилига бир булбул қўнган.

Бўйлари ораста, юзи кулган ой,

Сунбул сочларида қора тун тўнган.

 

Аввало, У — Она, аёлдир, нозик,

Аммо жони унинг қирқталиги рост.

Бўйнида маржони, қўлида узук,

Матонати эса Тўмарисга хос.

 

Онани муқаддас билган Пайғамбар,

Белида белбоғи бўлган ҳар ўғлон.

Онани Ватан деб севган жон қадар —

Соҳибқирон Темур, Бобуршоҳ, Чўлпон.

 

Тобути бошида турибман дилгир,

Турсуной овози, шеъри ёдимда.

Кўзимдан ўтади хотирлар бир-бир,

Фарзандлари йиғлар шундоқ ёнимда.

 

У эса ётибди оппоқ кафанда,

Ширинга, Лайлига, Зуҳрога ўхшаб.

Охир кун қисмати шундоқ экан-да...

Дийдамда томчилар, турибман қақшаб..

 

У шундоқ яшади покиза, тоза,

Шул боис миллати уни кўп суйди.

Шул боис бутун эл ўқиб жаноза,

Аллоҳ ҳузурига кузатиб қўйди.

 

Қайтмас йўлдан кетди руҳлари учиб,

Худо даргоҳида айласин қабул.

Кавсар сувларидан қониқиб ичиб,

Жаннат боғларида бўлсин битта гул!..

 

Тилдан-тилга ўтар муборак исми,

Дилдан-дилга сингар қалбин офтоби.

Андижон ерига қоришди жисми,

Авлоддан-авлодга қолди китоби.