“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 248 марта кўрилган.

ХАЁЛИМГА КИРИБ КЕЛАСАН ТУЙҚУС

Икром ИСКАНДАР

1972 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. «Ойнинг ичидаги олам», «Баҳорни излайман» шеърий тўпламлари, «Бугунги нақллар» рисоласи эълон қилинган.

 

ХАЁЛИМГА КИРИБ КЕЛАСАН ТУЙҚУС

 

* * *

Ишқсиз одамлардан олис бир ёқда

қуёш каби анвор, мусаффо, бегард

қалбимнинг юрти бор

ва уни сохта

ҳислардан қўриқлаб ётгувчи бир Дард.

 

Бунда гуллар бордир кўнгилдай нозик.

Хаёл каби узун сўқмоқларида

бир қиз югуради қучоғин ёзиб,

қучмоққа...

Хаёлим турар нарида.

 

ТЕРАКЗОРДА

Рад этилган ошиқ хаёлларида

Кезган умид каби оғир, дилозор,

Дунёнинг ўткинчи шамолларида

Сирли шовуллайди яшил теракзор.

 

Қайга чўзилди бу заминнинг қўли?

Ҳавода баргларнинг оҳи, ўткинчи...

Наҳот, оқ баданлар болтанинг йўли,

Изида севгисиз, ғариб ўтинчи?

 

Шамол, қутулмоқнинг борми чораси,

Тераклар интилар не манзил сари?

Нечун чайқалмоқда, келмоқда саси,

Қалбим — хотирамнинг теракзорлари?

 

Нечун арз этмоққа сиғмасин ҳадди,

Қалбим қўзғолса бас! Тераклар ботир...

Хаёлга армонлар айтиб беради

Ҳали ўн саккизга кирмаган Хотир.

 

«Телба йигит, унут, — дея, — барини...»

Бағрига муҳаббат, меҳр мутлақ ёт,

Хотирамнинг яшил теракларини

Бир-бир кеса бошлар ўтинчи Ҳаёт.

 

Олислардан хабар олиб кел, хаёл,

Ёруғ дунёлардан эт мени огоҳ!

Шовуллаган қалби бўш, тиллари лол,

Мен — фақат кундадан иборат бир боғ.

 

Хаёл, сен бир имкон шартларини бер,

Менинг юрагимда йўқ зарра кадар.

Юрагимда Замин, юрагимда Ер,

Учиб кетгим келур осмонга қадар!

 

* * *

Қишлоқ узра оқшом — тўшакда

Ва қора кўзларда ётганда уйқу,

Бир ғалаён ясаб сокин фалакда,

Хаёлимга кириб келасан туйқус...

 

Шунда уфқ бағрига оқлик инади,

Юлдузлар ғарқ бўлар бир-бир ёшимга.

Тун сенинг сочингга яширинади,

Тонг келиб қўнади менинг бошимга.

 

* * *

Ошкора севгига айтгали видо,

Мен мактуб ёзаман сенга сўнгги бор.

Юрагим тубида бўзлайди нидо:

«Шундай муҳаббатга бердинг-а озор!»

Туйғулар девори билан ўралган

Қалбимда қайнарди ишқ деган булоқ.

Қайнарди осуда, ошуфта, дилғам,

Жимгина исмингни такрорлаб. Бироқ

Бир фурсат ҳисларни ёрди ҳаяжон,

Биргина мактубда: «Мен сени севдим...»

Бу фурсат ғафлатда қолмишди ҳижрон,

Сен томон сачради бир томчи севгим.

О, олис осмонда порлаган юлдуз,

Менга етиб келмас сенинг нурларинг.

Сени илғамайди энди басир кўз,

Ширин орзуларим, армонсан баринг.

Юрагимда бахтнинг саслари тинди,

Сен эса йиртавер маҳсур1 хатимни.

Қалбимнинг қатига кўмаман энди,

Сендан-да яшириб муҳаббатимни.

 

* * *

Кетасан,

тўзғитиб ўйларим — бесар,

абир ҳидларини сочганча йўлга

шамоллар бағримга қайтармоқ бўлган

сочларинг

шамолга қўшилиб эсар.

 

Қайрилиб қарамоқ сен учун ётдир.

Ортингдан қуш каби учмоқ бўлиб,

«жиз»

этган шўр юрагим

муаллақ, ожиз,

кўзим қирғоғида варракдай қотди.

 

Вужудим кўз бўлиб боқар ҳаётга,

кўзларим — икки барг — бағрини кесган

(Кетар маҳалингда ортингдан эсган)

шамоллар ўлимни солади ёдга...

 

* * *

Келдинг,

шамол каби эсди диллар ҳам,

тилга чиқди кўнгил тилаги —

энди хонамдаги гуллар ҳам

сени севишимни билади.

 

Теграмда нур қуйилгандайин

ғарқ бўламан куйга, баётга.

Ишқнинг чашмасидан ичган сайин

ташналигим ортар ҳаётга.

 

 

* * *

Қайғу кезган,

Бахт сезмаган

Бир ўлкада

Шамол эсар.

Дарахтларнинг

япроқлари тўкилади.

Харсанглар гунг,

Кўзларида на севинч бор,

на ҳасрат, мунг.

Фақат эсноқ тасаввури

Ўйларига уринади —

Дарахтларнинг фарёдлари

Бахтга ўхшаб кўринади.

Шамол эса,

фақат, эсар…

 

* * *

Ёмғир ёғар…

Қулоқларга қочиб киради шитирлаб

ёмғирда ивиб кетган бир

Товуш.

 

ҲАР ГАЛ

Эшик қўнғироғи чалинар секин.

Эриниб ҳомуза тортасан.

Лекин

асло шошилмайсан бориб очишга:

— Мўлтони бўлса керак...

 

Бўсағада турар мўлтони кўнглим.

 

* * *

Шодланаман қисинибгина,

Қайғу чексам ичимда ёшим.

Осмон четин қилганча пана,

Ўтиб борар мискин қуёшим.

 

Билмам, қайдан келди бу савол,

Қайдан бунча кўнглимзорлиги...

Айтинг, сизга келмасми малол,

Бу дунёда менинг борлигим?

 

* * *

Гарчи ўлдим,

кўнглимни

бўрон билан ўрадим —

япроқ каби йироққа

учиб кетди юрагим.

 

Гарчи ўлдим,

шитирлаб

синганида чириклар,

бир бахт кўрдим жонимда —

кўролмаган тириклар.

 

Гарчи ўлдим,

тупроққа

қоришмоққа шайландим —

мен ям-яшил ўтларнинг

ўтмишига айландим.

 

ЁМҒИРДАН СЎНГ

Гуллар силкинади,

Бевафо гуллар.

Юзида

ёмғирга

осилиб

тушган

Осмон парчалари

жовдираб боқар...

 

ЧАРОҒОН ТУН

Тонг

Яқин...

Юлдузларнинг

Боши

Осмонда.

 

* * *

Тўкилади лак-лак юлдуз,

бўшар қора кўк элаги.

Чекинади жунжикиб тун

янги кун ҳавосидан.

Саҳарни боғ узра соҳир

овоз етаклаб келади —

уйғонади гирд-теварак

булбулнинг навосидан.

 

Неча вақтки кутиб-кутиб,

муштоқ юрагим англаган

бир ҳақиқат шу бўлди ва

мен ишондим, не тонгким,

куним, булбулзабоним-ай,

оҳанг каби жаранглаган

сўзларингсиз ёришмаскан,

ўзинг экансан тонгим.

 

Кутаман минг тама билан —

кун чиқарми… Дилда санчиқ,

ўзимнинг-ку сенинг сари

ҳаддим сиғмас боришга…

«Келдим» деган сўзинг танқис,

«Севдим» деган сўзинг тансиқ.

Кутилган сўз тилга чиқса —

изидан кун ёришгай.