“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 256 марта кўрилган.

Ватан абадийдир, Ватан ўлмайди

Мунаввара

Ватан абадийдир, Ватан ўлмайди

* *  *

Ини бузилмасин чумолининг ҳам,

Дала-даштга сарсон кетмасин тарқаб.

Одамзод кўп ишга қодирдир, аммо

Ўргимчак тўрини бўлмайди ясаб.

 

Илон бўйламасин қушнинг инига,

Чуғраса титратар кўкни ноласи.

Осмонўпар қаср бунёд этар-у,

Қузғунга ин қурмас инсон боласи.

 

Гар сайёд қасд этиб отаркан пайкон,

Қоя  учидаги бургут ҳам қурбон.

Айёр, маккор дея чўпчаклар айтиб,

Тулки терисидан киямиз чакмон.

 

Гулзор аро инсон кезса ҳам юз йил,

Битта аричалик йиғолмайди бол.

Баъзи одамлардан савоби бисёр –

Соя бериб турган кекса букри тол.

 

Туғилган маконни алишиб бўлмас,

Ватан ва онани танлаб бўлмайди.

Юрт дея жон бермоқ – меросдир, бироқ

Ватан абадийдир, Ватан ўлмайди.

ҚИЗАЛОҚ

Баланд тутдан йиқилди қизча,

Тут донаси кафтчаларида.

Хаёлида югуриб борар,

Ҳеч кимса йўқ кўчаларида.

 

Ингранади очолмас кўзин,

Зулматларга айланар олам.

Чор-атрофга қарайди ҳолсиз,

“Оғиз очарди, ифторда онам.”

Кимдир келиб кўтарди ердан,

“Ерда ётган кимнинг боласи?”

Қизча йиғлар “амаки қаранг”

Эзилибди тутнинг меваси.

 

Беҳуш ётар, рангпар юзида,

Кўринмайди ҳаёт сояси.

“Она”, дейди муштчаларидан

Ерга тушди тутлар донаси.

* *  *

Шамол илиб кетди дарахт новдасин,

Сўнг булут тебраниб ёмғир элади.

Мушфиқ шабодалар силаб ярасин,

Мунғайган дарахтни ҳолин сўради.

 

Бири нодону кас, бирида тоқат,

Бири ҳаёт берар, бири ўяди.

Ёмонин яшириб она табиат,

Озор топганига малҳам қўяди.

ОФТОБ

Ойга ҳасад қилиб тун бўйи

Офтоб сочин қилди жамалак.

Мудраб қолди субҳга яқин,

Хўмрайганча уйғотди фалак.

 

Кун кунини кўриб қолди деб,

Ой турарди қошин чимириб. 

Қўрқиб кўкнинг булутчалари

Ётиб олди – пинжига кириб.

Тафтиш қилиб осмон ўша кун

Мусодара этди борлиғин.

Боши тошга теккач англади,

О, нақадар дунё торлигин.

* *  *

         Қанийди, айтолсам

         дилимдагини,

         Тупроқ тўлмай

         туриб кўзимга.

         Қанийди, айтолсам

         тилимдагини,

         Хазон тушмай туриб

         изимга.

         Қанийди, айтолсам

         кўнглимдагини,

         шивирлаб,

         пичирлаб

         айтолсам эди –

         Унутмай туриб то

         ўзим  ўзимни.

* *  *

Кимга рангин кўринар дунё

Ё кимгадир ўтгувчи йўлак?

Кимнинг борар йўли зим-зиё,

Кимнинг йўлин ёритар фалак?

 

Тулкига дашт, бургутга қоя,

Денгиздадир марварид сулув.

Эй тонг, тунни англашим учун

Нигоҳимни шабнам билан юв.

* *  *

Чексиз ўрмон, увиллаган тун,

Уккиларнинг ёқимсиз саси.

Йўлин топмас, нажотсиз тутқун,

Эшитилар ажал нафаси.

 

Тугаб борар ёнаётган шам,

Қуриб борар танда мадори.

Тарк этади сўнгги умид ҳам,

Бўлмас унинг тупроқ, мозори.

 

Қалин ўрмон, ёниб битди шам,

Ҳолсизланар эти увишиб.

Қулоғига чалинди бирдан,

Қишлоқ итларининг ҳуриши...

* *  *

  Сизда юрак борми, сизда дард борми,

  Адашиб бедилга юрагим тутдим.

  Кўз ёшимни артган ғурурми, орми

  Барибир мен сизни соғиниб кетдим...

 

 

 

Шамол келиб, этагимни учирди,

Довул уйим бузди, уни кечирдим.

Хаста бўлган чумолини уйғотиб,

Бошин силаб кўз ёшимни ичирдим.

 

Боларининг қанотлари ҳўл бўлди,

Болалари кўзи йўлда толмасин.

Гулхайрининг эшигида қул бўлдим,

Кафтимдаги гул косаси синмасин.

Хон қизини тутиб олди капалак,

Гарчи ҳаёт этагини силтайди,

Ҳалқумидан кетмай ўлжаси нари,

Ажал бонгин урилишин билсайди.

 

Кулча бўлиб ётиб олди кўр илон,

Тебратса ҳам кўнмай бола йиғлайди.

Она алла айтар, бола берар жон,

Кўр илонни, онаизор кўрмайди.

 

Ютганим рост, тишлаганим омонат,

Қувонаман, умидимга гул тутиб.

Битгани рост, бошлаганим омонат,

Ёрти кўнглим қўяр буни унутиб...

* *  *

Кўнглимда бир гап айланди, қайтардим,

Дилимда бир дард айланди, қайтардим.

Дил ёзилар, дарднинг билган одамга

Отам тирик бўлганида айтардим.

 

Қора либос беркитади бўй-бастим,

Асли шу тунд матоларни суймасдим.

Сиёҳ дилга беркиниб тун йиғлайди,

Отам тирик бўлганида киймасдим.

 

Чаманда гул очилганда ўйнардим,

Ҳасрат қайғу нима, билмай ўйнардим.

Қил сиғмайди энди, ғаддор юракка

Отам тирик бўлганида қувнардим.

 

Ойда-йилда хабар олса бўларди,

Акаларим келса уйим тўларди.

Боряпман, кўнгил хира, дил ярим

Отам тирик бўлганида келарди.

 

Ниҳол экдим, боғларимда кўкарди,

Жарчи шамол илдизидан қўпорди,

Қалқон бўлиб бўрону шамоллардан

Отам тирик бўлганида тўсарди.

 

Кўнглимда бир гап айланди, қайтардим,

Дилимда бир дард айланди, қайтардим.

Дил ёзилар, дарднинг билган одамга

Отам тирик бўлганида айтардим...