“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 238 марта кўрилган.

БОДОМЛАР ГУЛЛАЙДИ СУРХОН ТОМОНДА

Абдумажид АЗИМ

БОДОМЛАР ГУЛЛАЙДИ СУРХОН ТОМОНДА

 

* * *

Осмонда тизилиб  турна галаси,

Мовий кенгликларга солар арғимчоқ.

Қалдироқлар чатнаб саҳар палласи,

Заррин палакларни йўрмайди чақмоқ.

 

Аллалар кўнгилни шамол — арғанун,

Шошилиб ёнингдан ўтади ҳилол.

Илоҳий мўъжиза юз берар бу тун,

Юлдузлар очмоқда толеингдан фол.

 

Гўё бир санамни қолгандек севиб,

Кўчалар кезасан илиқ кечада.

Мажнунтол тагида,

ёмғирда ивиб,

Балоғат чечаги очар ғунчалар.

 

Уйғонади наҳор чиройда бекам,

Борлиқ таровати ўзгарар бирдан.

Кўзларингни очсанг айни субҳидам,

Қизғалдоқлар тушиб келади қирдан.

 

Осмонлар зангори,

Зангор ўнгирлар,

Бодомлар гуллайди Сурхон томонда.

Дейсан, Худойимга беҳад шукурлар,

Баҳорларга етдим, омон-омонда.

              ЭВРИЛИШ 

Қушлар кўкда қоқмоқда қанот,

Мусаффодир нилий осмонлар.

Тиним билмай югурар ҳаёт,

Кўз очмоқда бокира тонглар.

 

Қуёш кўкда бош кўтарганча,

Нигоҳларим нурга ўрайди.

Олдда ҳали қувончлар қанча,

Йўлларимга интиқ қарайди.

 

Кўйлак каби кечаги кунни,

Мен устимдан ечиб отаман.

Яқин қилмоқ учун йўлимни,

Кенг далани кесиб ўтаман.

 

Олдда ҳали ажиб бир ҳаёт,

Уйғонади бокира тонглар.

Туғилади оналардан бот,

Алп келбатли, ўктам ўғлонлар.

 

Олдда орзу, умидлар бегард,

Чорлар мени гуллар ифори.

Ибтидога эврилмоғим шарт,

Яшнаганда умрим баҳори.

Келганида саховатли куз,

Узилганда бандидан япроқ.

Олар мени жимгина бесўз,

Илиққина бағрига тупроқ.

 

Она ердан куч олиб қайта,

Майса бўлиб кўтараман бош.

Яратганга салавот айта,

Талпинаман ўзингга қуёш.

ОЙ ЮЗИНГНИ

Ой юзингни кўрсат ой, десам,

Кўкда ойга ишора қилдинг.

Юлдуз кўзинг соғиндим, десам,

Юлдуздайин чарақлаб кулдинг.

 

Ҳузуримга чорласам, келсанг,

Таъзим этиб, энкайса осмон.

Яноғингга хол бўлиб қўнсам,

Менда асло қолмасди армон.

 

Дилим этмоқ илинжида сайд,

Қошларингни камон айладинг.

Не бераҳм жаллоддирсан, айт,

Аҳволимни ёмон айладинг?

 

Куйиб кетдим дун ғавғосидан,

Ишқ аҳлига қайда нажот бор?

Сочларингнинг тун дарёсига,

Чўксам эди шоду бахтиёр!

 

Боғда гуллар айтади сано,

Кўриб сенинг қадду камолинг.

Сўзларингда не ажиб маъно,

Новвотмидур лаблари болинг?

 

Узоқдаман, соғинч на илож,

Кўкайларим тинмай тилади.

Сен ёқларга мисли қалдирғоч,

Учиб-учиб кетгим келади.

* * *

Булутлар келса-да такрор ва такрор,

Интиқ кутганимни тушунмади қор,

Йўлига кўз тикиб турибман наҳор,

Кўзим тўлдирарми келгуси баҳор.

 

Ойдинда ой каби тўлаётирман,

Анжирдай кўринмай гуллаётирман,

Ёмғирдай қувониб йиғлаётирман,

Уфқлар ортида ухлаётирман.

Кунлар чувиллашиб этади пойга,

Қуёш чўмилади оқшомлар сойга,

Тунлар соғинчимни тўкканда ойга,

Сўзим етказарми, кўзи ҳумойга?

 

Юмалаб осмонда ой бўлиб қолсам,

Коинот буржида мангу ёнолсам,

Ой ётган кулбага тунлар қўнолсам,

Қўнсаму, то абад ёнида қолсам.

 

Етарми мендаги жазму шижоат,

Ушшоқлар қалбида қилсам ибодат,

Қодир ул Эгамдан бўлса иноят,

Келса дуоларим ўнгу ижобат.

 

Таваккул айласам қодир ул Ҳаққа,

Шамолдайин учсам Ой қўнган ёққа,

Ғуссалар ёшини чайсам тупроққа,

Исмини кўчирсам юрак — япроққа.

 

Озод шамолларга айланиб кетсам,

Лаҳзада оламни етти бор ўтсам,

Ҳузурига соғу саломат етсам,

Етсаму япроқни қўлига тутсам.