“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 359 марта кўрилган.

Мен на кун, на тунман самода...

Омон МАТЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири

 

Мен на кун, на тунман самода...

* * *

Кимнидир ахтардим, ахтардим узоқ,

Кўзимни паналаб баъзан қуёшдан.

Ғилдирак изидан узун тунларда

Номин ҳа-ҳуладим унинг тоғ-тошдан.

 

Ва ниҳоят бугун, истиқбол куни

Қўриб қолдим уни оламдек равшан:

— Менинг қалбим эди у,

                              дунё таниб –

Шеърият эшигин қоқарди ўйчан.

* * *

Беланчакда ётар коинот,

Чайқалмаса тинмасми йиғи?!

Бизни чайқаб турган бу ҳаёт

Кимларнингдир сўнгги қўшиғи.

Самовот — бир жулдур дастурхон,

Сомон йўли унда қанд юқи.

Тунга ваъда этар олтин нон

Юлдузларнинг сўнгги қўшиғи.

 

Осмон инграб чиқар гоҳ тунда,

Қора тўлар боғлар бўшлиғи.

Баҳор ваъда этади унга

Бўронларнинг сўнгги қўшиғи.

 

Мен на кун, на тунман самода,

Бир ошиқман ерда бор-йўғи.

Менга нелар этасан ваъда,

Эй севгининг сўнгги қўшиғи?

* * *

Бошқалардек севишдик биз ҳам,

Куйиб юрдик бошқалар каби.

Бу савдони бахт билдик биз ҳам,

Бахтдир, дедик висол, ёр лаби.

 

Бошқалардек дуч келиб қолсак,

Олислардик минг бор қайрилиб.

Мана, биз ҳам бебахт, беқарсак

Бошқалардек кетдик айрилиб.

 

Ишқнинг қолди фақат озори,

Қалам, қоғоз — мерос бир ялов.

Қалбимдадир ишқнинг мозори,

Ёниб қолди унда бир олов.

 

Ишқдан фақат шу қолди менга,

Олов ёнар, сен-чи, йўқсан, ёр.

Келолмайсан ўз мақбарангга,

Унга гуллар қўяр бошқалар.

* * *

О, тун — сўлим денгиз... Маёқчи каби

Сулув ҳамроҳим-ла шайлайман қайиқ.

Уфқ — ўтган куннинг қизғиш кўлмаги,

Йўлдошим рўмолин чаяр чўнқайиб.

 

Тун денгизмас, гўё олис хотира,

Юлдузот қайсидир унут бўлган жой...

Ҳаммасин ютмоқчи каби бир сира,

Ортда оқ чўртандек келар ярим ой.

Кўзларим чарчайди... ва пешанамга

Босилар уфққа чайилган қийиқ.

“Қара, — дер ҳамроҳим, — келдик нақ тонгда!”

... ва аста қуёшга тақалар қайиқ.

 ЁНАЁТГАН ДАРАХТ

Тунда яшин тушди боғнинг четига,

Зулмат бойўғлидек чекинди карахт.

Вулқондек портлади қоронғуликда

Ёнаётган дарахт!

Салобатли яшил салтанат эди,

Эркин қушчаларга зангор пойитахт.

Учқунлардек тўзитди кушларини

Ёнаётган дарахт!

 

Нега, нега ёнди?! Кечқурун бехос

Булутлар гулдираб қилгандилар жаҳд,—

Уйғоқ эди, ўзи илк зарбни олди

Ёнаётган дарахт!

 

Ана, ёнар, ёнар тунга ўчма-ўч,

Юракдай потирлар ҳар барг оловсахт.

Огоҳ этаётир ўз боғин хавфдан

Ёнаётган дарахт!

 

Дарахтлар ёнмоқда бугун дунёда,

Ёниб, ўзгаларни уйғотмоқ не бахт!

Дўстларимдир барча ёнаётганлар,

Юрагимдир — ЁНАЁТГАН ДАРАХТ!

* * *

Осмон соғинч каби поёнсиз, яшил,

Қирлар лаҳза сайин ўзга турланар,

“Қур-қур”лар тўлмоқда кўкка муттасил,

Қайтиб келаётир юртга турналар.

 

Томларда қизғалдоқ — арғувон мужда,

Тоғларда лолалар — қирмизи хабар...

Осмони фалакда — шошқин бир мавжда

Қайтиб келаётир юртга турналар.

 

Қишнинг зардалари охир чекилди,

Кўклам деб ким ўзи солаётган жар?!

Борлиқ нигоҳ бўлиб кўкка тикилди,

Қайтиб келаётир юртга турналар.

Ана, ана улар! Сафбаста, мумтоз,

Бариси бир жону, бир тану бир пар.

Изидан оламни эткизиб парвоз,

Қайтиб келаётир юртга турналар.

* * *

Кўзларингни яширгин мендан,

Ўтиб кетай ёнингдан бефарқ,

Ўтиб кетай ёнингдан бедард,

Кўзларингни яширгин мендан.

Борлигимни пайқама,майли,

Бурчакларда,майли, қайрилма,

Мени деб тинчингдан айрилма,

Борлигимни пайқама,майли.

 

Номим бўлса қалбингда агар,

Отиб ташла,майли,тупроққа.

…Ҳар куни ўт шу йўлни топтаб,

Номим бўлса қалбингда агар.

 

 

Куз ёйса ҳам йўлларга хазон,

Қор кўмса ҳам борлиқни бутун,

Кўклам келиб,урса ҳам хандон,

Эшигингдан ўтаман бир кун.

 

Сочларингга тушса ҳамки оқ,

Пешанангни босса ҳам ажин,

Кирганда ҳам гавдангга титроқ,

Эшигингдан ўтаман бир кун.

 

Майли,шунда танимасанг ҳам,

Ёки десанг кўрмайин турқин,

Ёшим ютиб,бошим қилиб хам,

Эшигингдан ўтаман бир кун.

 

Мени демай юмсанг ҳам кўзинг,

Хонанг қолса зулматга тутқун,

Хотирангга шам бўлиб ўзим,

Эшигингдан ўтаман бир кун.

 

Вақтим етиб чиқса бу жоним,

Дардларимга ясалса якун,

Бу дунёни тарк этган оним

Эшигингдан ўтаман бир кун.