“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 407 марта кўрилган.

ШЕЪРЛАР

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

ВАТАН  ҚАСИДАСИ

Олқиш, эй меҳрибон қаттиққўл ҳаёт,

Залворинг елкамга ортганинг учун!

Ҳайратда қолдириб ёш қалбни бот-бот,

Сеҳр-ла бағрингга тортганинг учун!

Менинг она юртим Ўзбекистондир,

Шу ерда тингладим булбул куйини,

Шу ерда англадим илк бор қачондир

Ноннинг мазасини, гулнинг бўйини!

Саноқда турибди етмиш беш баҳор,

Ранг-баранг йилларнинг оташнок ёзи.

Ҳамон ҳаёт меҳри қалбда устивор,

Ҳамон  тўлиб-тошар  кўнгилнинг рози!

Эй, Ҳаёт! Оламдай сирли ва суюк,

Сен доим ғолибсан жанги мамотда.

Сен севги қадарли юксак ва буюк,

Севгидай мураккаб, севгидай содда...

 

         * * *

Отилган ўқ каби учмоқда замон,

Қўл силкиб қолмоқда ҳангу манг йиллар.

Гул уруғ сепилса, шу лаҳза, шу он

Чанглатмоқ дардида ғувиллар еллар.

Соқолин қиртишлаб ҳали ёшман, деб

Юришган оталар ҳайрон қоларлар:

“Биз-ку қаримоқни кўрмас эдик эп,

Аммо қаритмоқда ўсиб болалар!”

Барига шиддатли замон сабабкор,

Товуш, нур тезлиги унинг раъйида.

Ўқиймиз, ишлаймиз, тинмаймиз зинҳор,

Замонни қўлларга олмоқ пайида.

Эй Замон! Оламдай сирли ва суюк,

Сенга етиб бўлмас ҳатто Ғиротда!

Сен хаёл қадарли юксак ва буюк,

Хаёлдай беқарор, хаёлдай содда...

***

Илмнинг йўллари эмасдир осон,

Гул деб тутганингнинг бўлур тикани.

Ўзбекнинг донғини этмоқда достон

Хоразмий шуҳрати, Улуғбек шаъни!

Ҳаётнинг кўркидир, дўстлар, илму шеър,

Дунёга бергисиз инжиқлиги бор.

“Менга борлиғингни бахшида эт!” – дер,

“Мен бутун умрингга ,— дейди, — талабгор!”

Ривож топармиди улуму фунун,

Завқ аён этмаса ўздан кечиб мард!

Улкан Ой сирини билмоқлик учун

Энг кичик заррани топмоқ бўлди шарт!

Эй, Илм! Оламдай сирли ва суюк,

Оламнинг ўзи ҳам сен-ла обод-да!

Сен сеҳр қадарли юксак ва буюк,

Сеҳрдай серфусун, сеҳрдай содда...

 

         ***

Ватан қирларида балқиган чирой,

Тириклик, умрнинг қути, неъмати,

Обод юрт, боғу роғ, не-не уй, сарой,

Сенинг ҳимматингдир, Инсон меҳнати!

Оловдай гул ёниб турса қиш-қорда,

Боғбонга санолар ўқилмоғи рост.

Мақтовлар на даркор,  она диёрда

Биз ҳалол тер тўкдик, ишладик  холос.

 Бир парча нонини ҳалоллаб еган,

Халқимнинг кўкраги кўкдан баландроқ!

Дейдилар: “Яхшидан боғ қолар экан...”,

Бизлардан боғ қолган... Биздан қолур боғ!

Эй, Меҳнат! Оламдай сирли ва суюк,

Сен – кимё, сен – иксир, сен – асл модда!

Сен меҳр қадарли юксак ва буюк,

Меҳрдай дилтортар, меҳрдай содда...

 

         ***

Тоғларни чорлайди обиранг фалак,

Ўсиб тоғ бўлмоққа интиқ адирлар.

Ҳатто умри қисқа жажжи капалак

Дилида бир дунё орзу қадрлар.

Қирда униб чиққан бир дона лола

Номдор чаманларни қилмайди писанд.

Чопқиллаб тўп тепиб юрган ёш бола,

Шу топда юрт очган Колумбдан баланд!

Кампиршо юз билан юз кўришгали

Шайланиб туради, орзуга айб йўқ:

“Анув чеварамни уйлайман ҳали,

Боласин боқаман!” – дея кўнгли тўқ...

Эй, Орзу! Оламдай сирли ва суюк,

Сен тўхтам билмассан кўҳна работда.

Сен висол қадарли юксак ва буюк,

Висолдай ардоқли, висолдай содда...

 

         ***

Чашми шаҳлоларнинг нозли нигоҳи

Кўнгилга нурафшон илҳом соладир;

Туйғулар оқими босаркан гоҳи,

Сўз топмай шоир ҳам ҳайрон қоладир.

Ер билан самони якқалам этган

Қоп-қора тунларга термилган чоғлар,

Қаро кўз шаънига мисралар битган

Шоир юрагида оқ нур ўйноқлар.

Ўзгармас йўриқ бор азалдан, шоир,

Оловли бир боқиш, ўтли бир назар

Ё сени бахт билан сийлайди охир,

Ё кўксинг ғусса-ю ғам ила безар!

Эй Кўзлар! Оламдай сирли ва суюк,

Тенгингиз топилмас асло ҳаётда!

Сиз юлдуз қадарли юксак ва буюк,

Юлдуздай фусункор, юлдуздай содда...

 

         ***

Асли кўнгил учун бир оғиз гап бас,

Ул ўзин сезмоғи мумкин бахтиёр.

“Агар буғдой нонинг бўлмаса, шартмас,

Буғдой сўзинг бўлсин!” – деган нақл бор.

Жилмайиб қарамоқ қийинмас ахир,

Илиқ сўз айтишлик, аслида, осон.

Кимнингдир сўзига доим мунтазир,

Кимнингдир меҳрига зор яшар инсон.

Ёнингда юрсайди меҳрибон ўртоқ,

“Ҳорма!” – деб тургувчи миннатсиз дўст-ёр,

Ногаҳон бошингга қуласа ҳам тоғ,

На заҳмат етказгай, на-да қилгай кор!

Эй, Сўзлар! Оламдай сирли ва суюк,

Ваъдаи висолдай тутарман ёдда!

Сиз чақмоқ қадарли юксак ва буюк,

Чақмоқдай шуълавор, чақмоқдай содда...

 

         ***

Фазода самолёт қалқса, алҳазар,

Шув этиб кетади юрак шу замон.

Баҳорда бодомни совуқ урса гар,

Шу юрак куяди,  чекади фиғон.

Онанинг шодлиги барқ урган чоғи

Юрак ўзин қайга қўймоқни билмас.

Дўсти алдаб кетса, кетмайди доғи,

Ўт олган ғазабнинг ўти босилмас!

Чаноқда қолганда энг сўнгги мисқол,

Қайишиб туради пахтакор мардга.

Юрак тўлуғ эрур лим-лим, бемисол

Тансиқ бир туйғуга, ажиб бир дардга

Эй, Юрак! Оламдай сирли ва суюк,

Қудратинг аёндир заррот-зарротда.

Сен қуёш қадарли юксак ва буюк,

Қуёшдай сахийсан,  қуёшдек содда...

 

* * *

Вақтларки, бошимга тегмади офтоб,

Кўнглимни ёролмай юрдим, қисиндим.

“Болам, бош эгма!” деб айлаган хитоб –

Боболар меҳридан пинҳон исиндим...

Юртда ёт қадамлар  кездилар мағрур,

Ҳақсизлик қошида шамдай қотдим лол...

Хуш келдинг, кутганим,  мисли пок шуур

Гуркираб келдинг сен, Улуғ Истиқлол!

Энди шамол тегди кўкракларга ҳам,

Энди одам бўлдим мен ҳам киройи.

Эшигин ланг очди бепоён олам,

Бирлашган Миллатлар олтин саройи!

Истиқлол! Оламдай сирли ва суюк,

Бизга толедурсан хориқулодда!

Сен имон қадарли юксак ва буюк,

Имондай барқарор, имондай содда...

 

         ***

Ватаним! Кўнглимнинг лавҳида борсан,

Борлиғим куйдирар ўт эҳтиросинг.

Бугун ҳур, озодсан, улуғ диёрсан,

Бугун нурга тўлмиш хонаи хосинг!

Истиқлол руҳига чулғандинг,  ўлкам,

Булбуллар боғларда қилади чаҳ-чаҳ!

Хиёбондан боқиб Соҳибқирон ҳам

Бизларга қўл силкир, кўнглида фараҳ.

Кўзларга жо бўлдинг, эй онаизор!

Номинг қасамёддай тиллардан тушмас!

Еткурмаган эсак дилингга озор,

Оқ сутинг оқлаган эсак, Она, бас!

Эй Ватан! Оламдай сирли ва суюк,

Сен – Руҳсан, сен – Жонсан, сен – Эътиқод-да!

Сен руҳ, жон қадарли юксак ва буюк,

Руҳ мисли мангусан, жон мисли содда...