“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 327 марта кўрилган.

СЕВАМАН ДЕБ АЙТМАГИН...

Ҳайнрих ҲАЙНЕ

СЕВАМАН ДЕБ АЙТМАГИН...

  * * *

Бўлган экан қадимда қирол

Тош юрагу оқ сочу қари;

Бўлган экан қари қиролнинг

Соҳибжамол, гулдек дилбари.

 

Бўлган экан хушрўй маҳрам ҳам,

Довюрагу сочи қўнғироқ.

Маликанинг оғир барини

Юрар экан кўтариб қувноқ.

 

Тингла, дўстим, кўҳна қўшиқни, –

Шодон янграр, шикаста янграр!

Икки ёш ҳам ҳалок бўлибди,

Кучли экан севги шу қадар!

 

* * *

Қоим эрур, наҳот шу рўё

Ширин орзу, бахтли гўшалар?

Қоим эрур, наҳот, шу наво? –

Жаннатий боғ, олов бўсалар?

 

Наҳот доим бизни ой қутлар

Пойимизга сиймдек тўкилиб?

Наҳот тургай мармар маъбудлар

Дарвозада соқчилик қилиб?

Оҳ, биламан, алдагай бешак

Бу тотли ўй, рўёлар бизни;

Қорда сўлиб иккала юрак,

Қиров босгай гулларимизни.

 

Совигаймиз сўнгра муқаррар,

Видо айтиб, қайтмасмиз, инон, –

Бизким, ҳозир титраб суйганлар,

Жонни жонга суққан икки жон.

 

* * *

Хотирамда тикланар рўй-рост

Хира тортган ўшал гулрухсор,

Нечун мени титратар, нечун

Жаранглаган овозинг, дилдор?

 

Севаман деб айтмагин менга!

Мен биламан, навбаҳор сўлим,

Мен биламан, муҳаббат гўзал,

Ва сўнгида кутажак ўлим.

* * *

«Ой нурида жўки гуллари

Чарақлайди хушбўй таратиб,

Ёйилади булбул овози

Шамоллару боғни янгратиб,

Қандай яхши ўлтирсанг, жоним,

Ана шундай жўки тагида,

Тўлин ойнинг олтин ёғдуси

Жарангласа дарахт баргида.

 

Яхшилаб боқ, жўкининг барги,

Сезяпсанми, ўхшар юракка.

Шу сабабли унинг остида

Севишганлар етар тилакка.

Жилмаясан, лекин, сен эса, –

Хаёлларинг учар бетутқув.

Айт-чи менга, қалбингда бу пайт

Ҳукм сурар қай ширин орзу?»

 

Орзуимни жон деб айтаман,

Мен тайёрман, гулим, изҳорга:

Қани энди бирдан қаҳратон

Ҳаммаёқни қўмсайди қорга!

 

Пўстин кийиб, учқур чанага

Ўлтирсаг-у, жиловни тутсак,

Жаранглатиб қўнғироқларни

Далалардан қуюндек ўтсак!

 

* * *

Бинафшалар териб ўрмондан

Жўнатаман сенга наҳорда,

Атиргуллар дасталайман шод

Сенга атаб оқшом гулзорда.

 

Биласанми, гуллар тилида

Бу рамзнинг нима эканин?

Бу – кундузи содиқ қолгин-у,

Ёниб севгин тунда деганим.

 

* * *

Агар сени мадҳ айлаб тилим,

Ташбеҳларни бахш этса қатор,

Қўрқма, жоним, муҳаббатимнинг

Бўлишидан дунёга ошкор.

 

Чунки мен бу оловли сирни,

Ҳисларимнинг ўтини бир чоқ

Содда ўрмон гуллари аро

Яширганман кўзлардан йироқ;

Сир сақлолмай гар атиргуллар

Ўрмон бўйлаб сачратса учқун,

Дунё уни ишқ ўти эмас,

Шеърият деб атайди у кун!

 

* * *

Баҳор ғамгин ғамгиндир унинг

Тушлари ҳам, чечаклари ҳам,

ўамгин эрур жамоли туннинг,

Булбулнинг ҳам қўшиғида ғам.

Оҳ, кулмагин бунчалар беор,

Қаҳ-қаҳ урма, қувонма бундай!

Сен йиғлагин, мен эса, дилдор,

Кўз ёшингни ўпиб қуритай!

* * *

Кўпдан буён айро тушдим мен

Яна азиз юракдан, ҳайҳот!

Кўпдан буён айро тушдим мен

Яна сендан, эй дилхоҳ ҳаёт.

 

Фойтун ўтар, гумбурлар кўприк,

Лойқаланиб шовуллар дарё;

Айро тушдим яна мен шўрлик,

Азиз қалбдан, бахтимдан айро.

 

Юлдузлар ҳам осмондан қочар

Титраб мениниг ғам-андуҳимдан, –

Ўзинг олис бўлсанг ҳам, лобар,

Кетмагансан қалбу руҳимдан!

* * *

Ёзган хатинг, билиб қўй, чиндан

Жон жойимга тегмади бориб.

Ажралишинг ҳақида мендан

Мунча чўздинг, қилни қирқ ёриб!

Ўн икки бет! Ёзибсан бирам!

Жимжимадор битибсан дастхат!

Ажралишни истаган одам

Сарф этмагай бунча сўз минбаъд!

 

* * *

Совуган юракда ёқимсиз ҳислар.

Мен совуқ дунёга кираман ночор;

Кечки куз тумани остида абгор

Совуқдан титрайди яқин-олислар.

 

Қизғиш япроқларни олдига солиб

Изғирин қувади, сесканар дарахт,

Ўрмону далалар хўрсинар карахт,

Ёмғир ҳам бошланар аксига олиб

 

* * *

Туманли кун, туманли хаёл,

Туманли куз адиру боғда,

Япроқларни юлқийди шамол,

Қип-яланғоч дарахтлар доғда.

 

Фақатгина маъюс бир дарахт

Баргларини нечундир тўкмас,

Ёш томизиб чак-чак гоҳи вақт,

Силкиб қўяр бошини бирпас.

 

Эвоҳ, менинг қалбимда ҳам куз,

Совуқ бўшлиқ тунд ва ёввойи,

Фақат яшил дарахтдек ҳануз

Унда яшар ёрим чиройи.