“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 227 марта кўрилган.

ҒАЗАЛЛАР

Алишер МУҚИМОВ

ҚОЛМАГАЙ

Тилдан қолар бўлсам агар дунё садосиз қолмагай,

Синган билан болу парим севги фазосиз қолмагай.

 

Ойга етиш армон, фиғон, бундай кетиш армон, фиғон,

Тўғри, қўлим калта, вале юртим дуосиз қолмагай.

 

Келганларим, севганларим, куйганларим эрди хато,

Мен кетганимдан сўнг ҳам олам хатосиз қолмагай.

 

Эрдим гадоси меҳрнинг, кетмоқдаман топмай, дариғ,

Мен бўлмасам ҳам бу қадим кўча гадосиз қолмагай.

 

На меҳрибон дилдор бор, на жонкуяр ғамхор бор,

Ёлғиз қувончим шуки, дил ҳаргиз Худосиз қолмагай.

 

Тинглаб мени йиғлар бугун темирюраклар ҳам, ажаб,

Билдимки, кўнгилларда шеър оҳанрабосиз қолмагай.

 

Сендан ғараз, мендан ғазал қолмоқдадир, эй, бехабар, 

Умрим навоси тинса ҳам, диллар навосиз қолмагай.

 

Бир кун, Алишер, қайтасан, шунда топарсан балки бахт,

Бўлма хафа, бил, интиҳо ҳеч ибтидосиз қолмагай.

 

ЙЎҚОТГАНМАН

Ғам кемасида қолдим, соҳилни йўқотганман,

Йўл кўрсат ўзинг, ё Раб, манзилни йўқотганман.

 

Бир қанча ниҳол эккан дил боғига ёшлик, лек

Қурғоқчилиги қурсин, ҳосилни  йўқотганман.

 

Ёшликдан асар йўқдир, ўтмишга сафар йўқдир,

Бир ишқ дея, афсус, ўн йилни йўқотганман.

 

Жой бермади дилдан деб мендан хафа бўлманг ҳеч,

Бойсунда қачонлардир мен дилни йўқотганман.

 

Ҳа, бошқаман, эй дунё, олдинги Алишер йўқ,

Ул соддаю бепарво, ғофилни йўқотганман.

 

ЁНГАН КЎПРИКЛАР

Эсдаликдир севгимиздан менга ёзган хатларинг,

Йиллар ўтган бўлса ҳам йиртилмаган суратларинг.

 

Кетмаган кулбам фазосидан ҳамон атринг иси,

Хотирамда муҳрланган дилрабо қоматларинг.

 

Мен учун дил матнининг сарлавҳаси сенсан ҳануз,

Жамъ эрур кўнгил фанида  ҳар ишинг, одатларинг.

 

Айрилиқ тақдир тақсири, ўзингни койима,

Суд йўқдир, қайтаролмас вақтни  лаънатларинг.

 

Янги қисса, янги диллар кашфини  истар эдинг,

Менсиз эрди янги рангин орзу-ниятларинг.

 

Ишқидан тонган эдинг, етмай Алишер қадрига,

Энди бефойда фиғону нолаю ҳасратларинг.

 

ҚЎРҚУВ

Тенги йўқсан, шунча севгим сенга кам, деб қўрқаман,

Айрилиқдан бўлмасин дил кўзи нам, деб қўрқаман.

 

Ухламайман кечалар. Уйғонсаму сен бўлмасанг 

Ухлатар мангу мени ушбу алам, деб қўрқаман.

 

Мен ҳақимда ҳеч ёзмайсиз ғазал, деб ранжима,

Таъриф айлашга сени ожиз қалам, деб қўрқаман.

 

Тинмайин ҳар лаҳза қилгум қўнғироқ,  бир кун мени 

Айлагай девона шу етти рақам, деб қўрқаман.

 

Қўрқмайман ерга яксон бўлса, чўкса тоғлар, 

Бўлмасайди ишқимизнинг қадди хам,  деб қўрқаман.

 

Қўрқмайман гар самода ўчса юлдузлар, бироқ,

Бир куни, жоним, дилингдан ўчмасам, деб қўрқаман.

 

Сен ва мен балким чидармиз айрилиққа, дардга,

Баридан чеккай азият дилгинам, деб  қўрқаман.

 

АЛДАДИМ

Сўрди дилбар: Не, дея, иқбол? Зар, деб алдадим,

Зар учун кўп нарсадан қилгум гузар, деб алдадим.

 

Бойлигим ҳам, борлигим ҳам ишқи эрди аслида,

Қилмаганман қалб шаҳрига сафар, деб алдадим.

 

Сўрди: Ёлғиз кун кўриш ҳамроҳсиз осонмикан?

Менга ёлғизлик ягона ҳамсафар, деб алдадим.

 

Кулди: Исмим бор экан ёзганларингизда, қаранг!

Барча шеърим қаҳрамони бошқалар, деб алдадим.

 

Бормикан дунёда севги, деб сўраб қўйди яна,

Севгидан то ҳол бу дил бехабар, деб алдадим.

 

Ранжишидан қўрқдим кўнглим фақат сенда десам,

Шу сабабли, кўнгли ожизлар севар, деб алдадим.

 

Йўқ, деса бошим эгилгай, деб яширдим барини,

Шу туфайли ишқ — ташвишу зарар, деб алдадим.

 

Унда сизга кўчамизда кечалар не бор, деди.

Қилмагин парво, Алишер ойкезар, деб алдадим.

 

Алдагандим бу билан танҳо ўзимни, сўнгида, 

Дилни ҳам, қўй, бир кун ишқ эсдан чиқар, деб алдадим

 

ТАСКИН ЙЎҚ

Агар ғам дилни маҳв этса қаламдин бошқа таскин йўқ,

Ғазал ёздим, қаранг, дарду аламдан бошқа талқин йўқ.

 

Безиб кетдим бу ёлғон ваъдалар ва сохталиклардан,

Садоқат конида учрар мудом мис, лекин олтин йўқ.

 

Муҳаббат бўлса меҳмон дил ҳамиша шодмон дерлар,

Агар мен шодмон бўлсам демак дунёда ғамгин йўқ.

 

Хаёлим дафтаридин исмининг ўчмоғи осонмас, 

Ахир дил хонасида ул гўзалдин бошқа сокин йўқ.

 

Тишу тирноқ билан чиқдим жудолик тоғига қарши,

Вафода Кўҳкан бўлдим, ҳамон ёнимда Ширин йўқ.

 

Эринмасдан агар ёзсам бу дунёда тилак кўпдир,

Вале афсус, умидлар шамчироғи ичра бир жин йўқ