“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 217 марта кўрилган.

ҚЎШИҚ БЎЛИБ КЎЧДИМ ОСМОНГА

Габриела МИСТРАЛ,  

Чили шоири

ҚЎШИҚ БЎЛИБ КЎЧДИМ ОСМОНГА

Эшиклар

Кўп афтлар кўрганман заҳил ё қийшиқ,

хусусан, тумтайган башара — эшик.

Бақрайганча турдим то аллазамон:

у — эти шилинган яланг устихон,

келсам, орқасига ўгирилиб олар,

вой, бўрисифатлар, тулкинамолар.

Ўзи эшикларни ясаймиз нечун,

наҳот, бандисига айланиш учун?

 

Эшик ортидаги ёпиқ уй надир? —

Пўчоқлар қизғанган тақиқ мевадир;

уйлар кўксидаги тафтни бирор дам

йўл билан бўлишмай яшаса, алам;

қўшиқларимизни тергайди улар,

эшитиб қолмасин, деб йўловчилар;

Бахтли кунимизга ҳеч кимни қўймас,

бахт ҳам ташқарига чиқмасинмиш, бас.

Навниҳол эшикни кўрмадим асло,

улар кампир бўлиб туғилади ё.

 

Эшиклар — сиз мунглиғ бир чиғаноқсиз,

беуммон, бетўлқин, қумсиз, қирғоқсиз.

Эшиклар — кўкдаги қора булутсиз,

сиз боис ердаги шунча бахт-қутсиз.

Бўю бастингизга боқсам, даъфатан,

тобутга ҳам ўхшаб кетасиз баъзан.

Шунда қаршингизда қоламан қариб

ва титрай бошлайман қамиш сингари.

Тонг саҳар офтобни қўймас ёнимга,

мусаффо ҳавони киритмас нега?

Ташқарида қолар қушлар хониши,

жилға жилдираши, гул уйғониши.

Ҳатто Кассандра2  этса ҳам огоҳ,

қисматим шу эшик ортидаги чоҳ.

Ўз оёғим билан, садағанг кетай,

эшикдан ичкари кирганман, нетай.

 

Барибир чертаман, ғийбат қилсам ҳам,

эшик эшитгандек гапимни шу дам

оҳиста ғичирлар хасислик билан,

туйқус орамизда тирқиш очилар

ва ундан отилиб чиққан ўткир нур

юракка тиралар бамисли шамшир.

Эшик тавақаси керилар қошдай,

ғурра кўкартириб ногаҳон бошда;

арчилмаган мевам — менинг уйимдир,

билмам, қанча ташвиш бунда уюмдир.

Билганим шу: мени қилмоқчи адо,

ундан тезроқ қутулмасам мабодо.

 

Кетмоқчиман хўш деб давру давронга,

Ерни маҳкам тўсган эшик — осмонга.

Оҳулар жон таслим қилган замонда

киприклари кўзин тўсар жаҳондан.

Эшигимга яна бир янги талқин:

май идишин тиқинидир у, балким.

Майли, кечдим майнинг ҳаловатидан,

калитларнинг совуқ ҳароратидан

ўта безиб кетганга ҳам ўхшайман

Эшикли уй — илон чиққан гўшамдан.

 

Энг охирги ўша манзилда бешак

ғичирламас, демак ёпилмас эшик.

Эркин қушдек яшаш мумкин-ку, мана,

ғалабамни қилаяпман тантана.

Мени қутлар давра тўла арвоҳлар,

қариндошлар — руҳи мангу уйғоқлар.

У дунёда, албат, уларга мазза,

иши тушмас эшикка азза-базза,

оппоқ бинтда боғлагандек ярани,

оқ девор ҳам тўсиб турмас орани.

 

Боқий дунё бағридаги хешларим,

соғинганман роса эркалашларин.

Энди ер ва фалак орасида биз

қувнаб, дилдан хиргойилар қиламиз.

Шўх қўшиқлар шамол каби кезгайдир,

бир-бир барча эшикларни бузгайдир.

Уйғонгандек уйқусидан болажон,

эл талпинар очиқ оламга томон.

У дунёдан таралса куй-қўшиқлар

бу дунёда қолмас золим эшиклар.

Алла

Ана, бедор тўлқинлар минглаб,

Денгиз қўшиқ куйлар баралла.

Мен меҳрибон денгизни тинглаб,

Ўз боламга айтаман алла.

 

Шамол ҳар бир бошоқни силаб,

Буғдойзорда майин куй чалар.

Мен меҳрибон шамолни тинглаб,

Ўз боламга айтаман алла.

 

Бешик — нозик, улкандир олам.

Тангри эзгу тилаклар тилар.

Яратганнинг меҳрига монанд —

Мен боламга айтаман алла.

Учрашув

Тор сўқмоқда учрашдик ногоҳ, —

Уйқудан кўз очмайин ирмоқ,

Ғунчаларин ёзмай наъматак,

Аммо қалбим очилди гулдек, —

Севиб қолган аёлман мен ҳам,

Юз-кўзларим ёшдан бўлди нам!

 

Табассумлар қўнган дудоқдан

Беғам қўшиқ учар ҳар ёнга.

Бир боқди-ю айни шу чоқда

Қўшиқ бўлиб кўчдим осмонга.

Халоскорим гўёки сўқмоқ,

Энди алоқ-чалоқ туш кўрсам. —

Шу туфайли олмос тонгданоқ

Юз-кўзларим ёшдан бўлди нам!

Куйлай-куйлай олислаб кетди,

Ҳайратларим ҳам излаб кетди...

Маврак3  гули мовийлашмади,

Мени асраб қолмасдан битди.

Ажаб бўпти! Бу ошиқ кўнглим

Жилвасидан мунаввар олам.

Ўкситмаган бўлса-да ҳеч ким,

Юз-кўзларим ёшдан бўлди нам!

 

У эмасдир чироқ ёнида

Тунни бедор ўтказган ғариб, —

Қалбимдаги ишқ туғёнидан

У бехабар, беғам, бенасиб.

Ким билади, балки сариқгул

Тушларига кирган мисли шам,

Не бўлса ҳам, мен шўрлик, буткул

Юз-кўзларим ёшдан бўлди нам!

 

Очлик ёки ташналик сабаб

Йиғламаган эдим ҳеч қачон;

Учрашувмас, бу — мангу азоб,

Моховманми энди, Художон.

Кекса онам эса ҳар кеча

Мени дуо қилар. Билмасам,

Наҳот энди то маҳшаргача

Юз-кўзларим ёшдан бўлар нам!

Рус тилидан Ғулом Мирзо таржимаси