“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 261 марта кўрилган.

БИР КЎНГИЛ ҚОЛАДИ ҚОЛСА ҲАМ МЕНДАН...

Шавкат РАҲМОН

БИР КЎНГИЛ ҚОЛАДИ ҚОЛСА ҲАМ МЕНДАН...

ДАСТХАТ

Гўзаллик, покликдан уялиб,

қисилиб, қимтиниб турасан,

қоп-қора деворга суяниб,

ёп-ёруғ хаёллар сурасан.

 

Илоҳим, тонг каби юзингга

ҳирсланиб, ҳезланиб боқарлар,

кўзларин қоқарлар кўзингга,

қалбингни азоблаб ёқарлар.

 

Йиқилма, ўзингни ушлагин,

отсинлар жаҳолат тошини,

лабингни қаттиқроқ тишлагин,

кўрсатма кўзларинг ёшини.

* * *

Кўп йиғлама,

оғрийди бошинг,

ахир бахтли бўлмоғимиз шарт.

Ёмон бўлар агар кўзёшинг

тугаб қолса, келгунича Бахт.

Кўзёшингни сочма тунларга.

асраб қўйгин яхши кунларга.

ЎЗГАЛАР ДАРДИ...

Қушчалар,

сайроқи қушчалар

қафасда бўғилиб сайрашар,

бетоқат потирлаб симларга

ўралган оламга қарашар...

Қушчалар,

озодруҳ қушчалар

оламдан кўзларин узмайди,

чирқираб ўзларин ҳолимас,

ўзгалар ҳолига бўзлайди.

ХЎРСИНИҚ

Тоғ хўрсиниб юборди оғир —

водийларга югурди шамол,

юзларини яширди ҳилол.

 

Тоғ хўрсиниб юборди оғир,

теран хобдан уйғонди юрак,

тоғлар каби хўрсинмоқ керак.

 

МУҲАББАТ

Муҳаббат — чиройли капалак,

қўрқаман шўрликни тутгани.

Капалак қувганим ёдимда,

ёдимда йўқ аммо етганим.

 

Юрагим ранжиган боладай

на эрмак, таскинга кўнади.

Муҳаббат — чиройли капалак,

ҳали ҳам гулларга қўнади.

 

Ортидан ҳаллослаб чопаман,

хижолат бўламан ғўрликдан —

қанчалик югурмай, барибир

орқада қолардим шўрликдан.

 

ДЕНГИЗ

Ечар мовий кўйлагини қиз,

нафаси-ла маст қилар ёзни,

қумкўйлагин кияру ҳолсиз,

сочтурмагин соҳилга ёзди.

Тикилмаса қуёш мунчалар —

май мисоли кўпирар қони,

лаб босади қизил ғунчага,

сўнг унутиб қўяр дунёни.

 

Пистирмада турган шамол-чи,

тўсатдан бир фитна ўйлади,

рақсга туша бошлар ҳаёсиз,

кийиб олиб мовий кўйлакни.

 

ҚИЙИҚ

Унча қув эмасди шекилли, фақат

кўзлари ғалати кулиб турарди,

ўзини хотиржам тутарди, аммо

негадир юраги каттиқ урарди.

 

Гоҳо оқ, гоҳида қизил кўйлакда

бир неча кунимга кириб чиқди у,

кўзларин ўйнатиб кулган чоғида

жуда ҳам ярашиб кетарди кулгу.

Мен сезмай қолибман, ўйноқи кўзи

юракнинг тубига бориб етибди,

жарангдор ва сирли кулгисин, айёр

дағал кунларимга осиб кетибди.

ЛАҲЗА

Хазонга айланди кунларим...

Мотамда тургандай боқаман.

Фасллар тўқнашган лаҳзада

хазонлар тўпини ёқаман.

Кўзларим ачишар, бехосдан

юрагим, қўлларим титрайди.

Аланга олмайди кунларим,

тутайди, оҳ, мунча титайди.

* * *

Кун сайин озади юрагим,

кун сайин вужудим семирар.

Юракни ёлғизлик эзади,

вужудни лаҳзалар кемирар.

Соғинчлар

шамолдай оқади

юракка кўринмас роҳлардай.

Қайси бир қаватда — вужудим,

юрагим тунайди тоғларда.

 

ҚАСАМ

Шавкат Раҳмон деган 

бир ўжар шоир,

бир куни қайтадан яраладими?

Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,

сайладим сўзларнинг

сараларини.

Ҳар бир сўз 

юз сўзнинг ўрнини босар —

Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.

Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,

ҳар бири бахш этар

руҳимга шодлик.

Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,

пуштиранг пардали минглаб дарчадан

мўралаб ўтирган гўзал сўзларни,

қолдириб кетаман энди барчага.

Аслида атиргул бўйин таратган

бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.

Менга нондай зарур, қиличдай кескир,

заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир.

Сайладим сўзларнинг сараларини,

курашлар шамоли кирди назмимга.

Юртимни кезаман, 

энди ҳар нарса —

эгилган нарсалар тегар ғашимга.

Энди ишлаш керак бу кенгликларда,

токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,

токим буюк тоғлар салтанатида

эгилган бошларни

қиличлар кессин.

* * *

Яшамоғим зарур

Ҳар дақиқани

Ғазаб билан, севги билан тўлдириб.

Дунёдаги барча қора нарсани

Ёруғ лаҳзаларда ўлдириб.

Токим

Бош кўтариб қарай қўёшга,

Токим кўзларимда ёнсин ҳақиқат,

Токим тош мисоли тегмасин бошга

Мен яшай олмаган

Ҳар бир дақиқа…

 

МЕНДАН НИМА ҚОЛУР…

Умр — қумсоат ҳам

яримлаб қолди,

кўнглим тўлгани йўқ билганларимдан.

Ёдимни оғритар кечирганларим,

кўпдир қилмаганим қилганларимдан.

Кечалар тобора ойдинлашади.

кўзингда қуёшнинг чечаги сўлмас,

яшагинг келади,

фақат умрни

қумсоат сингари тўнкариб бўлмас.

Гўзаллар ёдимдан ўчдилар бир-бир,

дўстларим бағримдан кўчдилар бир-бир,

йилларим узилиб тушдилар бир-бир,

фақат бу кўнгилни тўлдириб бўлмас.

Кун келди,

оҳларинг учадиган кун,

юрагинг оламга сиғмайдиган кун,

юзингни босганча ернинг юзига

силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.

Кимни бахтли қилдим,

кимни умидвор,

кимларга кўнглимни ёриб сўйладим.

Қўлимни бердимми мозий қаъридан

чўзилган саноқсиз ожиз қўлларга?!

Қуёш даласида эгилганларнинг

енгилроқ қилдимми оғирлигини?

Айтдимми кимларнинг асл дўстлигин,

кимларнинг ҳақиқий ёғийлигини?!

Кун келди —

бошингни эгадиган кун,

ҳаттоки ўзгалар гуноҳи учун

юзингни босганча ернинг юзига,

силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.

Менда нима қолур,

абадий нурлар

барқ уриб яшнаган дунё томонда?

Уриниб-суриниб, сира тўлмаган

бир Кўнгил қолади

қолса ҳам мендан…