“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 442 марта кўрилган.

БАХМАЛНОМА

Яҳё ТОҒА

БАХМАЛНОМА

Аср бошида Жиззах вилоятининг Бахмал туманига ижодий сафарга бориб, ажаб сабабларга кўра, бир неча кун қолиб кетишимга тўғри келганди. Шукрким, яхшиларга ёндашмоқ насиб этди. Баҳонаи сабаб, эл билан тиллашиб, шу юртнинг кечаги куни, бугуни ҳақида; ажойибу ғаройиб одамлари ҳақида турли ҳангомалар эшитдим; қатор тарихий ҳужжатлар билан танишдим. Сал кейинроқ таассуротларимни қофияга солмоққа азму ихтиёр айладим. Алалоқибат, ушбу чалароқ қасида дунё юзини кўрди. Борига бозор... Марҳамат айлагайлар!

 

Эҳтиром ила муаллиф.

 

Булутларга ёндашади Ойқордай —

Осмонўпар ҳар хирмони Бахмалнинг.

Кийик қувлаб тоғ ошади олқордай —

Қўрқув билмас нар ўғлони Бахмалнинг.

 

Чўққилари ялтирар қор бағрида,

Қатор-қатор битиклар ғор бағрида.

Амир Темур боғлари бор бағрида,

Қадамжодир ҳар макони Бахмалнинг.

 

Ўсмат1 — баъзи муаррихлар наздида —

Усмон ота деганимиш аслида...

Не бўлса ҳам, бугун гуллаш фаслида

Сарюзию ғаллакони Бахмалнинг.

 

Номлар ажаб: Қорашақшақ, Илончи,

Тангатопди, Пайтавабош, Чулончи.

Беккелди-ю Эшакўлди, чунончи,

Юмалоқбош, оломони Бахмалнинг.

 

Кўринг, бу не дабдабаю асъаса,

Ривож топмиш — ҳисоб, кимё,

ҳандаса...

Замонларнинг кўкрагига васваса

Солиб турар усрушони Бахмалнинг.

 

Ноғораю карнай-сурнай вадаванг

Бунда кечмиш не-не суриш,

не-не жанг...

Барчасига шоҳид Хўжа Кўндаланг

Ҳамда Кўҳи Орифони Бахмалнинг.

 

Искандардай подшо ҳам от солдирган,

Яроқ билан келиб, юрак олдирган...

«Оқ»у «Қизил» — барин доғда

қолдирган

Гоҳ қўзғолон, гоҳ исёни Бахмалнинг.

 

Тўп овози келар минг йил наридан,

Тинглар Тагоп, Жўм-жўм, Мўғол, Вадиган...

Балки, ёвга ҳануз тарих қаъридан

Тошлар отар палахмони Бахмалнинг.

 

Парво қилмас пўписаю дўқларга,

Лозим эрса, кўксин тутар ўқларга...

Оппоқ бир нур таратади кўкларга

«Минг бир кўз»2 лик Оққўрғони Бахмалнинг.

 

Булоқлари бўйлар «Оби зам-зам»ни,

Сийлар билиб маҳраму номаҳрамни...

Саййид Аҳмад — ул Маҳдуми Аъзамни

Пир тутмишдир мусулмони Бахмалнинг.

 

Отарига сиғмас эчки-улоғи,

Шошга етар сувининг бир қулоғи.

Шифо топган Биби Навқа булоғи —

Бобур учун — Андижони Бахмалнинг.

 

Жаллодлари баланд қурган дорин,

Кимса билмас қирққизининг ёрини.

Тошдан қаттиқ сақлагайдир орини

Қўрғончаю Тошқўтони Бахмалнинг.

 

Қорабулоқ Қатортолга тўкар ёш,

Не сирларни сақлар Оқтош, Қоратош?

Шоҳ Машрабнинг изларига урар бош

Имомқулбой бўлиб «Хон»и Бахмалнинг.

 

Сангзор, Навқат, Данғара — ҳар

гўшасин,

Йўлларига келинлар гул тўшасин.

Беги, қули, қорасию хўжасин

Омон сақлар қирқчилтони Бахмалнинг.

 

Бир юмушни бунда ёшу чол қилар,

Тўйга атаб қўра-қўра мол қилар...

Лек, Астробод иқлимин ҳам лол қилар

Кузу қиши, саратони Бахмалнинг.

 

Мулла Дўстбек ёхуд мулла Музаффар

Москваю Петербургга дарс берар.

Аммо, аслин сўрасангиз, биродар,

Улар оддий бир чўпони Бахмалнинг.

 

Улоқ чопар санъаткору мироби,

Ҳар ёғийнинг тўғирланар суроби.

Раббим, Асад, Тўлқин, Ўриш, Туроби —

Бари чайир паҳлавони Бахмалнинг.

 

Бири султон, бири шаҳриёр эди,

Бири лордлар қаторинда сор эди.

Муса Тўра, Мирзакарим Норбеги —

Ҳам шамшири, ҳам қалқони Бахмалнинг.

 

Боболари от чоптириб елгандур,

Момолари ип ўтказиб, терган дур.

Доим элнинг бошин силаб келгандур —

Ҳар ҳокими, ҳар султони Бахмалнинг.

Юртдан чиққан яна битта Ҳотамтой,

Халқ бой бўлсин! — дер

Маматқул Қаршибой.

Шу тахлит от суриб ўтган ҳойнаҳой,

Эргаш, Раҳмат, Арслони3 Бахмалнинг.

 

Гарчи, бу халқ марду танти, жайдари,

Адолатли бўлмоғи шарт раҳбари.

Ҳатто, рассом Исфандиёр Ҳайдари —

Отилмоққа шай вулқони Бахмалнинг.

 

Игна билан қудуқ қазиб ҳалак, ҳей,

Олимлари ёзиб борар палак, ҳей.

То айланар экан чархи фалак, ҳей,

Айлангай фан тегирмони Бахмалнинг.

 

Ибрат бўлсин, дея, шоҳу гадоға,

Илм йўлинда жонин этгай садоға —

Акрам Катта, Ҳабибулла Бек оға,

Мамаюнус, Олимжони Бахмалнинг.

 

Исроилу Америка солар жар,

Келаётир қирққишлоқлик Қаландар!

Қаюмовлар, Мардон Бойзоқ, Ҳасанлар —

Сарҳад ошган қорбўрони Бахмалнинг.

 

Шер Нурали Қобул асар боплагай,

Китобхони кетмонини соплагай.

Ўроқ тиғин нафасида тоблагай —

Оташнафас ҳар деҳқони Бахмалнинг.

 

Шароф Бошбек ва Абдулла Қўшбоғи,

Вилоятнинг порлаб турган маёғи.

Мудом, кўкни қучсам, дейди, буёғи,

Лочини-ю полапони Бахмалнинг.

 

Ижод қилар пойтахтга қасдма-қасд,

Маликаю Зебуннисо басма-бас...

Шогирдларин қўллаб турар забардаст

Устоз Тўра Сулаймони Бахмалнинг.

 

Таъриф излаб Барлос, Калтатойларга,

Хумор боқдим юлдузларга, ойларга...

Саййид Азим4, мезбон Асадбойларга5

Аталди сўнг бул достони Бахмалнинг.

 

Ичда кўп гап қолиб кетди ичқизир,

Олинмади тилга кўплар, минг узр!

Ҳамроҳингиз бўлсин Ҳазрати Хизр,

Эгам ўзи Меҳрибони Бахмалнинг!

 

Кўп алқаган сизни шоир, бахшилар,

Мен ҳам бир сўз айтмак бўлдим,

яхшилар.

Маъзур тутинг, сал ҳаддидан ошса гар,

Яҳё Тоға — Бир меҳмони Бахмалнинг!

 

Ҳар меҳмони — дуохони Бахмалнинг!