“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 382 марта кўрилган.

ҲАР НАФАС БЎҒЗИМДА ҚАЛҚИЙДИ ЖОНИМ

Шавкат ОДИЛЖОН
 
ҲАР НАФАС БЎҒЗИМДА ҚАЛҚИЙДИ ЖОНИМ
 
* * *
Сайёдман,
Сайёдлик мерос тоабад,
Дунё кезаяпман балки кечикиб. 
Юкунсам бир сенга юкундим, фақат
Яшасам, яшадим сенга ичикиб. 
Ҳар нафас бўғзимда қалқийди жоним,
Гўзалликда сени этдим тасаввур. 
Ўзингсан омонат қорачиғимга
Тоғу тошни чизган моҳир мусаввир. 
Мен эса руҳ ва тан ичра талошман, 
Бугунга етишиб келдим тупроқдан. 
Ғазабман, сабрман, ҳаво, кўзёшман, 
Одамга айландим унсурлар билан. 
Амалсиз,
Аъмолсиз ваҳшат комига
Ғарқ бўлиб кетмасми дунё,
Илоҳим? 
Ахир, бу бекишан забоним билан
Жонингга тегдимми сенинг, Худойим? 
Жаннат, Дўзах, Аъроф
Ипдан игнаси
Сенга дахлдордир туну тонгидан. 
Номинг такрорласам сезаман ўзни
Онадан туғилган каби янгидан. 
Шукр, не сўрадим, 
Етдим барига. 
Кўзим учса фақат яхшилик бердинг,
Чап кўксимга ишқу савдони бердинг,
Оқ тонгларни бердинг, ялдони бердинг. 
Сендан неки олдим, 
Сени туш кўрдим, 
Тушда капалакни жуда хуш кўрдим.
Тонгдан шомга қадар сенга, Худойим, 
Тазарру қилишни буюк иш кўрдим. 
Бироқ ҳар амалим ўзимга душман  
Эркдан бунёд этганмисан сан мани? 
Озод қушман,
мен озод қушман, 
Учишни ўргансам бўлгани...
 
 
* * *
“Кетманг” деди, узоқ ялинди, 
Мен ўзимни солдим лоҳасга.
Юрагимнинг ярми тилинди 
Ва ўзимни ирғитдим пастга.
Тез орада қайтаман, дедим, 
Зирқирарди ҳар битта толам.
Мен ўшанда жуда ёш эдим, 
Кўринмасди кўзимга болам.
“Қайтаман, деб сўз беринг”, деди, 
Ниманидир ҳайқириб айтдим.
Қайтдим! Қайтмоқ кўп оғир эди, 
Мен ўзимни йўқотиб қайтдим.
Энди виждон қийнайди мени, 
Қандай чиқай ахир бу жардан? 
Не фарқим бор минг ваъда бериб,
Урушдан қайтмаган аскардан?
“Кетманг” деди, қолсайдим шу тоб, 
Ўйларимнинг бари ҳавойи.
Болам – шеърим, ялинган – китоб,
Фақат чорлаганди Навоий.
 
 
* * * 
Дардларимни, ичга ютдим ҳаммасини, 
Бутун умр гўё азоб тортгандайман. 
Кўтаролмай ўз аксимнинг ҳамласини 
Ич-ичимдан нураб бораётгандайман. 
 
Билмайсиз-да, менда майда дардлар эмас,
Оламшумул изтироблар берган из бор. 
Ҳаётимда фақатгина гардлар эмас, 
Оламларни қамал қилган битта қиз бор... 
 
Дард ғариби, юз сориғи бўлдим нетай, 
Эс-ҳушимдан, бор-йўғимдан қилгин жудо. 
Ич-ичимдан нураб бораётганимда, 
Ич-ичимда мени бунёд айла Худо!
 
 
* * *
Ғамга ботиб қолганман буткул, 
Илдизимдан новдамга қадар. 
Менинг топган ҳақиқатим шул: 
Ярим шоҳман, ярим дарбадар.
Жонга тегди куйиб яшамоқ, 
Айро ҳисни туйиб яшамоқ, 
Суймаганни суйиб яшамоқ, 
Ярим тоқу ярим жуфт қадар...
Тонгда Ҳаққа номалар йўллаб, 
Гоҳи сўлиб, гоҳида гуллаб, 
Гулингни бой берсанг қўш-қўллаб, 
Ярим армон, ярим бахт, агар...
Йўл бошласа тириктовонлар, 
Йўлинг тўсса яхши-ёмонлар, 
Келар бир кун кутган замонлар, 
Ярим сабр, ярим йўл, сафар...
Кутганингда кутилмаган иш, 
Ҳаётингга мазмундир ташвиш, 
Насиб қилса севиш, севилиш – 
Ярим ҳижрон, ярим висоллар...
Гулдай қизга назар солибман, 
Муҳаббатга мангу толибман, 
Ярим мағлуб, ярим ғолибман, 
Ярим аниқ, ярим таваккал...