“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 543 марта кўрилган.

МЕНИНГ ЮРТИМ ТАНҲО, ВАТАНИМ ТАНҲО!

Олимжон ЎСАРОВ
 
МЕНИНГ ЮРТИМ ТАНҲО, ВАТАНИМ ТАНҲО!
 
ВАТАН ТУПРОҒИ
Ҳар гал қишлоғимга борганим чоғи,
Бир туйғу дилимни титратар чунон.
Болалигим кечган Ватан тупроғи
Тафтидан жўшгайдир томиримда қон.
 
Бутун вужудимда шижоат, ғурур,
Она эл бағрида яна боламан.
Шиддатини инъом этган Булунғур
Сувидан сипқориб ҳузур оламан!
 
Қўй-қўзи боққаним қиру адирлар
Майсалардан турфа гилам тўшайди.
Ҳар гиёҳ, ҳар майса суюк, қадрдон,
Подачи болалар Менга ўхшайди.
 
Ногaҳон кўзимда жилва қилар дур,
Бу соғинч ёшими, севинчмикан ё,
Кўнглимга қуйилар илоҳий ғурур,
Менинг юртим танҳо, Ватаним танҳо!
 
Омон бўл, эй Она маскан, бешигим,
Мен ҳамон болангман, Сенга хуморман.
Сенинг дуонг билан бахтга эшлигим,
Сенинг бахтинг кўриб, Мен бахтиёрман!
 
МЕНИНГ БАХТИМ
Мени Мажнун атаб баъзи дўстларим,
Ортиқча мурувват кўрсатар ҳар дам.
Рост, қалбда армон кўп, лек азизларим,
Эрурман дунёда энг бахтли одам.
 
Бахтлиман — қўлимда ҳамроҳим қалам,
Қалбимда минг орзу ҳар тонг туғилар,
Суйганим ўша қиз тушда бўлса ҳам,
Бир даста гул ила нозланиб кулар.
 
Мени сира ғамгин деманг, дўсту ёр,
Бошида Сарбоним, ҳур Ватаним бор.
Ёнимда Сиз каби дўстларим бисёр,
Юксак давраларда топдим эътибор.
 
Баҳорий боғлари дунёга машҳур,
Бахтлар водийсида туғилган бўлсам,
Ва юрт соғинчини билмасдан, шукур,
Ҳар лаҳза элимнинг камолин кўрсам,
 
Бу менинг бахтимдир, билинг,
дўстларим...
 
ЮЗДАГИ ЁЗУВЛАР
Инсоннинг ҳаёти жуда мураккаб,
Қувончлар, ташвишлар юзда мужассам.
Онам чеҳрасига тушган чизиқлар
Бундан дарак берар зимдан қарасам.
 
Лек ўқий олмасман бу ёзувларни,
Сўзбоши даладир, ё балки пахта.
Эҳтимол, меҳнат деб ёзилганмикан
Юрган йўлларидан қолган харита.
 
Эҳтимол табиат нисор айлаган
Жаннатий аёлга эҳтиромдир бул.
Чунки шу ёзувга тикилганимда,
Волидамга меҳрим ортади нуқул.
 
ИШҚ МАДҲИЯСИ
Кулбам узра қамар нур сочди яна,
Бахтнинг ҳидларига тўлди жаҳоним.
Армон бу кун менга буткул бегона,
Энди Сен меники,
меники,
жоним.
 
Тошларда кўз очган майсалар — умид,
Муҳаббат юртида сузмоқда қоним.
Бир кам бу дунёда барчаси мавжуд,
Энди Сен меники,
меники,
жоним.
 
Гўдак ингасидек ростдир ҳар сўзим,
Асрларга татир бу бахтли оним.
Қувонч ёшларига очундир кўзим,
Энди Сен меники,
меники,
жоним.
 
Булбуллар хониши — ишқ мадҳияси,
Ҳумо қуш кўзлари — Ватаним, шоним.
Либосинг — оппоқ тонг — Тангри ҳадяси,
Энди Сен бир умр
меники,
жоним.
 
МЕҲР СЎРАБ, МУҲАББАТ СЎРАБ
Қиш...
Изғирин совуқ...
Тонг энди отган...
«Туф» десанг тупугинг музлаши тайин.
Лек бозор қизиган, одам минглаган,
Ким олар, ким сотар — изоҳлаш қийин.
 
СИЗ ҲАМ КЕЛМОҚДАСИЗ...
(Дунё, бу — бозор)
 
Йўл четида титраб ўтирмиш одам.
Садақа тиланиб қўлларин чўзар...
Тўхтанг!
Улар ичра турибман мен ҳам...
 
Дўмбоқ бир хоним-ла келаётибсиз,
Кимгадир узатиб арзимас чақа.
Ғамлар ўлкасидан ўтаётиб, Сиз
Ўйлайсиз: аслида дунё шунақа!
 
Нетай, тақдиримиз шундай ёзилган;
Еб қўйгудек менга боқдингиз, ё раб!
Кесманг...
қўлларим...
олдга чўзилган,
Фақат меҳр сўраб, муҳаббат сўраб! 
 
АРМОН
Юлдуздай ногаҳон сўна бошлади,
Болаликнинг бебош орзуси бир-бир.
Шиддатим илинжга дўна бошлади,
Ҳамроҳга айланди ёлғизим — сабр.
 
Хира тортиб кўзлар, ўчди хотира,
Тиззалар қалтираб, қуриди мадор.
Тарк этди тишларим, қўнди бошимга,
Ердан ёғаётган беаёв оқ қор.
 
Энди қисматдошим, сўнги дўст-юрак,
Кетмоққа шошмоқда... этаяпман ҳис.
Лек ҳамон тушимга кириб чиқади
Суйганим, мактабдош, ўша сулув қиз...