“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 356 марта кўрилган.

САРҒАЙГАН БОҒЛАРНИНГ ХАЁЛИДАМАН...

Ҳалима АҲМЕДОВА

 

САРҒАЙГАН БОҒЛАРНИНГ ХАЁЛИДАМАН...

        ОНАМНИНГ ҚАЛДИРҒОЧЛАРИ

Онам қалдирғочларни яхши кўрарди,

Баҳорнинг уйига шошилиб бораётган

дарахтнинг севгиси билан

Офтобрўяни соғинган чумолилар Соғинчи билан

Ва тонгга талпинган саболар илинжи билан

Уларни суярди... уларни соғинарди...

 

Ҳали тарновдаги музлар эримай,

Ҳали қуёшнинг бегона уфқларга сафари

тугамай туриб,

Қалбига райҳоннинг уруғини экарди онам.

Худди олисдаги болаларини илҳақ кутаётган

Онадай,

Ёки бахт кутиб чарчаган бир бебахтнинг

Орзуларидай

Уларни ичикиб-ичикиб кутарди.

Балки дунёдаги энг хушбахт байрам –

Қалдирғочлар қайтган кун –

байрами эди онамнинг.

 

Баъзида ҳасадим келарди қалдирғочларга,

Улар онамнинг меҳрини ўғирлаётгандек

Онамдан аразлаб сўрардим гоҳо:

 – Нега қалдирғочларни яхши кўрасиз?

Кўзларини фалакка тикиб:

Улар Худонинг севимли қушлари,

Ҳар йил баҳорда

Худонинг кўзидан сув ичиб қайтади,

дер эди онам.

 

Онам жуда озода эди,

Қалби нурлардан ҳам кўп тоза эди.

Уйимиз юзига қалдирғочлар сочган хасларни,

Гул тергандай терарди онам.

Бошидан айланиб-айланиб учса,

Уларга жонини берарди онам.

Мен унда билмасдим, онамнинг кўнгли

Қалдирғочлар наслидан эканлигини.

Мен унда билмасдим онамнинг умри

Меҳрнинг фаслидан эканлигини...

 

Онам пахта саваётганда

қанотларин ёйиб

Учаётган қалдирғочга ўхшаб кетарди,

Онам учиб кетмаса, деб жуда қўрқардим.

Бир тун учиб кетди онам, ҳеч кимга айтмай.

Ўшанда бизлардан кўпроқ

қалдирғочлар йиғлади.

Силкиниб-силкиниб ҳам оғочлар йиғлади.

Энди ҳар йил баҳорда, Худонинг кўзидан сув ичиб,

Қайтган онам қушларидан

Мен ғариб сўрайман,

Сарғайиб сўрайман:

Сиз онамни кўрмадингизми?!

 

                       * * *

Сен дединг: “Уфқни ясантирамиз,

Эгнингга қуёшни кийиб олгин, бўл…”

Боқдим,

само ва ер оралиғида

Жуда гўзал эди ўша йўл.

Мен дедим: “Уфқни алдаб бўлмайди

Ишқимиз жуда оз, ёлғон эса мўл”.

Қарадинг,

кўзингда жон берди дарё,

Жуда олис эди ўша йўл.

 

 

                       * * *

Эй менинг кўнглимни

Олов саҳронинг –

Лайливаш тушига бадарға этган.

Эй менинг жонимда яшаб туриб ҳам –

ўаним сари кетган,

ўам сари кетган.

Минг йиллик майдайин –

Дилим қонини

Эй тамшаниб тотган,

Ичикиб тотган.

Эй гавҳардай асраб тили остида –

Мени қоп-қоронғу тунда йўқотган…

Мен ҳали

Мен ҳали топилганим йўқ,

Гоҳ япроқ, гоҳида чумолидаман.

Қарғалар чўқиган олмада,

баъзан,

Сарғайган боғларнинг хаёлидаман.

Мени чақириб ол,

мени йиғиб ол –

Оёқлар остидан битта-битталаб.

Эй парвона тилин

ишқнинг тили деб,

Адашган, янглишган кўҳна ишқталаб.

Гулламоқчи эдим,

Само боғида,

То ҳануз,

То ҳануз гуллаганим йўқ.

Сен мени йўқотиб қўйган лаҳзангдан –

Туш кўриб яшадим…

(Ухлаганим йўқ.)

Эй моҳир қўллари қўлига тегмай,

Қисмат бозорида савдо қилгувчи.

Тош каби юракни юракка уриб,

Чақнаган оловда ғавғо қилгувчи.

Сенинг ошиқларинг тонгдан келарлар,

Менинг ошиқларим куздан, бегумон.

Томиримда чертсам “Чўли Ироқ”ни,

Қошимга югуриб келар биёбон.

Ҳой бахт, деб, чақирсам,

қайрилмагайсан.

Боқмасдан кетарсан киборларга хос.

Сени чорламадим, йўқламадим ҳам,

Мен сенга шунчаки талпиндим, холос.

 

 

                                       *  *  *

Берган ҳар кунингни кечирдим жондан,

Яшаш гуноҳ бўлса шудир гуноҳим.

Исмингни пичирлаб қилдим ибодат,

Мендан ўтган бўлса кечир, Аллоҳим.

Ўзингни ғарқ айлар кўз ёшинг дединг,

Сенга онт ичганман йиғламасликка.

Менга тупурсалар юрагимни еб,

Қандай чидай ахир бундай пастликка?!

Гарчи қарғамадим заминни муштлаб,

Уларни мен сенинг қаҳрингга солдим.

Ўзимдан чарчаган ўзимни олиб,

Мунаввар нигоҳинг ичра йўқолдим.

Гоҳо хазон бўлиб тушдим кафтингга

Дўзах оташини ёққанда оҳим.

Майдай дардим билан ҳуда-беҳуда

Мен сени безовта қилдим, Аллоҳим.

Энди тортинаман бир сўз демоққа,

Тоғдай оғирлашиб бормоқда лошим.

Аллоҳ, номинг айтиб йиқилсам бир кун –

Пойингга оғирлик қилмасми бошим?

Берган ҳар кунингни кечирдим жондан…

 

 

                       *  *  *

Кўз ёшингни артиб ол дея,

Хазонини тутади дарахт.

Мени кузга топшириб қўйиб,

Сен қайларда қолиб кетдинг Бахт?

Бунча узун нолишинг, шамол,

Нега бунча титраяпсан, гул,

Нур ва зулмат, гул ва хазоннинг

Қисматига тўлдингми, кўнгил.

Дарахт, менга боқма ачиниб,

Бахтсизманми, бахтнинг қасдида

Мен ўзимни шундай юпатай

Йиғлаётган осмон остида.