“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 324 марта кўрилган.

Ёзни ёлғизлатиб, кетдим кузакка...

Мансур ЖУМАЕВ

                       САҲРО БАҲОРИ

Биз бахтиёр эдик,

биз шодон эдик,

ҳурлар олиб қочиб хаёлимизни.

Осмон юлдузларга тўлган кечада

апрель ўғирлади баҳоримизни.

 

Хаёлларни юлиб отди гармсел;

тилакларни тилка айладим.

У-чи,

бўстонимда қолиб кетди у –

гулга айланиб...

 

Август булоғидан симирдим сафо,

соч силатиб кездим шўх елвизакка.

Тағин мен беомон,

мен бир бевафо,

ёзни ёлғизлатиб,

кетдим кузакка...

 

Энди яна шодон бўламизми?

Айт!

Шабнам безармикан наҳоримизни?!

Қайтиб берармикан бизга яна март

апрель ўғирлаган баҳоримизни?!

 

                       СУЖУД

Мен сўзга сажда қилдим,

мен сизга сажда қилдим,

қалб қанотин қайирган

бир қизга сажда қилдим...

Кўксим кўкламга ватан,

туроб вужудимга тан,

Ватан сужудимга тан,

танамда томир ёйган

илдизга сажда қилдим.

Тупроқ, менинг онамсан,

титроқ, менинг онамсан,

Ватан, менинг онамдан

кўпроқ менинг онамсан!

Она, азизим ўзинг!

Яна азизим Ўзинг!

Изларингни ўпган ер,

отизга сажда қилдим.

Шароб тутган кўзага

лаб босганча бўсага,

товонингни тусаган

ялпизга сажда қилдим...

Она!

Ватан!

Ёру Eр

ва дилим зиндонида

занжирларин узган шеър,

мен сизга сажда қилдим...

мен сизга сажда қилдим...

 

                       АДИРДА

Қариб, бошин тошларга

урган каби бургутлар,

шамол чопди жонҳалак,

чодир тикди булутлар.

Қирлардаги тошларни

майсалар туртиб чиқди,

қуёш аранг булутлар

чодирин йиртиб чиқди,

қуёш ерни терлатди,

абри найсон тезлатди...

адирдаги қизғалдоқ

рухсорингни эслатди.

Қор эриди чўққида,

иссиқ кунда музладим.

Рухсорингни эслатган

қизғалдоқни узмадим...

 

БАҲОР ВА СЕВИЛИШ ЭРТАГИ

Том бошида лолақизғалдоқ,

ёр бошида киройи дўппи,

кўз ташлади – терс айланди ер

ва қалбимда қиёмат қўпди...

шундан кейин йиғлади осмон,

шундан кейин кулди майсалар;

ханжар-қилич киприклар чунон

юрагимга урди найзалар;

шундан кейин ботир қалтироқ

вужудимга инди жимирлаб,

фарёд урди момоқалдироқ,

ёмғир исмим айтди шивирлаб;

шундан кейин офтоб жилмайиб,

кўзларимга умидлар экди,

шундан кейин шодон шамолнинг

кокиллари кўксимга тегди;

шундан кейин сабзаранг боғлар

оғочларга битдилар калом

ва амома ўраган тоғлар

жилғалардан йўллади салом;

шундан кейин лазиз ёр лаби

капалакка айтди исмимни,

хаёл арқон узган от каби

олиб қочди жону жисмимни;

шундан кейин қалбим – муалло,

камалакка сўйлади асрор,

жон иплари сўтраб, музакко

дафтарларга сачради ашъор;

боқди менга сипо тоқилар

остидаги наврасида қиз,

шундан кейин боқий чўққилар

оёғимга келиб чўкди тиз,

кўксим кўкка бўйлашди шундоқ,

қучоғимда – киройи дўппи,

оёғимни қучди-ю тупроқ,

манглайимдан юлдузлар ўпди...

сўнг ҳилолдан сўрадим бўса,

ширин тушлар берди муанбар...

тун мустағрақ ухлаган эсам,

арслон бўлиб уйғондим саҳар.

 

                       САВОЛ

Забар эмас, зер бўлсам,

На қоплон, на шер бўлсам,

Тупроқ бўлсам, ер бўлсам,

Самога нима дейман?

 

Қуёшга боқолмай тик,

Яшасам бошим эгик,

Мағриб оғаю Машриқ

Бобога нима дейман?

 

Ўзимни ўйламасам,

Ўзимга сўйламасам,

Ўзимни кўрмасам-да,

Ўзимни тингламасам...

Ўзимни танимасдан,

Дунёга нима дейман?

 

Уйқум-ла овора тун,

Нафсимга парвона кун...

Ёниқ сўз айтмай бугун,

Фардога нима дейман?

 

Авжи йўқ садо эсам,

Бош эсам, адо эсам,

Мен ўзим гадо эсам,

Гадога нима дейман?

 

Мингни олиб, юз берган –

Мен – ўзидан юз бурган...

Илҳом берган, сўз берган,

Кўксимда уриб турган

Худога нима дейман?!

 

Худога нима дейман?!